Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамоатчилик кафиллиги остида аёл қамоқдан озод қилинди
19:32 / 2020-07-21

Аёлнинг жиноятга қўл уриши ташвишланарлидир. Зеро, унинг зиммасида оила, фарзандлар тарбиясидек улуғвор вазифа бор.


Аёлнинг жиноятга қўл уриши ташвишланарлидир. Зеро, унинг зиммасида оила, фарзандлар тарбиясидек улуғвор вазифа бор. Данғаралик С. Олимова ҳам билиб–билмай бировнинг мулкига кўз олайтирди. Бу нотўғри қадам эса «жиноятчи» деган тамға босилиб, уни панжара ортига етаклади.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг жорий йил 15 июндаги ҳукмига кўра, унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди (аввал ўғирлик қилган шахснинг яна ўғирлик қилиши) билан 3 йилга, 1 йил 3 ой 4 кун ўталмаган озодликни чеклаш жазоси қисман қўшилиб, 3 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилинган эди. Ҳукмга кўра, у О.Нурматова билан гуруҳ бўлиб, Қўқон шаҳридаги «Фаробий» савдо комплексидаги савдо дўкони қаровсиз қолдирилганидан фойдаланиб, дўкон растасидан бир миллион икки юз минг сўмлик газламани ўғирлаганликда айбланган.

Албатта, онанинг тақдирига атрофдагилар бепарво бўлишмади. Ҳукм эълон қилингандан сўнг С.Олимова ишлаб келган Данғара тумани тиббий-ижтимоий хизматлар шўбаси жамоаси аҳволни ўрганди. Унинг оилавий шароити оғирлигини ва вояга етмаган фарзандлари тарбияси издан чиқаётганлигини аниқлаб, оилага моддий ёрдам кўрсатиб, Г.Эргашевани жамоат ҳимоячиси этиб сайлаб, апелляция судида уни ҳимоя қилди. 

Шунингдек, Данғара тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими уни қамоқдан озод қилишни сўраб, илтимоснома киритди. Вилоят кенгаши депутати А.Жуманов судлов ҳайъатига тавсиянома юбориб, оила ва уч нафар вояга етмаган фарзандлар тақдирини ўйлаб, масъулиятни зиммасига олиб, С.Олимовага яна бир бор имконият беришни сўраб, оиланинг кейинги ҳаётини жамоатчилик билан биргаликда назоратга олишини маълум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг апелляция инстанцияси суди С. Олимовага жамоатчиликнинг кафиллиги остида ҳаётда ўз ўрнини топишида яна бир имконият берди. Уч нафар вояга етмаган фарзанди борлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий шароити оғирлигини ва оиласининг кўмакка муҳтожлигини, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб келганлигини, яшаш ва иш жойидан ижобий тавсифланганлигини ва бошқа омилларни инобатга олиб, ҳукмни ўзгартириб, унга озодликни чеклаш жазоси тайинлаб, қамоқдан озод қилди.

- Адашиб жиноят содир этган аёл ҳимояси учун фаоллар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, депутатнинг чиқиши жуда яхши, аммо аёлларимиз томонидан жиноят содир этилишининг барвақт олди олинишига ҳам эътибор бериш керак, - дейди вилоят судининг судьяси Раҳматжон Арапов.