Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон терма жамоасида ўйнаган “Пахтакор“ футболчиси
16:57 / 2020-04-18

Яқинда Германиянинг “11-Фройнде” футбол журнали таҳририяти “Пахтакор” жамоаси тарбияланувчиси ва тақдир тақозоси билан ота юрти Грецияда истиқомат қилаётган футбол юлдузи Василис Хадзипанагис ҳақида мақола чоп этди.

“Барча замонларнинг энг зўр ўйинчиси”

Яқинда Германиянинг “11-Фройнде” футбол журнали таҳририяти “Пахтакор” жамоаси тарбияланувчиси ва тақдир тақозоси билан ота юрти Грецияда истиқомат қилаётган футбол юлдузи Василис Хадзипанагис ҳақида мақола чоп этди.

“Илгарилари жаҳон футболида ҳаммаёқда Марадонага тақлид қилишарди. Футболчи мабодо товони билан ажойиб узатма берса ёки рақибини беҳуда майдонда югуришга мажбур қилса, спорт шарҳловчилари ўйинчини илоҳийлаштириб унга моҳирона лақаб ҳам бериб қўйишади”, деб ёзади немис журналисти Андреас Бок.

- Аммо футбол оламида бундай ҳурмат-эҳтиромга фақатгина биргина чарм тўп устаси лойиқ эди. Кимда ким “Ираклис” футбол клуби мухлиси бўлмаса ёки грек футболи тарихини билмаса, демак, у ушбу футболчи ҳақида ҳеч қачон эшитмаган ва билмайди ҳам. Унинг исми Василис Хадзипанагис. У ҳеч қандай муболағасиз дунёнинг ва барча замонларнинг энг зўр футболчисидир.

Собиқ иттифоққа қувғин

Футболчининг ўтмишини яхши билиш учун 1946-1949 йиллар мамлакатда давом этган фуқаролик уруши, консерватив монархия ҳукумати ва Греция сўллар партияси халқ фронти ўртасидаги можаролардан хабардор бўлиш лозим. Ўшанда юз минглаб грециялик фуқаролар, коммунистлар ва мухолифат тарафдорлари собиқ иттифоқ ва бошқа социалистик мамлакатларга қувғин қилинди. Шундай қилиб Кириакослар ва Крисса Хадзипанагислар оиласи Ўзбекистон пойтахти бўлмиш Тошкент шаҳридан сиёсий бошпана топишади.

Ҳеч қанча вақт ўтмай, 1954 йилнинг 29 октябрида Хадзипанагислар оиласида ўғил фарзанд дунёга келди ва унга Василис деб исм қўйишди. Болакайнинг футболга бўлган қобилияти анча эрта намоён бўла бошлади. У кунузун хиёбонда ўртоқлари билан копток тепарди. Кунлардан бирида унинг ҳаётидаги муҳим воқеа юз берди. У пайтларда футбол мактаблари саноқли эди. Шу сабаб бўлса керак футбол селекционерлари кўча-куйда ва маҳалаларда тўп тепиб юрган болаларни зимдан кузатишар ва қобилиятли болаларни спортга жалб этишарди.

Шундай футбол мутахассисларидан бири унинг дриблинглари ва тўп билан енгил ҳаракатларини ёқтириб қолади ва уни Тошкентнинг “Динамо” клубига чақиради. Аммо болакай ўша пайтдаги пойтахтнинг яна бир бошқа клуби “Пахтакор”ни танлайди, сабаби ўша даврда жамоа энг яхши ёш футболчилар академиясига эга эди.

У “Пахтакор” таркибидаги илк ўйинини 17 ёшида Олий лиганинг “Шахтёр” Донецк клубига қарши ўтказади. Олий лигада тўп суриш учун жамоани таклифига кўра у Совет иттифоқи фуқаролигини олади.

Собиқ иттифоқдаги футбол ишқибозлари уни яшил майдондаги раққос дейишарди. У майдон узра гўёки тўп билан бирга учар, оёқлари копток билан худди саҳнадаги балетчилар каби енгил ҳаракатланарди. Василис қайси бир ўйиндан кейин спорт шарҳловчиси билан суҳбатда: “Олдимда ҳимоячиларни кўрсам уларни алдаб ўтгим келаверади”, деганди камтарона оҳангда.

Ёш бўлишига қарамай, у “Пахтакор”да катта муваффаққиятларга эришди. Икки маротаба 1974 ва 1975 йиллари Олий лиганинг совринли ўринларига сазовор бўлган энг ёш ўйинчи бўлди. Тан олиш керак, ўша пайтлар собиқ иттифоқда тенги йўқ чарм тўп устаси ҳеч ким тенглаша олмайдиган Олег Блохиндан кейинги иккинчи ўринни эгаллади. Шу ўринда айтиш керакки, “Пахтакор” жамоаси Европа Кубок эгалари кубогини қўлга киритган, метиндек ҳимояга эга Бавариядек жамоа ҳимоясини саросимага солиб Европа суперкубоги соҳиби бўлган “Динамо” Киев жамоасини Тошкентда 5:0 ҳисобида доғда қолдиргани тарихий ғалаба бўлиб қолди. Ўшанда Блохин жамоасига бир тўп киритган ва тўртта голли узатма берган Хадзипанагис деярли ўйин тақдирини ҳал қилган эди. Ушбу тарихий ўйиндан сўнг спорт газеталаридан бири футбол тўғрисида ёзилган мақоласига негадир чанғичи суратини қўйиб чоп этади. Мақола сарлавҳаси эса: “Ҳурматли чанғичилар чанғи учишни Хадзипанагисдан ўрганинг” деб номланган эди.

Ўзбекистонда туғилган, лекин келиб чиқиши грециялик бўлган ёш истеъдод соҳиби олий лигада аллақачон шуҳрат қозонишга улгурган эди. Мутахассислар уни аллақачон Англия, Испания ёки Италияда тўп суриши кераклигини бот-бот такрорлашарди. Бироқ, кутилмаганда барчаси бошқача тус олди.

Грециядаги фуқаролар уруши, эллигинчи йиллардаги “турғунлик даври” ва етти йиллик ҳарбий диктатура давридан (1967-1974 йй.) сўнг етмишинчи йиллар ўртасига келиб мамлакат сиёсий барқарорликка эришди. Шунда унинг ота-онаси ватани — Грецияга қариндошлари ва дўстлари томон кетишни хоҳлаб қолишади. Албатта, фарзандлари билан бирга.

Ҳозирги кундаги грек футболини камситмаган ҳолда айтиш керакки, ўша пайтларда Совет иттифоқи футбол мактаби савия жиҳатдан греклардан анча юқори турарди. Василисни Грецияга кетиши олдидан иттифоқ терма жамоаси бош мураббийи Константин Бесков терма жамоага олиб қолишга ҳарчанд уринмасин у Грецияни танлади.

Борган заҳотиёқ у Грециянинг “Ираклис” клуби билан шартнома имзолади. Имзо қўйган куни жаҳон футболида порлаб келаётган юлдуз бундан кейин айнан шу жамоа сабаб, ҳеч қачон бошқа жамоада тўп сура олмаслигини қаердан ҳам биларди. У ҳали ҳалигача ўша пайтлар чиқарган қарори ва ўз тақдиридан афсусланиб яшайди. Чунки ҳақиқатан ҳам у келган мамлакат футболи грек футболи даражасидан бир калла устун эди. Нима бўлганда ҳам шундай истеъдод Грецияни танлаганидан боши кўкка етган мухлислар уни аллақачон илоҳийлаштириб қўйишганди. Бежиз ўтган асрнинг 1975 йилидан то 1990 йилгача бўлган давр мамлакат футболида “Василис даври” бўлиб тарихга муҳрланмади.

Марадона – бу аргентиналик Хадзипанагис

1975 йил 22 ноябрь Хадзипанагисни Грецияга келишини эшитган минглаб футбол мухлислари Салоники шаҳри вокзалига чиқиб уни “Хуш келибсан Василис” қўшиғини баралла айтиб кутиб олишади. Унинг номи фақатгина оғиздан-оғизга ўтиб шунақанги таниқли бўлган эдики, буни вокзалга чиққан тумонат одамдан ҳам билиб олса бўларди. Унинг мамлакатга келиш кунидан бошланган афсона бутун мамлакат бўйлаб бугунги кундаги интернет ёки телевидениедан ҳам тез тарқади. Афинанинг “Атромитос” жамоасига қарши кечган илк ўйинига 47 минг томошабин тушиши мамлакат футболида кутилмаган воқелик бўлди.

Бугунги кунда унинг ўйинларини эскирган видеотасмадаги катталаштирилган хира тасвирда кўриш мумкин. Сиз Хадзипанагисни фақатгина моҳирона ҳаракатлари орқали таниб олишингиз мумкин. Тўп олдида худди Гарринча каби болаларга хос шодонлик, шамолда ўйноқлаётган сочлари худди Кевин Кигандек. У ўта юқори тезликда ҳаракат қилади, унинг тезкор узатмалари бутун бошли ҳимоя занжирини саросимага солади. Лекин, энг ҳайратланарлиси, унинг дриблинги ғайритабиий ва сеҳрли кучга эгалигидадир.

Марадонанинг асрга татигулик голи дейсизми? Нигериялик футбол юлдузи Окочанинг таниқли немис дарвозабони Оливер Кан ва тўртта ҳимоячини фақатгина томоша қилиб туришга мажбур қилган голини айтасизми? Бугунги куннинг энг ёрқин чарм тўп устаси Мессининг бир неча рақибни доғда қолдириб гол уришими? Юқоридаги қайд этилган футболни санъат даражасига олиб чиққан футболчиларда санаб ўтилган маҳорат Хадзипанагисда аллақачон мужассам эди. Гўёки бир футболчи келажакдан етмишинчи ва саксонинчи йилларга келиб қолгандек эди.

“Мен “Ираклис” жамоасида ўйнасам ҳам “Панатинаикос”, Олимпиакос”, ПАОК ва AEK каби рақиб жамоа мухлислари мени ўзларининг энг севимли футболчилари деб ҳисоблашарди”. Ўша пайт мухлислар учун ишлаб чиқарилган шарфларда шундай ёзувлар битилганди: “Грек Марадонасими? Қўйсанг-чи, Марадона – бу аргентиналик Хадзипанагис-ку”.

Давоми бор.

Немис тилидан Баҳриддин Асланов таржимаси