French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жанубий Корея билан авиақатновлар сони ҳафтасига 1 та рейсгача қисқартирилади
21:30 / 2020-03-01

Коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятнинг барқарорлашиши билан икки давлат ўртасидаги авиарейслар сони қайта тикланади.


COVID-19 коронавирусининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимиз Транспорт вазирлиги Корея Республикаси авиация идоралари ва компанияларини 2020 йилнинг 1 март кунидан бошлаб икки мамлакат ўртасидаги авиақатновларда вақтинчалик чеклаш чоралари жорий қилиниши тўғрисида расман хабардор қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, авиақатновлар сони ҳафтасига 1 та рейсгача қисқартирилади. Жанубий Кореядан Ўзбекистонга келувчи йўловчилар учиб келишлари билан 14 кун давомида карантинда бўлиб турадилар.

Коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятнинг барқарорлашиши билан икки давлат ўртасидаги авиарейслар сони қайта тикланади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ТИВ сўнгги кунлар давомида коронавируснинг тарқалиши билан боғлиқ ҳолат оғирлашаётган Корея Республикаси ҳудудида бўлиб турган мамлакатимиз фуқароларига зарур ҳолатларда қуйидаги рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади:

- Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Элчихонаси:

(+82) 2 574-65-54, (+82) 2 577-36-60;

- “Uzbekistan Airways” АЖ ваколатхонаси (авиачипталар масалалари бўйича):

(+82) 10 8718-6850 (Аюбхон Абдуллаев);

- Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кванджу шаҳридаги ваколатхонаси (меҳнат миграцияси масалалари бўйича):

(+82) 10 8495-0027 (Одилжон Каримов).

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарга қараганда, 1 март куни Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY514 рейси билан Сеулдан 182 нафар Ўзбекистон фуқаролари олиб келинган.

Самолёт бортида 253 нафар йўловчи бўлган. Уларнинг 231 нафари (182 ўзбекистонлик ва 49 нафар хорижлик) коронавирус Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида махсус тайёрланган тиббиёт муассасасига жойлаштирилиб, икки ҳафта давомида карантинда сақланади. 22 нафар транзит йўловчилар эса белгиланган тартибда изоляция қилиниб, кейинроқ Uzbekistan Airways авиакомпанияси рейси орқали ўз мамлакатига учиб кетди.

Эслатиб ўтамиз, бироз аввал Uzbekistan Airways авиакомпанияси 2020 йилнинг 1 мартидан бошлаб Япония ва Италияда коронавирус авж олиши ҳамда Ўзбекистон ҳудудида вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Токио ва Римга бўлган иккала йўналишдаги қатновларининг вақтинча тўхтатилиши ҳақида хабар берган эди.