Жасоратнинг қадоқ қўллари
Одам боласининг раҳми келмаган жувонга ғўзалар эгилиб йўл очар, шамол кўйлагининг титилган, нам енгларидан тутганча шийпонга тортқиларди.
1952 йилнинг айни ноябри. Қаттол тузум далаларни жангоҳга айлантирган палла. Тўққиз ойлик ҳомила кўтарган аёл мадорсиз кафтлари билан чаноқларни пайпаслайди. Бели аралаш симиллаган оғриқдан оёқлари ўзига бўйсунмаётгандек. Атрофга боқиб, ундан анча илгарилаб кетган шерикларининг нурсиз рўмолларини кўради. Даланинг тўрт тарафини ўраб турган қари тутлар тўлғоқнинг қора тери чаккаси бўйлаб кўз ёши аралаш оқаётган аёлга мадад бўлиш, судраб келаётган бир қучоқ пахтасини елкасига олиш учун дала томон силжиётгандек.
Одам боласининг раҳми келмаган жувонга ғўзалар эгилиб йўл очар, шамол кўйлагининг титилган, нам енгларидан тутганча шийпонга тортқиларди. Шу куни шийпонда янграган чақалоқ йиғиси қора совуқ тортиб келаётган далаларга субҳидам бўйини ёйгандек бўлди. Тўп бўлиб шовуллаётган тутларнинг чандир елкаларига гўдак нафаси теккандек енгил тортди. Ўшанда шу азим далалар ўзи дунёга келтирган гўдакни йиллар ўтиб, шўр бойлаган бағрида хирмон уйишини билармиди...
Шийпон биқинига қўйилган сўрида сабзи кертаётган Патила она меҳмонларга кўзи тушиб, ҳассасини ҳозирлади. Бу инсонга илк бор яқин келаётган бўлсамда, бағримга маҳкам босганча кўришдим. У қўлимдаги қоғоз, қаламга кўз қирини ташлаб, беихтиёр жилмайди.
–Бу бизнинг очиқ осмон остидаги “офисимиз”, – деди атрофга ишора қилиб.

Ўтган йиллар унинг ёшига монанд бардоши, ҳаётга муносабатини ҳам улғайтирди. Чайирлиги сабабми ишнинг сен-менига бормасди. Чопиққа чиққан шериклари унинг ёнига тушмайман, деб туриб олишарди. Чунки Патила ҳаммадан ўзиб кетар, устига-устак қолганларнинг ортидан юриб чала ишларини бригада бошлиғига “чақиб” берарди. “Бригадирни алдаганинг билан кўчатни алдолмайсан, ернинг уволидан қўрқмайсанми?”, – дерди у норози бўлганларга. – Шунинг кетмонида барака борда, – деб ортидан қараб қоларди кўплар. Бир сафар “ 1 метрга бешта кетмон урсам 15 сотихга 25 минг кетмон ураман”, деб ҳисоблаб чиққанда раис ҳайратдан ёқа тутган.
–Бир куни юмушларимдан ортиниб мазали овқат пиширдимда ота-онамни кўргани бордим, – дейди Патила она рўмолини пешонасига тортиб. –Отам уйимиз кираверишидаги йўлакда тешага соп ясаб ўтирган экан. Елкасидан олай, деб борсам, ҳали кўришмасимдан койишга тушса денг.
–Нега келдинг? Бир эмас иккита гулдек шийпонинг бор. Бригадир бўлсанг, куппа-кундузи иш бошида турмасанг кўпнинг ризқи нима бўлади болам. Шу бўлди ҳозиргача ота уйимга кундузи эмас кечаси борадиган бўлдим.

Унинг саъйи-ҳаракатларидан кўнгли тўлган раис иккита жамоа хўжалиги, яъни 120 гектар ерни қўшиб унга топширди. Шунча ерни эплашни ўзи бўлмайди. Техника топса ишчи кучи етишмас, ишчи кучини тўпласа минерал ўғит муаммо, табиат инжиқлигинику асло сўраманг. Баъзан экинга сувни бир хил тарай деб, тонг отаргача пешонасига фонар боғлаб, даланинг у бошидан бу бошигача юриб чиқарди. Яратганнинг ўзи бандасининг ҳаракатига яраша баракасини ёғдириб қўйди. Ўша йили хўжалик тарихида биринчи марта режа ортиғи билан бажарилиб, давлатга 50 тонна пахта топширилди.
Бу аёлнинг бошида не-не савдолар байроқ кўтармади дейсиз. Кенжатой қизи айни гуллаган чоғида бехос дард тегиб нобуд бўлди. Уватга муштлаб дод деса, кенгликлардан шовуллаган овоз қайтарди. Ернинг шўрини оқар сув билан ювгани каби фарзанд доғида куйган юрагини ғўзаларни бағрига босиб совутгандек бўларди шўрлик. Буғдой майсасини болам деди, пайкалларни бошини силади, суянса кетмонига, тоғ каби уйилган хирмонига суянди.
Бугун Бувайда туманида 70 гектар ер “Патилахон” фермер хўжалиги номи остида, онамизнинг меҳри, меҳнатидан қувват олиб яшнаб турибди. Қишлоқда етмишдан ортиқ одамни иш билан таъминлаб, уларнинг қора қозонига мой қуйиб турган ҳам шу инсон.
–Қирқ йилдан ортиқ тупроқ кечдим, ер билан сирлашдим, –дейди Патиллахон опа. – Деҳқончилик доимий ҳаракат, қаттиқ меҳнат дегани. Табиат деҳқонни ҳар йили имтиҳон қилади. Айниқса, Қўқон шамоли билан келишиш қийин бу ерларда. Шунинг учун атрофга дов-дарахтларни қалин экканмизда. Шу кунгача бировнинг дилсиёҳлигидан зада бўлмадим. Бироқ режа бажарилмай халқнинг олдида юзим шувит бўлишидан ҳамиша қўрқаман. Деҳқончилик ҳам чегарасиз илм, табиб беморнинг томир уришидан дардини англагани каби тупроқнинг рангига қараб, унга қандай минерал ўғит малҳам бўлишини билишинг, ернинг юрак уришини эшитиб унга уруғ қадашинг лозим.
Ярим аср мобайнида чарчоқ билмай элнинг дастурхонига дон, эгнига шоҳи ипак кийдирган инсонга ўтган йилларни сарҳисоб қилиш, ўз қалбига, босиб ўтган йўлларига разм солиши учунми тақдир унга хайрли синов берди. Бундан тўрт йил олдин эрта тонгда ёмғир сийпалаган йўлакдан оёғи тойиб йиқилди.
Ҳа, юриб турган одамни кўрпа-тўшакка кўндиришнинг ўзи бўлмади. Агар синган оёғи эмас бошқа тана аъзоси бўлганда кўринг, шифохона палатасида бир кун ҳам ётмасди. Шифокорлар ахволи жиддийлигини таъкидлагач, фарзандлари, ёру-дўстлар хавотирга тушди. У бўлса ҳа энди пайғамбар ёшида одам бир янгиланадида, – деб ҳаммасини ҳазилга йўярди. Кўргани келганлардан тинмай ҳосилнинг унумини суриштирар, ётган жойида ҳам дала-даштини ўйлашни қўймасди. Шифокорлар унинг кутилгандан тез оёққа тураётганини турли сабаблар билан боғлашар, аслида эса Патила онанинг қонидаги яшовчанлик, курашувчанлик ётгани қўймасди. Ҳалол инсоннинг юрагига табиатнинг ўзи қувват бўларкан.
Патила она сўри четидаги жуфт қўлтиқтаёққа суяниб, бизни далага бошлади. Шукрки, мустақиллик бизга меҳнат-машаққатларга муносиб қадр берди. Бунинг намунаси Патила она “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони, “Меҳнат шуҳрати” ордени ва олий эътироф – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланганидир. Бу аёлга бўлган юксак эътибор намунаси бўлди.
–Бир қарич ернидан ҳам бекор қўймаймиз, – дейди қаҳрамон она. –Ўзингиз ўйланг бир метр жой бир этак пахта, сават тўла нон деган гап. Дала атрофига қовоқ, тарвуз, қовун, шоли сепамиз. Ёзда саксондан ортиқ, қиш кунлари камида йигирма киши учун нон, ош қайнайди бу шийпонда. Бу йил қовун, тарвуз, сабзидан уруғчиликка ҳам ҳисса қўшдик.
Деҳқон йўғдан бор қилади. Бу ёруғ оламда аёл, она бўлишнинг ўзи бир жасорат, аёл боши билан қиш ичи ернинг шўрини ювиб, эрта баҳордан то кеч кузга қадар тупроғу лой кечиб, хирмон уйиш – чинакам қаҳрамонлик. Ана шу қаҳрамонликка елка тутаётган ишчилар жамоаси барака бу – ҳалоллик, пок виждонлиликда эканлигини Патила онадан юқтирганлар. Йиллар давомида кўзининг нури кўчатларга термулиб тўкилган аёлнинг кўнгли ҳам далаларидек бепоён.
Шу хаёллар билан хиёбондан ўтиб кетаётсам, қаламини чаккасига қистириб олган рассом йигитнинг ишлари эътиборимни тортди. Беихтиёр унинг юракдан ишланган суратларига тикилиб қолдим.
– Опажон расмлар ёқдими, келинг истасангиз янгитдан чизиб бераман, қани нимани чизайлик, – деди у кўзлари порлаб.
–Қўлларни чизинг,– дедим дадил овозда. – Ипакдек нозик, бироқ, шўр тупроқда тилим-тилим бўлган аёл қўлларини. Кетмон дастасида қадоққа айланган, она халқига бўлган муҳаббати, садоқатини ҳалол меҳнати билан изҳор қилган жасоратли қадоқ қўлларни чизинг!!!
Дилшода ЭРГАШЕВА,
Фарғона вилояти