Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамоатчилик палатаси – демократик тизимнинг муҳим институти
12:05 / 2020-06-30

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илк бор мамлакатимизда Жамоатчилик палатасини ташкил этиш таклифини киритган эди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илк бор мамлакатимизда Жамоатчилик палатасини ташкил этиш таклифини киритган эди. Шунингдек, ушбу муҳим институтнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга оид қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини, экспертизаларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилашга эътибор қаратиш кўзда тутилди.

Президентимиз таъбири билан айтганда, жамоатчилик маъқул деса – маъқул, номаъқул деса – номаъқул деган иборалари замирида фуқаролик жамиятимизнинг ўзимизга хос демок­ратик мезонлари бўлиб, ҳозирга қадар уларнинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаганлиги, очиқлик сиёсати туфайли самарали фойдаланиш зарурлиги ҳақида рўй-рост айтилди.

Маълумки, Жамоатчилик палатасини ташкил этишга қадар «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги ва бошқа ҳуқуқий-норматив ҳужжатлардан иборат база яратилган. Жамоатчилик палаталари жаҳоннинг 80 га яқин мамлакатида давлат билан жамият ўртасида ҳаммаслаҳат фаолиятни йўлга қўйиб, авваламбор, сиёсий барқарорликни таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда. Бу очиқлик ва шаффофлик принципларига асосланган самарали фаолият олиб боришда муҳим ўрин тутмоқда. Хориж амалиётида мавжуд давлат ва жамиятнинг ўзаро ҳаракати ва мулоқотини ташкил этишда муҳим роль ўйнаётган тузилма фаолиятини батафсил кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Масалан, Францияда шундай тузилма 1958 йилда ташкил этилган бўлиб, Франция Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши деб номланган. Унинг мақоми 1958 йилги Франция Конституциясининг моддаларида мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу Кенгаш Конституцияга биноан, уч қисмдан иборат вазифани бажаради. Биринчидан, давлатнинг ижтимоий сиёсатида соғлом кучлар иштирокини таъминлайди. Иккинчидан, давлат бюджетига оид масалалардан ташқари, барча иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ўрганиш ҳамда ўз қарорларини киритиш, учинчидан, турли касб вакилларининг мулоқотини уюштириш, аҳолининг турли гуруҳлари вакилларига ўзларининг иқтисодий ва ижтимоий масалаларга оид фикрларини изҳор этишлари учун расмий минбар бериш каби вазифалардир.

Кенгаш шу мақсадларда тегишли тавсиялар ишлаб чиқади, профессионал ва ижтимоий ташкилотлар вакилларининг фикрларини умумлаштирган ҳолда, маърузалар тайёрлайди, тадқиқотлар ўтказади. Кенгашга жуда кенг ваколатлар берилган бўлиб, улар: жамият иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётининг долзарб вазифаларига оид масалаларни ҳукумат илтимосига биноан ёхуд ўз ташаббуслари билан муҳокамага олиб чиқиши мумкин. Кенгаш томонидан тайёрланган тавсиялар, маърузалар ва тадқиқотлар Республика Президентига, Бош вазирга ҳамда Парламентга мўлжаллангандир. Кенгашнинг бош вазифаси Президент, ҳукумат ва парламентга Кенгашда вакиллиги бўлган профессионал ташкилотлар тавсияларини етказишдир.

Бу ҳокимият органлари, ҳукумат ва парламент учун муҳим жараён бўлиб, профессионал жамоат ташкилотлари вакилларининг Кенгаш муҳокамаси пайтида билдирган жамоавий фикрлари бирлиги ёки тарқоқлиги ёки аъзолар тарафидан қувватлангани ҳақида ахборот олиш механизмидир. Шунингдек, Швеция, Норвегия каби мамлакатларда резонанс бўладиган воқеалар бўйича жамоатчилик умумхалқ муҳокамалари, жамоатчилик эшитувлари ва жамоатчилик экспертизалари дарҳол ташкил этилади ва муаммо ечимини топгунига қадар уларнинг назоратида туради.

Россия Федерациясида Жамоатчилик палатаси 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, «Россия Федерациясининг Жамоатчилик палатаси тўғрисида»ги федерал қонунга биноан фаолият олиб боради. Ушбу қонун бўйича Жамоатчилик палатаси ҳар уч йилда сайланади, фуқароларнинг давлат органлари ва уларнинг хоҳиш-иродаларини давлат сиёсатини шакллантириш, амалга оширишда, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, шунингдек, давлат ҳокимияти фаолиятида жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган.

Қонунга биноан, Давлат Думасида ижтимоий аҳамиятга молик бўлган лойиҳалар Жамоатчилик палатаси экспертизасидан ўтказиш тартиби белгиланган. Палата ўз фаолиятида: жамоатчилик муҳокамалари, давра суҳбатлари, кўчма йиғилишлар каби турли шакллардан фойдаланади. Ҳар йили юзлаб оммавий тадбирлар уюштиради. Бир йилда 3–4 маротаба умумий йиғилишлар ўтказиб, уларда мамлакат тараққиёти ва фуқаролик жамияти ривожланишининг муҳим масалалари кўриб чиқилади. Ҳар йили анъанага биноан йил якунларига бағишланган умумий йиғилишда мамлакат Жамоатчилик палатаси ва фуқаролик жамияти ҳолати ҳақида маъруза тингланиб, тегишли қарорлар қабул қилинади.

Жамоатчилик палатаси минтақавий жамоатчилик палаталари шаклланиши ва ривожланишига ҳисса қўшади. Шунингдек, палата аъзолари федерал вазирликлар, муассасалар жамоатчилик кенгашлари таркибига киритилган. Палата фаол халқаро ҳамкорликни амалга оширади, ташкил этилганидан буён 30 га яқин мамлакатнинг хос палаталари билан ўзаро ҳамкорлик битимларини имзолаган. 2011 йилдан буён Иқтисодий ва ижтимоий кенгашлар ва хос институтлар халқаро уюшмаси ҳайъати аъзосидир.

Кейинги уч йилда янги Ўзбекистон сиёсий тизимида янги демократик институтларнинг шаклланиши ва барқарорлигини таъминлаш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 16 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Президент ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик палатаси тез орада ўзининг юксак оммавий фаоллигини намойиш этади. Ўзбекистонда Жамоатчилик палатасининг ташкил этилиши билан фуқаролик жамиятининг турли кучлари ва ҳаракатларининг давлат органлари билан ҳамкорликда уюшиб фаолият олиб бориш имконияти пайдо бўлади.

Жамоатчилик палатасининг Президент ҳузурида ташкил этилиши ва фаолиятининг асосий йўналишларининг белгилаб берилиши ҳамда бу янги демократик институтнинг давлат ва жамиятимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлиши аниқ. Мурожаатномада белгиланган «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори», деган янги ғояни амалда рўёбга чиқариш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқариш ва фаол иштирокини кенгайтириш, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро ҳамкорлигини ўрнатиш, шунингдек, давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида ташкил этилди.

Янги Ўзбекистоннинг ҳозирги ривожланиш босқичида Жамоатчилик палатасининг ташкил этилиши давлат томонидан мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги турли масалаларни ҳал этишда фуқаролик жамияти имкониятларидан фойдаланиш заруриятидан келиб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасига комплекс ваколатларнинг берилиши эса, унинг мамлакатимиздаги фуқаролик жамияти ижтимоий жараёнлари динамикасига таъсир этишининг кенг имкониятини белгилаб, авваламбор, фуқароларнинг фаоллашуви жараёнларини рағбатлантиради.

Шуҳрат ҒОЙИБНАЗАРОВ,

cиёсий фанлар доктори, профессор.

Манба: “Postda - На посту” газетаси