Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзгараётган Фориш: энди бу даштларда боғлар гуллайди
14:30 / 2020-09-10

Жиззах вилояти Фориш туманининг қиёфаси йилдан йилга ўзгармоқда.


Жиззах вилояти Фориш туманининг қиёфаси йилдан йилга ўзгармоқда. 

Азалий дашт-у саҳролардан иборат ҳудудда яшил майдонлар пайдо бўлаётир.

Фориш Республикамизнинг энг катта ҳудудга эга туманларидан бири. 953 минг 542 гектарни ишғол қилган туман ҳудуди Жиззах вилояти умумий ер майдонининг 49 фоизини ташкил этади.

Нурота тоғлари бағридаги булоқлардан бошқа барқарор сув манбаига эга бўлмаган ҳудудда Республика ҳукуматининг ташаббуси билан 2017 йилда “Караман” сув омбори қурилиши бошланиши тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Ушбу лойиҳани амалга оширишда туманидаги 20 минг гектар майдонни сув билан таъминлаб боғдорчилик, узумчилик, озуқабоп экинлар етиштириш кўзда тутилган.

Иншоотни сув билан таъминлаш учун Жанубий Мирзачўл каналининг 30 километрли қисми реконструкция қилиниб, 18 километр кириш канали қурилади. Лойиҳага мувофиқ сув омбори 117 миллион кубметр сиғимга эга бўлади. Иншоотнинг тўғон айланаси 6,8 километрни ташкил этади.

Омборга секундига 15 куб метр сув чиқариш қувватига эга насос ўрнатилади. Бу насос орқали сув 90 метр баландликка кўтарилади. Омбордан чиқиш каналининг қуввати ҳам ҳудди шунча – сукундига 15 куб метр сув ўтказиш қувватига эга бўлади.

Сув омбори қурилиши лойиҳасини икки босқичда амалга ошириш кўзда тутилган. Биринчи босқичи 20 минг гектар, иккинчи босқичда 30 минг гектар лалми ер майдонлари ўзлаштирилиб, тежамкор суғориш технологияларини қўллаган ҳолда боғ ва ток ва токзорлар, полиз экинлари ҳамда озуқабоб экинларни етиштириш кўзда тутилган.

Лойиҳага мувофиқ биринчи босқичда сув чиқариладиган тоғ этакларидаги адирлардан ва чўл ҳудудларидан иборат иккита йирик массив танланди. Жумладан, лойиҳанинг биринчи босқичида Боғдон массивидаги Қоратош қишлоғи атрофида 2 минг 400 гектар, Ана-Муна қишлоғида 2 минг 200 гектар, Осмонсой қишлоғида 1 минг 651 гектар, Илончи қишлоғида 1 минг 700 гектар Хонбади шаҳарчаси атрофидаги даштларда 1 минг 500 гектар, жами 9 минг 451 гектар, Қизилқум массивида 10 минг 549 гектар лалми майдон сув билан таъминланади.

Ушбу янги ўзлаштирилган массивларда 3 минг 800 гектар ёнғоқзор, 4 минг 350 гектар боғ, 5 минг 50 гектар узумзор барпо этилади. 2 минг 150 гектар полиз махсулотлари, 2 минг 800 гектар сабзавот, 850 гектар унаби ва 1 минг гектар ерда озуқа экинлари етиштириш режалаштирилган.

– Давлатимиз раҳбарининг эътибори билан туманимиз ҳаётида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда, – дейди меҳнат фахрийси Холмат Маматов. – Туманмизда асрлар давомида энг катта муаммо сув танқислиги, суғорма деҳқончилик манбаларининг йўқлиги бўлиб келган. Президентимиз ташаббуси билан “Караман” сув омбори бунёд этилишида ушбу муаммони ҳал қилишдек эзгу мақсад кўзланган. Бу иншоот битказилиб минглаб гектар ерларга сув чиқарилиши қишлоқ хўжалигининг ривожланиши, одамларга янги иш ўринлари, даромад манбалари яратилиши, халқ турмуш фаравонлигининг ошиши демакдир. Шунинг учун бу иншоот қурилиши ҳудуд ҳаётини, одамлар тақдирини ўзгартирадиган тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлаётир.

Иншоотнинг ҳудуд учун зарурлигидан келиб чиқиб, лойиҳалаш ва қурилиш ишларини паралел бажаришга ҳукумат томонидан рухсат берилган. Лойиҳалаш ишлари “Ўз ГИП” масъулияти чеклангавн жамияти томонидан бажарилаётир. Сув омбори қурилишини бош пудратчи “"To'palang HPD water construktion” (“Резаксой сув қурилиш” УК) масъулияти чекланган жамияти амалга оширмоқда.

Шу кунларда сув омборини бунёд этиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Қурилиш ишларида 800 нафардан зиёд ишчи ва мутахассис қатнашиб, 38 та қудратли экскаватор, 25 та бульдозер, 170 та самосвал, турли русумдаги тупроқ зичлагич техникалари ишлатилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар 18,6 километр узунликдаги кириш каналида 31 та иншоотлар қурилди.

Сув омбори тўғонини барпо этишда 3 миллион 415 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилди. Бу лойиҳадаги ишнинг 74 фоизини ташкил қилади. Ҳавзадан сувни кўтариб берувчи насос станцияси катловани ҳамда насос станцияни электр энергия билан таъминловчи подстанция қуриш ишлари белгиланган жадвал режага мувофиқ олиб борилмоқда.

– Иншоотнинг ишга тушишини туманимизда жуда кўпчилик катта қизиқиш билан кутаётир, – дейди Фориш туман ирригация бўлими бош мутахассиси, Хуршид Чимаев. – Шу боис ушбу йирик иншоотда кенг кўламда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари туман ҳокимлиги ва жамоатчиликнинг доимий эътиборида бўлиб келаётир. Туман ҳокимлиги, тегишли ташкилотлар томонидан лойиҳалаш ва қурилиш ишларини тезлаштириш учун зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Қурувчиларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда яқиндан кўмак берилаётир.

Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами муносабати билан туман ҳокимлиги томонидан қурувчилар учун байрам тадбирлари ташкил этиб берилгани ҳам “Караман” қурувчиларини мамнун этди. Тадбирда иншоот қурилишида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ илғор қурувчиларга туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари топширилди. Байрам дастурхони ёзилиб туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази санъаткорлари томонидан концерт дастурларини ташкил этилди.

Заминни сув ўзгартиради. У Она ерга ҳаёт бағишлаб, фаровонлик яратади. Бугун Форишда ана шундай эзгу иш амалга оширилаётир.