Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жиноятчиликнинг олдини олишда кинология хизматининг ўрни
15:20 / 2019-10-23

Ходимлар машинани яхшилаб текширганида ўриндиқ остида гиёҳванд модда борлиги маълум бўлди.


“Дўстлик” чегара пости орқали Қирғизистон Республикасидан юртимизга кириб келаётган О.Б. бошқарувидаги автомашина текширувдан ўтказилганда, вилоят ички ишлар бошқармаси кинология хизматининг “Линда” лақабли ити машинанинг ички салони ўриндиқ остида нимадир борлигини сезиб, хуришга тушди.

Ходимлар машинани яхшилаб текширганида ўриндиқ остида гиёҳванд модда борлиги маълум бўлди. Натижада 350 грамм миқдордаги гиёҳванд модда юртимизга олиб кирилишининг олди олинди.

2019 йилнинг 2 сентябрь куни эса Андижон туманида яшовчи фуқаро Э.Р.нинг яшаш хонадонида гиёҳванд модда сақланаётгани ҳақида хабар олинди. Тезкор гуруҳ томонидан хонадон кўздан кечирилганда, “Альфа” лақабли хизмат ити кўмагида молхонага яшириб қўйилган 437,3 грамм гиёҳванд модда борлиги аниқланди.

1.jpg

Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси кинология хизмати ходимларининг саъйи-ҳаракатлари билан аниқланаётган юқоридаги каби жиноятлар ҳақида кўп мисоллар келтириш мумкин.

2019 йилнинг ўтган 9 ойи давомида 400 дан ортиқ профилактик тадбир ҳамда 150 дан ортиқ жиноят қидирув йўналишида содир бўлган воқеа жойида тезкор-тергов гуруҳи таркибида кинолог ходимлар ўзларига бириктирилган хизмат итлари билан қатнашди. Соҳа ходимлари, хусусан, хизмат итлари кўмагида 80 дан ортиқ жиноятнинг очилишига эришилди. Бундан ташқари, “Қорадори-2019” профилактик тадбирлари доирасида хизмат итлари томонидан 10 дан ортиқ гиёҳванд моддаларини сақлаш ҳолати аниқланди.

Ҳозир вилоят ИИБ кинология хизматларида немис, Белгия, Шарқий Европа овчаркалари, “лабрадор” ва “спаниель” зотли итлардан фойдаланиб келинмоқда.

5.jpg

– Вилоят ички ишлар бошқармаси кинология хизмати ходимлари махсус тайёрланган хизмат итлари билан жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликни аниқлаш ва олдини олишда фаол иштирок этиб келмоқда, – дейди Вилоят ИИБ кинология хизмати бошлиғи, подполковник Дониёр Муродалиаев. – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 сентябрдаги “Ички ишлар органларининг кинология хизматлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан кинология хизматлари фаолияти самарадорлигини ошириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, қарор ижроси доирасида 2020-2022 йилларда ички ишлар органларининг хизмат итлари наслчилик питомниги ҳамда кинология гуруҳлари объектларини қуриш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Дастурга кўра, Балиқчи, Асака, Қўрғонтепа туманларида хизмат итлари наслчилик питомниги ҳамда кинология гуруҳлари объектлари барпо этилади. Шунингдек, вилоят ИИБ кинология хизмати учун 10 дан ортиқ енгил автомашина ажратилиши белгиланган.

Кинология хизматини ривожлантириш натижасида жиноятчиликнинг олдини олиш ва аниқлаш ишлари самарадорлиги янада ортади.