Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов “Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd” компанияси раиси Ли Ван Жун ва профессор Чен Фан Гу билан мулоқот ўтказди.
Мулоқот давомида Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг коронавируснинг турли вариантларга қарши ҳимояси тўғрисида олинган илмий натижалар ҳақида сўз борди.
Текширув натижалари ҳақида иккита илмий мақола тайёрланган бўлиб, улар билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишиш мумкин: https://doi.org/10.1038/s41422-021-00514-9 ва https://doi.org/10.1101/2021.02.01.429069.
Мазкур икки тадқиқот ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси Covid-19 вирусининг айни вақтда дунёда тарқалган африкача (501Y.V2) ва британча (D614G) вариантларидан ҳимоя қила олишини тасдиқламоқда.
Мулоқот давомида ҳозирда олимлар Ҳиндистондан тарқалган дельта-вариант устида ҳам тадқиқотлар олиб бораётгани, бу ҳақда мақола ҳали чоп этилмагани, аммо натижалар ижобий бўлаётгани ҳақида фикр алмашди.
Лаборатория текширувлари вакцинацияланган одам зардоби ҳам, ҳайвонлар зардоби ҳам дельта вариантга қарши ҳимояланганини намоён этган. Айни пайтда маълумотлар таснифланмоқда ва мақоланинг яқин кунларда чоп этилиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳозиргача Хитойда 90 миллион аҳоли ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланган. Уларнинг аксарияти вакцинанинг биринчи ва иккинчи дозаларини олган. Шу пайтгача мазкур вакцина билан эмланганлар орасида коронавирусга чалинганлар аниқланмаган.
Н.Абдураимова, ЎзА