French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилашга 376,7 миллион доллар сарфланади
10:11 / 2020-09-18

Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманларида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш ва 100 минг гектар суғориладиган ерни оқар сув билан таъминлашга йўналтирилган янги лойиҳа амалга оширилмоқда


Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманларида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш ва 100 минг гектар суғориладиган ерни оқар сув билан таъминлашга йўналтирилган янги лойиҳа амалга оширилмоқда.
 
 
“Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳасида Жаҳон банки иштирок этаётир. Лойиҳа Элликқалъа (33,2 минг га), Беруний (34 минг га) ва Тўрткўл (32,8 минг га) туманларининг 100 минг гектар суғориладиган ерларида сув ресурслари бошқарувини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

65a915aa-9a8e-4eb8-b6e2-243af34414e5.jpg

Лойиҳа Қорақалпоғистоннинг жанубий туманлари – Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа ҳудудларида амалга оширилмоқда. Унга минг нафардан ортиқ мутахассис ва ишчилар жалб қилинган. Лойиҳалардан энг йириги “Бўстон” каналини қуриш ва қайта тиклашдир. Канални қайта тиклаш ишларини хитойлик ҳамкорлар олиб бормоқда. Бош пудратчи Хитойнинг «China Railway 20th Bureau Group Co., Ltd.» компанияси бўлиб, унда 300 дан ортиқ ишчи хизмат қилмоқда. 
 
Ҳозирда хитойлик ҳамкорлар бетон каналнинг 34 километрдан ортиқ қисмида ишларни тугатган. “Бўстон” бетон каналини янгидан қуришда эса “TO’PALANG HPD HOLDING” МЧЖ бош пудратчилик қилмоқда. Шартнома қиймати 352,163 миллиард сўмни ташкил қилади. “Бўстон” канали қурилиши ишларида 150 нафардан ортиқ ишчи қатнашмоқда.

56360047-8302-45f5-928f-7581d891b783.jpg

–Лойиҳа бўйича жами 500 километрдан ортиқ магистрал ва хўжаликлараро каналлар қайта тикланади, қурилади, реконструкция қилинади, каналлар дамбалари кўтарилади ва ҳоказо. Шундан, 70 километр узунликдаги ушбу “Бўстон” канали бетон қилинади. Бетонланаётган “Бўстон” канали секундига 105 метр куб сув ўтказиш қобилиятига эга. Каналларнинг устидан кўприклар қурилмоқда. Масалан, “TO’PALANG HPD HOLDING” МЧЖнинг ўзи “Бўстон” канали устига 20 та кўприк қуриб бўлди. Хитойлик ҳамкорларимиз 34 километр узунликдаги бетон канални қайта тиклашди. Мазкур лойиҳа ишлари 2023 йилгача давом этади. Фақат 70 километр оралиқни бетонлашдан сабаб бу ернинг ва тупроқнинг хусусиятидан келиб чиқиб амалга оширилади. Яъни, фильтрация кўп бўладиган жойда бетон қилинади. Буларнинг ҳаммаси албатта, аввал ҳисоб-китоб қилиниб олинади, – дейди “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси ирригация ва дренаж мутахассиси Бахтиёр Машарипов.

b22a8e99-6a0a-4e01-bbef-1e85c9c2005b.jpg

Барча каналларнинг қадди (отметкаси) аввалгидан кўтарилди. Сув юқоридан пастга қараб оқиб келади, шунинг учун суғориладиган ерларга сувлар ўз кучи билан етиб боради.

Лойиҳа тўла ишга тушгач, каналларнинг фойдали иш коэффициенти 49 фоиздан 60 фоизга кўтарилади ва йилига 269 миллион куб метр сув иқтисод қилинади. 
 
Энди, миллиардлаб пулларни кўкка совураётган, қанча электр манбаини сўриб келаётган каттаю-кичик насос станцияларига ҳам зарурат қолмайди. 
 
Масалан, Амударёдан кўтариб сув бераётган Беруний насос станциялари бошқармаси балансидаги “Дўстлик” (16,2 м3/сек), “Қилчиноқ” (26,4 м3/сек) ва “Найман-Бештом” (22 м3/сек) каби 3 та катта насос станциялари, шунингдек, 20 та катта ва кичик насос станциялари тўхтатилади. 
 
Қўшимча сув истеъмолчилари уюшмаси (СИУ) ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 402 дан ортиқ насос станциялари тўхтатилади. 
 
Натижада йилига 6,9 миллион доллар миқдорида электроэнергия ва фойдаланиш харажатлари иқтисод қилинади.

Шуниндек, Элликқалъа, Беруний, Тўрткўл туманларидаги 100 минг гектар суғориладиган ерларнинг барчасига сув етиб боради. Аввалги ҳолатда кўп жойларга сув етиб бормасди ва ерлар фойдаланилмасдан ётарди. 
 
Лойиҳада фақатгина каналларни қуриш, қайта тиклаш ёки реконструкция қилиш назарда тутилмаган, балки каналлар бўйларидаги табиий газ, электр узаткич линиялари, ичимлик суви қувурлари ва алоқа кабелларининг кесишмаларини реконструкция ишлари ҳам шунинг ичига киради. Лойиҳада, шунингдек, сувдан оқилона фойдаланиш, пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳам эътиборга олинган. 
 
Масалан, жанубий туманларга пахта териш машиналари берилди, учта туманда 16 минг гектар майдонда “Суғориладиган ерларни чуқур юмшатиш ва лазерли текислаш” лойиҳаси бўйича ерларни лазерли текислаш ва чуқур юмшатиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳада хитойлик, покистонлик ва ўз юртимизнинг компаниялари иштирок этмоқда. 
 
Фермерлар ерларни чуқур юмшатиш ва лазерли текислашнинг афзаллигини билгач, ўзларининг маблағлари ҳисобига ҳам шу ишга қўл урмоқда. 
 
Эслатиб ўтамиз, лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 мартдаги “Жаҳон банки иштирокида “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. 
 
Мазкур йирик лойиҳанинг умумий қиймати 376,7 миллион доллар бўлиб, шундан, 214,9 миллион долларни Жаҳон банки кредити ва 161,8 миллион долларни Ўзбекистон Республикаси улуши ташкил қилади.

376,7 миллион доллар қуйидагича тақсимланган, яъни Қурилиш-монтаж ишларига 239,7 миллион доллар, машина ва ускуналар харид қилишга 14,8 миллион доллар, бошқа харажатларга 32,7 миллион доллар, молиявий харажатларга 39,3 миллион доллар, солиқ ва божхона имтиёзларига 50,05 миллион доллар ажратилиши белгиланган.