Жасоратингизга тасанно, шифокорлар
Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда.
Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг бу сўзлари короновирус инфекциясига қарши курашаётган барча тиббиёт ходимларига катта куч-қувват берди.
Ҳа, бугун улар ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатмоқда. Ўз жонини хатарга қўйсада, беморнинг соғлиги улар учун муҳим. Хусусан, Фарғона вилоятида юзлаб тиббиёт ходимлари карантин даврида фидоийлик билан меҳнат қилмоқда.
Давлатимиз томонидан мазкур касалликни юқтириб олишни имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекциянинг тарқалишини чегаралаш учун барча тадбирлар олиб борилмоқда. Шифокорларнинг барча тавсияси ва кўрсатмаларига амал қилиш-бугун барча юртдошларимизнинг муҳим вазифасидир. Чунки короновирус пандемияси бугун катта хавф соляпти.
–Кеча Президентимиз раислигида ўтказилган коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселекторда берилган вазифалар тиббиёт ходимларига катта масъулият юклайди, – дейди Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Одилжон Умаров. – Аҳолини соғлигини асраш, вирусли инфекцияга қарши курашиш учун тиббиёт ходимлари астойдил меҳнат қилмоқда. Бугунги кунда вилоятда 21 та тиббиёт муассасаларида малакали мутахассислардан иборат тезкор бригадалар шакллантирилиб, уларга махсус реанимобиллар бириктирилди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Олтиариқ туманидаги “Қизилтепа” сиҳатгоҳи, Риштон туманидаги соғломлаштириш маркази ва Қувасой шаҳридаги “Кварц” акциядорлик жамиятига қарашли соғломлаштириш марказида карантинга олинган фуқароларнинг саломатлиги шифокорлар назоратида. Ана шундай фавқулоддаги вазиятда барча тиббиёт ходимлари кечасию кундуз меҳнат қилаётир.
Афсуски, вилоятда ҳам мазкур инфекцияни юқтириб олганлар бор. Айни дамда шифокору ўрта тиббиёт ҳамда санитар ходимлари уларнинг ҳаёти учун курашмоқда. Ўктамжон Ҳамиджонов, Турсунали Мамажонов, Аҳрор Жакбаров, Зулфия Мўминова, Элёр Абдукаримов, Машҳура Болтабоева, Улуғбек Султонов, Дилдора Асқарова, Бозорбой Султонов, Умида Ғофурова, Ҳалимахон Зайналова, Фурқат Дадабоев каби кўплаб шифокорлар меҳнатига тасанно айтасиз.
Бугунги кунда вилоятда эндемик давлатлардан келган 1 минг 969 нафар фуқаро уй шароитида, 219 нафари стационарда тиббий кузатувга олинган. Шунингдек, хориждан олиб келинган фуқаролар ҳам сиҳатгоҳларда карантинга жойлаштирилиб, шифокорларнинг доимий назоратида бўлиб турибди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 март куни “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам ана шундай фидоий касб эгалари меҳнатини моддий қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.