French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жасорат ҳеч қачон унутилмайди
21:39 / 2020-05-05

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёймоқда.


“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёймоқда. Ўзини шу юртга дахлдор деб ҳисоблаган инсон борки, бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, унга муносиб ҳисса қўшишга интилаяпти.

Ҳаракатда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳарбий хизматчилари ҳам фаол иштирок этмоқда. Уларнинг бу галги манзили Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадони бўлди.

3 (2).jpg

Маълумки, 9 май кунида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги мамлакатимизда ҳам кенг нишонланади. Гарчи бу уруш олови бизнинг заминимизда аланга олмаган бўлса-да унинг оқибатлари ҳар бир оила ҳаётида оғир жароҳатлар қолдирган. Ўша пайтда юртимизда яшовчи 6 миллион аҳолининг 1,5 миллиони фронтга сафарбар қилинган.

Ўша машъум урушдан оиласи бағрига ёруғ юз билан қайтганлар бор. Тенгсиз жасорат кўрсатиб, кўпларнинг олқишига сазовор бўлган бу ватандошларимиз миллатимизнинг фахри, ифтихори.

4 (3).jpg

Шундай инсонлардан бири Чироқчи туманидаги Тошли қишлоғида истиқомат қилаётган Жуманиёз бобо Хўжаёров 1941 йилда урушга кетиб, 1942 йилнинг охирида оғир ярадор бўлиб юртига қайтган. Ўзининг айтишича, жанггоҳда ярадор ҳолатда бир неча кун оч-наҳор қолиб кетган. Уни ярадор қилган ўқлар изи ҳалигача азоб беради.

Ҳарбий хизматчилар Жуманиёз бобонинг ҳолидан хабар олиб, у билан дилдан суҳбат қурди. 100 ёшни қаршилаган бобога бошқарма раҳбариятининг табрик хати билан бирга 2 миллион сўм пул мукофоти ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

1.jpg

Косон туманидаги Ўрта Оброн қишлоғида яшовчи Бекмир бобо Аманов эса 1938 йил ҳарбий хизматга кетиб, шу билан 9 йил деганда қайтган. Ҳарбий хизматдан фронтга, фронтдан эса Берлинни тозалаш ишларига жалб қилинган. 

Қайтгач 8 фарзандли, 100 дан зиёд невара-чеварали бўлди. Пенсия ёшига етгунга қадар хўжаликда меҳнат қилди. Орадан шунча йил ўтганига қарамай бир гапни такрорлашдан сира чарчамайди – “Тинч ва осуда кунларимиз абадий бўлсин!”. Уруш ҳақида эса эслашни ҳам истамайди.

5.jpg

Шу куни Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари ва фахрийлари Қарши туманидаги Каҳлак қишлоғида яшаган уруш қатнашчиси Хўжақул бобо Примов хонадонида ҳам бўлди. Урушда душманга қарши мардонавор курашган Хўжақул бобога Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш насиб этмади. У жорий йил март ойининг сўнгги кунларида бандаликни бажо келтирди. Хонадонда марҳумнинг ёдига ҳурмат бажо келтириб, унинг оила аъзоларига пул ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Бу учрашувлар, саховат тадбирлари эл-юрт тинчлиги йўлида кўрсатилган жасорат ҳеч қачон унутилмаслигини яққол намоён қилди.