Жиддийроқ баҳс-мунозаралар даври келмадими?
“Миллий тикланиш” демократик партияси нашрида эълон қилинган ушбу мақоланинг бунчалар овоза бўлишига нима сабаб бўлди?
Мана, бир ҳафтадирки, “Миллий тикланиш” газетасининг 11 март сонида эълон қилинган “Нега партия фракциялари ўз позицияларни эълон қилмаяптилар?” сарлавҳали мақола ижтимоий тармоқлар ва ахборот агентликлари томонидан ҳам кенг ёритилиб, обуначиларга “кутилмаган янгилик” сифатида тақдим этиляпти.
Хўш, “Миллий тикланиш” демократик партияси нашрида эълон қилинган ушбу мақоланинг бунчалар овоза бўлишига нима сабаб бўлди?
Шуни қайд этиш жоизки, бундан икки ҳафтача аввал facebookнинг “Депутатлар минбари” блогида ана шу мақола эълон қилинди. Унда бирон-бир партия ёки партия ғоясининг на ҳимоя ва на танқид қилинмаганини, яъни мақолада кўтарилган масалага холис ёндашилганини кўриб, газетамизда чоп этишга қарор қилдик. Аммо саҳифалаш жараёнида техник ходимларимиз хатоси билан мақолага бошқа муаллиф имзоси қўйиб юборилади.
“Миллий тикланиш” ижтимоий-сиёсий газетаси ушбу хато учун мақола муаллифи бўлган ALTURIUS телеграм каналидан расман узр сўрайди.
Биз ана шу хато туфайли “Адолат” газетаси ва бир қатор ижтимоий тармоқларда газетамиз ва ҳатто партиямиз шаънига билдирилган танқидий фикрларга ҳам эътибор бермасликка қарор қилган эдик.
Аммо “Адолат”чиларнинг айрим телеканаллар орқали чиқишлар қилиб, юқоридаги ҳолатни “йил воқеасига” айлантиришга уринаётганларини кўриб, реал ҳолатни ўқувчиларга тушунтиришимиз лозимлигини англаб етдик. Чунки “Адолат” газетасининг 13 март сонида эълон қилинган “Очко” ишлашнинг “Миллий тикланиш”ча усули” мақоласидан ташқари баъзи ижтимоий тармоқлар ҳамда ЎзА сайтида газетамизда йўл қўйилган хато бир четда қолиб, партиямизнинг ўтган сайловлардаги фаолияти ҳам таҳлил этилди. Хусусан, “Адолат” СДП матбуот хизмати имзоси билан эълон қилинган ахборотларда “Сайловлар вақтида “Миллий тикланиш” демократик партиясининг бош шиори ва у томонидан олиб борилган PR компания Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партиясиникидан кўчирилгани тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар қизғин муҳокама қилинган эди. Бу ҳолат партиянинг сайловдаги имижига ҳам салбий таъсир қилмай қолмади” дейилади.
“Адолат”чилар бир масалада ҳақ гапни ёзишибди. Балким чиндан ҳам сайловлар пайти юқоридагидек фикр-мулоҳазалар орқали партиямизни ёмонотлиққа чиқаришга уриниш ҳолатлари бўлмаганида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 36 та эмас, кўпроқ ўринни эгаллармидик…
Аммо ўтган ишга саловот, деганларидек, бугун “Миллий тикланиш” ўтган кунларни эмас, келажакни ўйлаганча, тизимли фаолият олиб бораяпти. Сайловчилар талаби, сайловолди дастуридаги устувор йўналишлар асосида режали ишлар амалга оширилмоқда. Лекин беш қўл баробар эмас экан. Сиёсий партиялар олдида долзарб вазифалар турган бир пайтда…
Очиғини айтиш керак: юқоридаги хато “Адолат” учун шунчалар қувончли лаҳзалар, ширин онлар ҳадя этишини тасаввур қилмагандик. Акс ҳолда улар болалардек қувониб, бутун бошли сайлов тарихини бу қадар қаттиқ ҳаяжон билан эсламаган бўлардилар. Хусусан, улар яна бир бор “Миллий тикланиш” демократик партияси ўзининг сайловолди шиорини Туркиянинг энг машҳур партиясидан кўчирган, деган фикрни билдиришибди.
Имкониятдан фойдаланиб, оддий ва содда изоҳларни ҳам тушунишга қийналаётган айрим “Адолат”чилар ҳамда ушбу партиянинг қизалоқ корхонаси (дочерное предприятие) эгаларига яна бир бор изоҳ бермоқчимиз: Сиз тилга олган ғоя ва шиор Туркия партиясидан эмас, балки муқаддас китобимиз Қуръони Каримдан олинган. Зотан, Қуръони Каримда “Яхшилик йўлида қўлни-қўлга беринг!” дейилган. Агар ушбу жавоб ҳам Сизларни қониқтирмаса, малакали мутахассисларимиз орқали фикримизни янада соддароқ тилга таржима қилиб беришимиз мумкин.
Тўғри, биз ALTURIUS телеграм канали эгаси томонидан тайёрланган мақолани ФБнинг “Депутатлар минбари” блогидан олиб, газетамизда чоп этдик. Бу матбуотимизда кенг қўлланиладиган оддий усул. Бу хато эмас эди. Алалхусус, ўша мақолани чоп этганимиз эмас, ALTURIUS “Адолат”нинг эмизикли “боласи” эканини билмаганимиз энг катта хатоимиз бўлди. Маълум бўлишича, 140 нафар обуначисими, ўқувчисими бўлган шундай телеграм канали мавжудлигидан кўпчилик ҳамкасбларимиз ҳам бехабар эканлар. Начора, беайб Парвардигор. Хатоимизни тан оламиз.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Гарчи 1854 нусхада чоп этилаётган “Адолат” газетаси бизни “кўчирмакаш”ликда айблаган бўлса-да, бошқаларга нисбатан айнан ушбу таҳририят ходимлари бундай хато атайлаб уюштирилмаганини сезиб турганларига ишончимиз комил. Тўғри, бугун бошқа сиёсий партиялар нашри қатори “Адолат”даги ҳамкасбларимизга ҳам осон эмас. Кўпга келган тўй сабаб газеталаримизга жуда катта маблағ сарфланаётган бўлса-да, обуначилари сонини кўпайтира олмаяпмиз. Балки шунинг учун ҳам 320 мингдан зиёд аъзоси бўлган “Адолат” СДП 140 кишига бўлса-да тезкор хабар тарқатаётган ALTURIUSга ўхшаган арзон ТКларни қўллаб-қувватлаётгандир. Бу бизга қоронғи, албатта.
Хулоса ўрнида эса “Адолат”чиларга сайловчиларга қоп-қоп ваъда берилган сайлов даври ўтганини, энди жиддийроқ баҳс юритадиган пайт келганини эслатиб ўтмоқчимиз.
Умид АРСЛОНБЕКОВ