“Жўш ота” маҳалласидаги ички ишлар органи таянч пункти Самарқандда энг намунали бўлди
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида анъанавий “Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари” кўрик-танлови вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида анъанавий “Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари” кўрик-танлови вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тантанали маросимда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этиб, кейинги йилларда ички ишлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ходимларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши аҳоли осойишталигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқубузарликларнинг олдини олишга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Профилактика инспекторларини маҳалла аҳолиси билан яқинлаштириш, ҳудудда турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоятда профилактика инспекторлари 553 нафардан 655 нафарга етди, таянч пунктлари эса илгари 404 та бўлгани ҳолда айни пайтда 527 тани ташкил этмоқда. Профилактика инспекторлари учун барча маҳаллаларда хизмат уйлари қурилган. Шунингдек, инспекторлар имтиёзли кредит асосида шахсий автомобиль билан таъминланган.
Бундай эътибор ва яратилган имкониятлар туфайли 2019 йилда вилоятдаги 1095 маҳалланинг 317 тасида умуман жиноят содир этилмади.
Ана шундай маҳаллалардан бири вилоятнинг энг олис ҳудудларидан бири Қўшработ туманидаги “Жўш ота” маҳалласидир. Ўтган йил ушбу маҳаллада “Обод қишлоқ” дастури асосида кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Замонавий инфратузилма объектлари, жумладан, ички ишлар органи таянч пункти бунёд этилди. Маҳалла профилактика инспектори С.Йўлдошев ва унинг ёрдамчиси томонидан маҳалла билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида ҳудудда жиноят қайд этилмади.
Шу ва бошқа жиҳатлар ҳисобга олиниб, мазкур маҳалладаги 525-таянч пункти “Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари” кўрик-танлови Самарқанд вилояти босқичи ғолиби деб эътироф этилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Ғолибга 1-даражали диплом ва 11 миллион 150 минг сўм миқдорида пул мукофоти топширилди.
Иккинчи ўрин ва 8 миллион сўм 920 минг сўм пул мукофоти Жомбой тумани Зарафшон маҳалласидаги 134-сонли таянч пунктига берилган бўлса, Нуробод тумани Гирдиқўрғон маҳалласидаги 257-сонли таянч пункти учинчи ўринни эгаллаб, 5 миллион 575 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланди.