Жиззах шаҳрида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки вилоят филиали иш бошлади
1994 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Трастбанк” мамлакатимиздаги йирик хусусий молия муассасаларидан биридир. Айни пайтда Жиззах вилоятида 3 та мини-банк фаолият кўрсатаётир.
1994 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Трастбанк” мамлакатимиздаги йирик хусусий молия муассасаларидан биридир. Айни пайтда Жиззах вилоятида 3 та мини-банк фаолият кўрсатаётир.
Жиззах шаҳри Шароф Рашидов кўчасида замонавий услубда барпо этилган вилоятдаги биринчи хусусий банк филиалининг очилишига бағишланган тантанали маросимда ҳокимлик, банк, молия муассасалари вакиллари, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 январдаги “Жиззах вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкининг филиали очилиши вилоят иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
– Вилоятдаги биринчи хусусий банк муассасасида фаолият кўрсатаётганимдан мамнунман, – дейди банкнинг етакчи мутахассиси У.Холманов. – Фаолиятимизда барча банк хизматлари кўрсатиш билан бирга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, айниқса, янги иш ўринлари яратишни молиялаштиришга устувор аҳамият берилмоқда.
Замонавий тарзда жиҳозланган янги бинода мижозларга тезкор ва қулай банк хизматлари кўрсатиш учун барча шароит муҳайё. Филиалда 35 мутахассис фаолият кўрсатмоқда.
Тадбирда филиал биносини белгиланган муддатда қуриб берган “Inco-construction” масъулияти чекланган жамияти қурувчиларига банк раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.