Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Жаҳон банки илмий ишланмаларни тижоратлаштиришга 50 миллион доллар ажратади
14:22 / 2019-12-24

Конференцияда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва бу йўналишдаги ишларни халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари ҳақида ОАВ вакилларига маълумот берилди.


24 декабрь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда инновацион ғояларни ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш” мавзусида брифинг ўтказилди. Брифингда инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, вазирнинг халқаро маслаҳатчиси Ербол Сулейманов, бошқарма бошлиғи Жамолиддин Бобохонов йиғилганларга мавзу юзасидан маълумотлар тақдим этди.

Конференцияда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва бу йўналишдаги ишларни халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари ҳақида ОАВ вакилларига маълумот берилди.

Бугунги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги маҳаллий илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича қатор ишларни амалга оширмоқда. Айниқса, мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатбардошлигини кучайтиришда илм-фан ҳиссасини ошириш мақсадида илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги қарорига мувофиқ 43 та инновацион ишланмаларга қўшимча равишда 69 та ишланма тижоратлаштириш учун саралаб олинди. Бугунги кунда 102 та инновацион ишланма тижоратлаштирилмоқда. Олиб борилган ишлар натижасида умумий қиймати 35,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва 29,57 миллиард сўмлик маҳсулот реализация қилинган.

Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳозирга қадар стартап лойиҳаларни ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириш учун икки марта танлов ўтказилди. Танлов натижаларига кўра жами 32 та лойиҳа саралаб олиниб, уларга 29,2 миллиард сўм миқдорида пул маблағлари йўналтирилган. Биринчи танловга жами 172 та лойиҳа тақдим этилган. Танлов натижаларига кўра Илмий-техник кенгаш қарорига асосан жами 16 та лойиҳани молиялаштиришга 13,9 миллиард сўм йўналтирилади. Иккинчи танлов бўйича жами 136 та лойиҳа онлайн рўйхатдан ўтказилган. Танлов натижаларига кўра 16 та қиймати 15,3 миллиард сўмлик стартап лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилди.

photo5193011882506693889.jpg

Мана шу ишларни давом эттириш ва такомиллаштириш мақсадида вазирлик Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича концепция лойиҳасини тайёрламоқда. Ҳужжат Жаҳон банки Директорлар кенгаши томонидан тасдиқланганидан сўнг 2020 йилда мазкур лойиҳани молиялаштиришга қарийб 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Мазкур лойиҳа амалий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, тадқиқотларнинг сифат ва долзарблик жиҳатдан юқори даражада бўлишига хизмат қилади. Бунда илмий тадқиқот ишлари техник жиҳатдан мукаммал бўлиши ва тижоратлаштириш имкониятига эга бўлиши керак. Яъни илм-фан ва саноат ҳамкорлигини ўзида мужассам этувчи ишланмаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Лойиҳа доирасида ўзбекистонлик олимлар ва ёш тадқиқотчилар иштирокида халқаро стандартларга жавоб берадиган амалий тадқиқотларни молиялаштириш учун грантлар, шунингдек, талаба ва олимлар учун хорижда ўқиш ёки тадқиқот олиб бориш учун стипендиялар тақдим этилиши режалаштирилган. Танловларда иштирок этиш учун юбориладиган аризалар тадқиқотнинг илмий қиймати, Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёти учун тадқиқотларнинг долзарблиги, етакчи халқаро илмий-тадқиқот ташкилотлари билан қўшма тадқиқотлар ўтказиш салоҳияти ва имкониятлари нуқтаи назаридан баҳоланади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ахборот хизмати