French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон фани учун тарихий воқеа: термоядро реакторини йиғиш бошланди
18:45 / 2020-08-19

Дунёдаги ядро-физик олимлар янги энергия манбаини яратиш мақсадида доимий изланиш олиб боради.

Дунёдаги ядро-физик олимлар янги энергия манбаини яратиш мақсадида доимий изланиш олиб боради.

 Ана шундай лойиҳалардан бири термоядро реакторини яратишдир.

Ушбу лойиҳани амалиётга татбиқ этишда бир нечта давлатлар иштирок этмоқда ва улар ушбу термоядро реактори Франциянинг Кадараш шаҳрида бунёд этилиши бўйича келишувга эришган эди.

Жорий йилнинг июль ойи охирида ана шу оламшумул ишга қўл урилди. Яъни Кадараш шаҳрида Халқаро термоядро экспериментал реакторини (ИТЭР – ITER, International Thermonuclear Experimental Reactor) йиғиш ишлари бошланди.

Олимларнинг фикрича, бундай улкан қадам дунё илм-фани ва энергетикаси учун тарихий воқеадир. ИТЭР реактори инсониятни ишончли, хавфсиз ва амалда чексиз энергия манбаи билан таъминлаши мумкин. Aйни чоғда халқаро олимлар ва муҳандислар жамоаси ИТЭР реакторининг асоси бўлган токамакни ва келажакда ўрнатиш учун ускуналарни йиғиш босқичида. ИТЭР лойиҳасининг вазифаси эса саноат миқёсида термоядро энергиясидан фойдаланишнинг илмий ва технологик мақсадга мувофиқлигини намойиш этиш, шунингдек, бунга зарур технологик жараёнларни ишлаб чиқишдан иборатдир.

“Москва муҳандислик физика институти” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкентдаги филиали ижрочи директори Алишер Санетуллаев ИТЭР лойиҳасининг амалий аҳамияти ҳақида ўз фикрини баён этди.

– ИТЭР реакторини йиғиш бошланиши дунё илмий ҳамжамияти учун муҳим воқеа ҳисобланади. Aтом электр станцияларида ўрнатилган реакторлар бўлиниш энергиясидан фойдаланади. Бу уран ядроларининг бўлиниши жараёнида иссиқлик энергияси ажралиб чиққандан кейин электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ишлатилади. Шунингдек, синтез реакцияси ҳам мавжуд, бу қуёш ва юлдузлар мисолида кўриб чиқилиши мумкин. 

Бундай ҳолда энергия водород ядролари каби енгил ядроларнинг қўшилиши туфайли чиқарилади. Юлдузларнинг ички қисмида ҳарорат ва босим шундай бўлиб, улар ядроларнинг бир-бирига яқинлашишига, кулон кучларини енгиб, янги ядрога бирлашишига имкон беради. ИТЭР лойиҳаси яратувчилари енгил ядроларининг синтези учун барқарор шароитлар яратиш, яъни термоядро реакциясини ер юзида ҳам ҳосил қилиш мумкинлигини исботламоқчи, – деди A.Санетуллаев.

Таъкидлаш керакки, мазкур лойиҳа дунё олимларининг улкан мақсадини мужассам этган. Бу – термоядро энергиясидан саноат миқёсида фойдаланиш мумкинлигини исботлашдир. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ИТЭР 300 миллион даражагача ҳароратда оғир водород изотоплари билан термоядровий реакциялар орқали энергия ишлаб чиқариши керак. 1 граммдан олинган энергия миқдори бундай реактор учун ёқилғи 8 тонна нефтдан келадиган энергия ҳажмига тенгдир. Лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш билан дунё анъанавий манбаларга қараганда, анча фойдали бўлган ишончли ва хавфсиз энергия манбаини қўлга киритиши мумкин.

Алишер Санетуллаевнинг таъкидлашича, бошқариладиган термоядровий реакцияга эришиш олимлар ва энергетикларнинг энг катта орзуси. Агар шу муваффақиятга эришилса, у жуда арзон ва деярли чексиз энергия бўлади. Чунки бунинг учун ер юзида жуда кўп ёқилғи мавжуд. Шу билан бирга, унинг салбий жиҳатлари деярли йўқ. Масалан, бундай реактор иссиқхона газларини чиқармайди. Aнъанавий атом электр станцияларига қараганда, унда анча камроқ радиоактив чиқиндилар мавжуд. Ва бу чиқиндилар – радиоизотоплар узоқ умр кўрмайди, аксинча, улар тезда парчаланади.

Бу борадаги тарихий маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, термоядровий реактор концепцияси биринчи марта 1954 йилда И.В.Курчатов номидаги Aтом энергияси институтида ишлаб чиқилган. Бошқариладиган термоядровий лойиҳани амалга ошириш бўйича халқаро музокаралар 1980 йиллардан буён давом этмоқда. Янги авлоднинг термоядро қурилмаларини яратиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш академик Е.П.Велихов ташаббуси ҳисобланади.

1992 йил 21 июлда Россия, Европа Иттифоқи, AҚШ ва Япония иштирокида ИТЭР техник дизайнини ривожлантириш бўйича кўп томонлама шартнома имзоланди. Ўн йил ўтгач, лойиҳага Жанубий Корея, Хитой ва Ҳиндистон қўшилди. ИТЭР тарихидаги навбатдаги қадам 2006 йил 21 ноябрда Парижда имзоланган биринчи халқаро экспериментал термоядровий реакторни қуриш тўғрисидаги келишув бўлди. ИТЭР қурилиш майдончаси Франциянинг жанубидаги Кадараш ядро марказидир.

– Бундай йирик илмий лойиҳани амалга ошириш катта илмий, муҳандислик ва молиявий ресурсларни талаб қилади, – деди мамлакатларнинг халқаро илмий-техник ҳамкорликда очиқлигига эътибор қаратар экан ядро-физик олим Aлишер Санетуллаев. – Битта мамлакат бундай лойиҳани ўзлаштира олмайди. Етакчи давлатлар ўзларининг саъй-ҳаракатларини катта, улуғвор мақсадлар атрофида бирлаштирган ва узоқ вақт давомида катта миқдордаги маблағ сарфлашга тайёр эканликларининг ёрқин мисолини кўрмоқдамиз. Бундан ташқари, у тадқиқот гуруҳларига турли йўналишларда ишлашга ва бир-бирлари билан тажриба ва кашфиётлар алмашишга имкон беради. Очиқ шерикликсиз натижаларга эришиш қийин. Ушбу лойиҳадан кутилаётган натижа улкан.

Шундай қилиб, мазкур улкан ИТЭР лойиҳасини амалга оширишда Европа Иттифоқи, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Корея Республикаси, Россия Федерацияси ва AҚШ давлатлари иштирок этмоқда. Европа Иттифоқига иншоотни ўрнатиш нархининг 45 фоизи, қолган давлатларнинг ҳар бирига 9 фоиздан тўғри келади. "Росатом" давлат корпорацияси Россия томонидан лойиҳа бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши учун жавобгардир.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, УзА