Жаҳон банки Тожикистонга COVID-19 вирусига қарши курашда ёрдам беради
Куни кеча у Россия ва бошқа мамлакатларга, шунингдек, халқаро ташкилотларга COVID-19 га қарши кураш ва профилактика ишларида кўмак беришни сўраб мурожаат қилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни COVID-19 коронавирусини пандемия, деб эълон қилди. Бу, дунёнинг маълум бир минтақасида пайдо бўлган эпидемия барча чегараларни бузиб, бутун дунёга тарқалди, яъни пандемияга айланди деганидир. Дарҳақиқат, айни пайтда янги турдаги коронавирус билан боғлиқ касаллик дунёнинг қарийб барча давлатларига тарқалиб улгурди. Офат кириб бормаган мамлакатлар жуда оз қолди, уларни бармоқ билан санаса бўлади. Аммо, ушбу мамлакатлар ҳам хавфдан ҳоли эмас.
Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, мамлакатларда коронавирус пайдо бўлишининг олдини олиш, профилактика ишлари, айниқса, вирусга чалиниш ҳолати пайдо бўлганда назоратни қўлдан чиқармаслик учун олдиндан тайёргарлик кўриш, тезкор чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Зеро, Хитойнинг Хубэй вилоятида чиққан янги турдаги коронавирусга халқаро ҳамжамият томонидан ўз вақтида етарлича баҳо берилмагани боис, бугун кўпгина мамлакатларда вирус тарқалишига қарши кураш кутилган натижани бермаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Қўшни Тожикистон Республикаси ҳам, коронавирус етиб бормаган саноқли мамлакатлар сафида турибди. Куни кеча у Россия ва бошқа мамлакатларга, шунингдек, халқаро ташкилотларга COVID-19 га қарши кураш ва профилактика ишларида кўмак беришни сўраб мурожаат қилди.
Тожикистонда коронавирус билан касалланиш ҳали қайд этилмаган бўлса-да, мамлакат учун COVID-19 глобал пандемияси хавфи юқори. Мамлакатнинг ушбу офатга қарши тезкор ва самарали чоралар кўриши учун Соғлиқни сақлаш тизимида зарур тайёргарликларни кўриб қўйишни вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда.
Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода пайшанба куни коронавирусга қарши кураш ва профилактика ишларига ёрдам масаласи юзасидан мамлакатда аккредитация қилинган дипмиссиялар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашув режалаштиргани ҳақида оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Бир сўз билан айтганда, қўшни Тожикистон пандемия таҳдидан ҳоли эмас ва ҳукумат эҳтимолий хавфга олдиндан тайёргарлик кўриб қўйишга ҳаракат қилмоқда. Ўз навбатида, дунё ҳамжамияти, турли халқаро ташкилотлар Тожикистоннинг ушбу саъй-ҳаракатларини қўллаб қувватламоқда.
Куни кеча Жаҳон банки директорлар кенгаши Тожикистонда коронавирусга қарши чоралар куриш лойиҳалари учун Халқаро ривожланиш ассоциациясидан 11,3 миллион доллар ажратиш бўйича грант маблағни тасдиқлади.
Жаҳон банкининг Тожикистондаги ваколатхонаси матбуот котиби Нигина Алиеванинг РИА Новостига маълум қилишича, 11,3 миллион доллар миқдоридаги грант Тожикистонни COVID-19 глобал пандемияси билан боғлиқ таҳдидларга ўз вақтида чора кўриш ҳамда ушбу шароитда аҳолининг соғлигини асраш учун самарали иш олиб боришини қўллаб қувватлайди.
Молиялаштириш доирасида Тожикистондаги тиббиёт муассасаларининг жонлантириш ва интенсив даволаш бўлимларида 100 га яқин янги ўринни жиҳозлаш кўзда тутилган. Шунингдек, лойиҳа COVID-19 билан инфекцияланган мижозларни даволаш учун соғлиқни сақлаш тизимининг салоҳиятини янада оширишга қаратилади.
Мазкур лойиҳа бўйича COVID-19 профилактикаси ва уни аниқлаш учун зарур бўлган материаллар, жумладан, тест тўпламлари, лаборатория реагентлари ҳамда тиббиёт муассасалари ва лабораториялари ходимларининг шахсий ҳимояланиш воситалари сотиб олинади. Реанимация ва интенсив даволаш бўлимлари ходимлари COVID-19 профилактикаси ва беморларни даволаш, оғир аҳволга тушган беморларга олдинроқ ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича ўқитилади.
Мазкур лойиҳа аҳолининг кам таъминланган қатламини, айниқса, болаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳамдир. Лойиҳа доирасида оммавий ахборот воситалари ва бошқа маҳаллий жамоатчилик ташкилотлари томонидан аҳолига пандемия ҳақида ва профилактика учун кўриладиган амалий чоралар, масалан, шахсий гигиенага қаттиқ амал қилиш, мунтазам равишда қўлларни совунлаб ювиш каби тадбирларни тарғибот-ташвиқот қилиб бориш ишларини молиялаштириш ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари, пандемиянинг аҳолининг кам таъминланган қатламига салбий таъсирини камайтириш учун, лойиҳа доирасида фавқулодда пул тўловлари (трансфертлар) ҳам молиялаштирилади. Мазкур молиявий қўллаб-қувватлаш биринчи навбатда, кичик фарзандли, нарх-наво ошиши натижасида озиқ-овқат етишмовчилигини бошдан кечирадиган оилаларга мўлжалланган. Мазкур трансфертлар инқироз ҳукм сураётган вазиятларда оилалар орасида тўйиб овқатланмаслик хавфини камайтиришга ёрдам бериши мумкин.
Куни кеча Тожикистоннинг коронавирус хавфига қарши кураш учун ёрдам сўраб йўллаган Нотаси Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳам кўриб чиқилаётгани маълум қилинган эди.
Дарҳақиқат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, дунёда коронавирусга чалиниш ҳолати аллақачон 900 мингдан ошиб кетди, 45 мингдан зиёд бемор офат қурбонига айланди.