Украина президенти Владимир Зеленский Украина, Россия ва АҚШ вакилларининг навбатдаги учрашуви март ойининг бошида Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтиши мумкинлигини айтди, деб хабар берди DW нашри.
Зеленский Украина ва АҚШ делегациялари ўртасида Женевада бўлиб ўтган маслаҳатлашувлар ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг айтишича, “ҳақиқий хавфсизлик кафолатларига эришиш учун етакчилар даражасида учрашув бўлиши керак. Айнан шундай форматдаги учрашув урушни тўхтатиш бўйича музокараларда ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин”.
АҚШнинг Axios нашри 26 февраль куни "Оқ уй"даги манбасига таяниб хабар беришича, Дональд Трамп Зеленский билан телефон орқали суҳбатда Украинадаги урушни имкони борича тезроқ, ҳатто бир ой ичида тугатишни исташини айтган. Бу суҳбат Россия – Украина уруши бошланганига тўрт йил тўлганидан кейинги куни бўлиб ўтган.
Хабарга кўра, Зеленский суҳбат давомида Украинага кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирган ва Путинни урушни тўхтатишга фақат Трамп мажбур қила олишини таъкидлаган. Трамп эса ўз навбатида, эҳтимолий тинчлик келишуви доирасида АҚШ Украинага “муҳим хавфсизлик кафолатлари” беришга тайёрлигини айтган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QJBodowQrEM" title="Zelenskiy: Ukraina, Rossiya va AQSH o‘rtasidagi yangi muzokaralar BAAda o‘tishi mumkin" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА