Қадимий тарихга эга Наврўзи олам аслида шарқона янги йил ўзининг янгиланиш, яшариш нафаси баҳорни бошлаб келиши, халқимизнинг табиати, тафаккури, қалбига чуқур сингиб кетгани, ҳар қайси оила, хонадонга шодлик, хуррамлик олиб кириши билан биз учун энг қадрли, азиз ва суюкли миллий байрам саналади. Наврўз миллий маънавиятимиз ривожидаги энг муҳим шодиёна, бу кунда юртимизнинг ҳар бир гўшасида баҳорий кайфият ҳукм суради.
Ургут туманининг олис чегара олди ҳудудларидан бири Чеп маҳалласидаги амфитеатр эрта тонгдан одамлар билан гавжум бўлди. “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” шиори остида ўтаётган байрам тантаналари узоқ вақт кўпчиликнинг ёдидан чиқмайди.
Байрам тантаналарига ташриф буюрган туман ҳокими Ботир Жабборов ўтган 2023 йилда туман миқёсида барча жабҳаларда қўлга киритилган ютуқлар ва галдаги улкан марралар хусусида сўз юритиб, туман аҳли ва меҳмонларини яшариш ва гўзаллик айёми билан қизғин табриклади.

Дарҳақиқат, Наврўз – тинчлик, тотувлик, бирдамлик ва фаровонлик байрами. Бу миллати, динидан қатъи назар, шу юртда яшаётган барча миллатлар, элатлар учун бирдек севимли айём. Келиб чиқиш тарихи узоқ ўтмиш, азалий қадриятлари боқий ва бизнинг кунимизгача яшаб келаётган Наврўз умумхалқ байрами ҳамиша элимиз ардоғида.

Бундай кўтаринки кайфият туманнинг асосий Наврўз байрами тантаналари бўлиб ўтган Ургут истироҳат боғида давом этди. Барча бир-бирини табриклаган, қутлаган. Айниқса, болажонларнинг хурсандчилиги барчага табассум улашди.
Пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар ва туман Маданият бўлими хонандалари барчага кўринки кайфият улашди.

Байрам шодиёналари шунингдек, Қоратепа маҳалласидаги сўлим ва ўзига хос сирли қиёфа касб этган гўша – Тешиктош маданий мерос масканида ҳам ўзгача нишонланди. Наврўз қадимда кенг дала қирлар, тоғлар ён бағри, боғлар қўйнида бутун элу улус билан биргаликда нишонланишида файз бор. Бундай сайлларда барча бирдек иштирок этган. Бунда инсонлар бирликни, тотувликни яна бир карра ҳис қилади.

Тешиктош масканида ўтган сайл миллийлигимизни ўзида акс эттирди, десак муболаға бўлмайди. Унда Ургут туман Маданият бўлими ходимлари, туманнинг “Бешқарсак” халқ ҳаваскорлик жамоасининг бир-биридан ранг-баранг дастурлари, турли саҳна чиқишлари, миллий спорт ўйинлари ва мусобақалар байрам иштирокчиларига манзур бўлди. Шунингдек, миллий таомлар кўргазмалари барчага хуш кайфият улашди.

Шу куни туманда ўтган барча байрам дастурлари турфа рангларга буркангани барчани эътиборида бўлди. Зеро, ранглар билан боғлиқ тасаввурлар халқимизда кеча ёки бугун пайдо бўлмаган. Халқимизнинг рангларга муносабати тарихи ҳам жуда қадимий. Наврўз ҳақидаги қўшиқлар ёки битиклар, урф-одат, маросим, халқ ўйинлари, томошалар, кўргазмалар барчасида рангларга алоҳида урғу берилган.
Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида бу ҳолга шундай таъриф берган: “Шарқдан баҳор насими эсиб келди. Оламни безамоқ учун фирдавс йўлини очди. Оқ ранг кетиб, бўз ерни алвон ранг қоплади, олам ўзига оро бериб безанмоқ тараддудига тушди. Зерикарли қишни баҳор нафаси ҳайдади, мусаффо баҳор яна ўз ҳукмига кирди. Қуёш яна қайтиб ўз ўрнига келди”.

Шундай экан юртимизда Наврўз шодиёналари ранглар жилоси ила янада гўзал ва мафтункор тус олаверади. Тинч ва осойишта юртга байрамлар ярашади. Наврўзим – қадаминг қутлуғ келсин!
ЎзА.