Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жамбилда тўрт нафар шахс куйдирги аломатлари билан шифохонага ётқизилди
17:56 / 2019-09-17

Беморлар вилоят инфекция шифохонасига ётқизилди. Хабарларга кўра, беморларнинг тўрталаси ҳам битта деҳқон хўжалигида ишлаган ва қорамол сўйишда иштирок этган.


Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида тўрт нафар маҳаллий аҳоли вакили куйдирги аломатлари билан шифохонага ётқизилди. Лаборатория тадқиқотлари қўйилган ташхисни тасдиқлади, дея хабар берди маҳаллий ОАВ.

Беморлар вилоят инфекция шифохонасига ётқизилди. Хабарларга кўра, беморларнинг тўрталаси ҳам битта деҳқон хўжалигида ишлаган ва қорамол сўйишда иштирок этган.

“КТК” Республика телеканали маҳаллий расмийларга таянган ҳолда чўпонлар ишлаган хўжаликдаги қорамолларда куйдирги касаллиги кузатилмагани ва шу сабабли ҳам деҳқон хўжалиги жойлашган Шақпақ қишлоғида карантин жорий қилиш кўзда тутилмагани борасида хабар берди.

Жамбил вилояти маҳсулот ва хизматлар сифати ва хавфсизлиги устидан назорат департаменти раҳбарининг ўринбосари Газиз Надуевнинг журналистларга айтишича, тўртала бемор интенсив даволанмоқда, уларнинг ҳаёти хавф остида эмас ва бир неча кундан кейин уларга уйларига кетиш учун рухсат берилади.

Хабарларга кўра, улар билан мулоқотда бўлган дея тахмин қилинган 44 киши – қариндошлари, ҳамкасблари ва туман ветеринар шифокори мутахассислар назоратига олинган.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги йигирма йилликда Қозоғистонда куйдирги касаллиги ҳар йили, 2013 йил ва 2017 йил бундан мустасно, рўйхатга олинган.

Куйдирги инсон ва ҳайвонларда учрайдиган ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади. Касалликни “Bacillus anthracis” бактерияси қўзғатади.