Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жалолиддин Мангубердининг қабри қаерда...
12:20 / 2020-03-23

Ҳар бир халқнинг ўз қаҳрамонлари бўлади. Бу қаҳрамонлар ватанни севиш, уни ардоқлашда ибрат ва ғурур рамзи саналиб, ўз юртининг тинчлиги, озодлиги, тараққиёти йўлида кураш олиб бориш учун туртки бўлиб хизмат қилади.



“Бизнинг танимизда Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд каби боболаримиз қони оқмоқда. Биз шунга муносибмиз ва бу муносибликни ҳар дақиқада бутун халқимизга, жаҳон аҳлига тараннум қилишга шошилишимиз керак!”

Ш.Мирзиёев

Ҳар бир халқнинг ўз қаҳрамонлари бўлади. Бу қаҳрамонлар ватанни севиш, уни ардоқлашда ибрат ва ғурур рамзи саналиб, ўз юртининг тинчлиги, озодлиги, тараққиёти йўлида кураш олиб бориш учун туртки бўлиб хизмат қилади. Ватан озодлиги йўлида ширин жонини фидо қилган довюрак саркарда Жалолиддин Мангуберди тарихда ўчмас из қолдирган ана шундай миллий қаҳрамондир.

Президентимиз нутқларида, ёшлар ва ҳарбийлар билан бўлган учрашувларда Жалолиддин Мангубердининг ватанпарварлиги, жасорати ва мардлигини ўрганиш, ёшларга тарғиб қилиш халқимизни миллий ғурурини кўтаришда, ёшларда ватанпарварлик туйғусини ривожлантиришда муҳим восита эканлигини алоҳида таъкидлайди.

Президентимизнинг аждодимиз хотирасига юксак ҳурматидан илҳомланган ҳолда Жалолиддин Мангуберди ва унинг сўнги кунлари тўғрисидаги маълумотларни ўрганишга киришдик. Бу борада илмий тадқиқот ишларини олиб борган Ўзбекистон Фанлар Академияси, Маъмун академияси, Урганч давлат университети тарихчи олимлари ҳамда хорижлик тарихчилар билан алоқа ўрнатиб уларнинг бу борадаги тадқиқотлари билан танишдик.

Жалолиддин Мангуберди қабрини излаш борасида 1994 йилда иккита ишчи гуруҳ Туркиянинг шарқий қисмидаги Тунжели ва Диёрбакир, Бингол ва бошқа ҳудудларига ташриф буюрган. Бу ишчи гуруҳларнинг бири Жалолиддин Мангубердининг қабри Диёрбакир вилояти Силван шаҳри ҳудудида, иккинчи ишчи гуруҳ Тунжели вилоятида деган тахминий хулосага келади. Бу борада турк тадқиқотчиларининг ҳам ўз тахминлари бор.

Шуни таъкидлаш лозимки, мустақиллик йилларида Жалолиддин Мангуберди тарихи борасида бироз ишлар қилинган бўлса ҳам, унинг ҳалокати ва қабри борасидаги маълумотлар бир-биридан фарқ қилади. Хорижлик, жумладан, туркиялик тарихчилар билан ҳам алоқага киришиб, уларнинг ҳам хулосаларини олдик. Ўрганишлар чоғида Туркияда Жалолиддин билан бориб қолган хоразмликлар тўғрисидаги билимларимизни мустаҳкамладик. Маълум бўлишича, Туркияда 30 га яқин Хоразм номи билан боғлиқ қишлоқ, овул ва маҳаллалар бор экан. Улар ўзларини Жалолиддин Мангуберди билан Туркияга келганликларини таъкидлайди. Шу билан бирга Анқара ва Истанбул шаҳарларида халқимиз тарихига тааллуқли ноёб ёзма манбаларнинг борлиги, уларнинг аксарияти ҳалигача ўрганилмасдан келаётганлиги бизда Туркия давлатига илмий, маърифий экспедиция уюштириш имкониятларини кўриб чиқиш борасидаги фикрларни туғдирди. Шундан сўнг бу борада қилинган ишлар, тадқиқотлар билан танишишга киришдик. Ўрганишлар жараёнида Жалолиддин Мангуберди она ватанини мўғуллардан ҳимоя қилиш мақсадида босиб ўтган йўлларида Покистон, Эрон, Озарбайжон, Туркия ҳудудларида у билан боғлиқ топонимлар, гидронимлар, этнонимларнинг мавжудлиги, бу давлатларда Жалолиддин Мангубердини туркий халқлар қаҳрамони, Ислом қаҳрамони сифатида чуқур ўрганилганлиги ва энг қизиғи бугунги кунда ҳам унинг тарихига алоҳида ҳурмат ва қизиқиш борлигини англадик.

Эронда Жалолиддин қалъаси деб номланган ҳарбий истеҳком – қалъа айнан Жалолиддин Мангуберди билан боғлиқлиги, Покистон заминида Жалолиддин Мангуберди изидан бутун Покистон бўйлаб экспедициялар уюштирилганлиги ҳайратимизни оширди. Озарбайжон ва Туркияда ўзларини хоразмлик деб билувчи жуда кўплаб аҳоли масканлари борки, улар тарихини ўрганиш тарихимизни очилмаган саҳифаларини ўрганишга ёрдам беради.

2019 йил бошида “Жалолиддин Мангуберди изидан” Туркия ва бошқа давлатларга илмий-маърифий экспедиция уюштириш бўйича ташаббус билан Хоразм вилояти ҳокимлигига, Республика Маънавият ва маърифат марказига мурожаат билан чиқдик.

2019 йил май ойида Хоразм вилояти ҳокими бошчилигида вилоят делегацияси таркибида Туркия Республикасига хизмат сафарини амалга оширдим. Сафар давомида турк тарихчилари билан бирга халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби Дюсен Касеинов билан учрашиб, Туркия давлатига уюштириладиган экспедиция, асосий мақсадларимиз хусусида ўртоқлашдик. ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти Ўзбекистон томонидан қилинадиган бундай ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. 
Шундан сўнг, Жалолиддин Мангуберди изидан илмий, маърифий экспедиция тузиб, кенг қамровли ўрганиш ишларини ташкил этиш бўйича таклифлар Республика Маънавият ва маърифат маркази, Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан маъқуллангач, энди улар билан биргаликда халқаро илмий, маърифий экспедициянинг концепцияси, йўл харитаси ва режалари ишлаб чиқилди ҳамда ҳукуматимизнинг тегишли вазирликларига, мутасадди ташкилотларига тақдим қилинди.

Республикамиздаги тегишли вазирлик ва мутасадди ташкилотлар Туркия давлатига уюштириладиган Халқаро илмий, маънавий-маърифий экспедицияга эътироз билдирмади, лойиҳани амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди. Туркия томони эса мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди. Жумладан, Туркия тарихчилар уюшмаси аъзоси Мехмет Саяр, “Олтин мерос” Халқаро жамғармасининг Туркиядаги вакили Сулаймон Мерданўғлу, Анқарадаги стратегик тафаккур институти директор ўринбосари Синан Тавукчилар Жалолиддин Мангубердининг ўзбек-турк халқлари тарихидаги муҳим ўрнини эътироф этиб, ташаббусни қўллаб-қувватлашларини маълум қилганликларини, ҳатто машҳур “ТRТ-Avaz” телеканали экспедиция жараёнларини доимий равишда эфирга узатиб боришини билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги экспедицияни 2020 йилда Хива шаҳрининг “Турк дунёси маданияти пойтахти” сифатида эълон қилиниши доирасидаги лойиҳалар билан биргаликда 2020 йилда амалга ошириш таклифини киритди.

Олдимизда машаққатли вазифалар турар эди. Бу режалар хусусида Маданият вазири ўринбосари Озодбек Назарбеков (ҳозирги вақтда Маданият вазири) билан учрашиб, мақсад ва режаларимиз билан ўртоқлашдик. У ҳам ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдириб, Жалолиддин Мангуберди тарихи бўйича кўп қисмли бадиий фильм ишлаш жараёнлари бошланаётганини маълум қилди. Бу каби кенг қамровли экспедиция уюштириш, бундай таклифни раҳбариятга тақдим қилиш, уни амалга ошириш масаласида тажрибасизлигимиз, бу борада маслаҳат оладиган одамнинг ҳам йўқлиги ишимизни бироз мураккаблаштирди.

Ушбу ташаббус ҳақида оммавий ахборот воситаларида, жумладан, телевидения, интернет нашрлари, газета ва журналлар, ижтимоий тармоқларда маълумотлар бериб бордик. Бу ташаббусни Ўзбекистон фанлар академияси, Маъмун академияси тадқиқотчилари, Урганч давлат университети ва бошқа илмий даргоҳлар профессор-ўқитувчилари ҳамда кенг жамоатчиликка маъқул бўлиши билан бирга, бир нечта зиёлилар ушбу лойиҳага ўз норозиликларини ҳам билдирди. Норозиликларнинг асосий мазмуни исломий урф–одатларимизга мос эмаслиги, деган тушунча билан боғлиқ эди. Шундан сўнг, лойиҳа бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мусулмонлар идорасига хат ёзиб, уларнинг ҳам розилигини олдик ва уламоларнинг ҳам бу борадаги қарашлари бизнинг кучимизга куч қўшди.

Тегишли мутасаддилардан рухсат олган бўлсак-да экспедицияни амалга ошириш борасидаги ҳаракатларимиздан қониқиш ҳосил қилмадик. Чунки ушбу лойиҳа давлатлар орасида ҳал қилиниши лозим бўлган масала эди. Шундан сўнг, Ҳиндистонда 300 йилдан ортиқ вақт ҳукмронлик қилган бобурийлар сулоласи асосчиси Бобур тарихини ўрганиш мақсадида 20 дан ортиқ давлатларга сафарлар уюштирган халқаро “Бобур” фонди фаолияти билан танишиш учун Андижон вилоятига бориб, фонд раҳбари Зокиржон Машрабов билан маслаҳатлашдик. Шундан сўнг, мақсадимизни амалга ошириш учун “Жалолиддин Мангуберди” фондини ташкил қилдик. Ҳомийлар ёрдамида ва тадбиркорлик қилиб бироз маблағ ҳам йиғдик.

Лекин, барибир ишларимиз чўзилиб келаверди.

Ниҳоят Жорий йилнинг 12-13 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи биз учун ниҳоятда қувонарли бўлди. Президентимиз иштирокида Хоразм фаоллари билан ўтказилган йиғилишда Жалолиддин Мангуберди изидан илмий-маърифий экспедиция уюштириш таклифимиз Муҳтарам Президентимизга маъқул бўлди ва “Бундай ишларни амалга ошириш учун қанча маблағ керак бўлса тайёр”лигини, Жалолиддин Мангубердининг тарихи бўйича ҳали жуда кўп ишлашимиз кераклигини билдирди. Эндиликда, 2020 йилда Жалолиддин Мангуберди изидан Туркия, Мўғулистон, Кавказорти ва Шарқ мамлакатларига илмий-маърифий экспедициялар уюштириш, кутубхона ва музейлар, архив ва қўлёзмалар фондларида сақланаётган нодир асарлар, қўлёзмалар, тарихий ҳужжатларни ўрганиш, улардан нусхалар олиш, шунингдек Жалолиддин Мангуберди қабрини аниқлаш, хорижий илмий-маърифий марказлар билан алоқалар ўрнатиш ана шу асосда “Жалолиддин Мангубердининг жаҳон тарихида тутган ўрни” мавзуида халқаро конференция ўтказиш, саркарда ҳаёти ва жасорати билан боғлиқ тарихий, бадиий-маърифий асарлар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, сериаллар, саҳна асарлари яратиш борасида ҳукумат қарори тайёрланадиган бўлди. Бу Жалолиддин Мангуберди тарихини чуқур ўрганиш ва халқимизга ўзлигини танитишдаги навбатдаги қадам бўлади. 
Президентимиз Хоразм вилоятига олдинги сафари чоғида Жалолиддин Мангубердини от устида ўтирган ҳолатдаги ҳайкалини бунёд этиш борасидаги таклиф ва ташаббуси хоразмликлар томонидан илиқ кутиб олинган эди. Бу галги ташрифда ҳам ушбу ҳайкал макетини кўриб мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Маълумки, Россияда Юрий Долгорукий, Николай I, Пётр I, Францияда Напалеон Бонапарт, Людовик XIV, Туркияда Алоуддин Кайкубод, Туркманистонда Алп Арслон сингари халқ қаҳрамонларининг ҳашаматли, маҳобатли ва бежирим, шу билан бирга улкан маънавий мазмун касб этган отлиқ ҳайкаллари ўрнатилган. Жалолиддин Мангубердини ҳам от устида тасвирланиши тарихий ҳақиқатни қарор топаётганлигидан далолатдир. Нимага деганда, Жалолиддин Мангубердини отсиз тасаввур қилиш қийин. Чунки у бутун умрини халқларнинг озодлиги йўлида душманга қарши курашиб жангу-жадалда, от устида ўтказди. Ҳатто олов ва Синд дарёси ўртасида қолиб ўпқонли дарёдан сакраганда ҳам у от устида эди. У давлат одами, ҳукмдор эди.

Шу нуқтаи назардан Муҳтарам Президентимизнинг ушбу қарори халқимиз ғурурига ғурур, ифтихорига ифтихор қўшадиган, чет эллик меҳмонларга аждодларимизнинг қандай улуғ шахслар бўлганлигини кўрсатишга хизмат қилади.

Халқимиздан буюк даҳолар, буюк саркардалар етишиб чиққан. Халқимиз дунё илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган. Муҳтарам Президентимизнинг буюкларимиз меросини ўрганиш ва уларга муносиблигимизни исботлашимиз учун жуда катта имкониятларни тақдим қилмоқда. Бу имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимизга айланмоғи лозим.

Зеро, номидан маълумки жасорат ва мардлик тимсоли, қаҳрамон саркарда Жалолиддин Мангуберди мангуликка дахлдор буюк аждодимиздир!

Бекзод Абдиримов,
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари. 
“Жалолиддин Мангуберди“ фонди раҳбари.