Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Франция муносабатлари: Янгича қамров
10:57 / 2020-08-27

2020 йил май ойида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов Франция иқтисодиёт ва молия вазири Б.Ле Мэр билан онлайн музокара ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллигига

Иккинчи қисм

Иқтисодий дипломатиянинг ривожланиш суръати

2018 йил Франциянинг “Radio France Internationale” сайтида жойлаштирилган “Ўзбекистон реформатор-Президентининг Францияга ташрифи” хабарида шундай дейилган: Президент Шавкат Мирзиёев икки йил давомида Марказий Осиёда аҳолиси энг кўп мамлакатга раҳбарлик қилиб, Ўзбекистон иқтисодиётини сифат жиҳатдан янги босқичда ривожлантирмоқда. Шавкат Мирзиёев янги ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири иқтисодий дипломатияни ривожлантиришдир. Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро савдода имкон даражасида қулайлик яратиш тартиби ўрнатилган: икки томонлама солиққа тортиш, даромад ва капитал солиқларини тўлашдан қочишга йўл қўймаслик Конвенцияси ишлайди, Ўзбекистон - Франция муносабатлари мазмунли, комплекс ва тизимли хусусият намойиш этмоқда.

Дарҳақиқат, Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифидан сўнг, икки мамлакат раҳбарлари ўртасида эришилган шартномалар бажарилиши бўйича мулоқотлар фаоллашди. 2019 йил республикага Франция ТИВ давлат котиби Ж.-Б.Лемуан, 2019-2020 йилларда ушбу вазирликнинг Марказий Осиё мамлакатларидаги иқтисодий дипломатияси бўйича махсус вакили П.Лоро ташриф буюрди. 2019 йил сентябрда Парижда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Ж.-Б.Лемуан ўртасида музокара бўлиб ўтди, шу йил ноябрь ойида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган учрашувда Ж.-Б.Лемуан ва Марказий Осиё мамлакатлари элчилари иштирок этди. Ўзбекистон ва Франция ТИВ 2019-2020 йиллар учун Ҳамкорлик дастури имзоланди.

2020 йил май ойида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов Франция иқтисодиёт ва молия вазири Б.Ле Мэр билан онлайн музокара ўтказди. Мулоқот чоғида Франция томони Ўзбекистонга Жаҳон савдо ташкилотига кириш, Европа Иттифоқи преференцияларини олиш учун мамлакат-бенефициар мақомига эга бўлиш ва ЕИ билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик Келишувини имзолаш масалаларида ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдрди. 2020 йил июнь ойида илк бор икки мамлакат парламент аъзолари иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди. Учрашувда парламентлараро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва 2020 йил иккинчи ярим йилликка тадбирлар режаси муҳокама этилди, ўз ичига “йўл харитасини” киритган ҳамкорлик тўғрисида меморандумни ишлаб чиқиш ва имзолаш тўғрисида келишувларга эришилди.

001 ракам.JPG

Савдо-иқтисодий ҳамкорликда ижобий динамика кузатилмоқда. Ўзбекистон Франциянинг Марказий Осиё минтақасида етакчи савдо шерикларидан биридир. 2019 йил натижалари бўйича мамлакатлар ўртасдаги савдо айланмаси 345,7 миллион долларни ташкил қилган. Бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 1,3 барабор кўп. Авваллари Ўзбекистоннинг Франция билан савдо муносабатларида салбий баланс характерли бўлиб келган. Сўнгги йилларда эса натижа салбийдан ижобийга ўзгарди. Шундай қилиб, 2019 йилда Ўзбекистон экспорти 2016 йилга нисбатан 1,7 баробар кўпайди ва 205,7 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистоннинг асосий экспортини табий ресурслар ташкил қилади, сўнгги йилларда хизматлар экспорти анча ошди, бу улуш 14 фоиз атрофида. Импорт структурасини кимё, парфюмерия-косметика, фармацевтика тармоқлари маҳсулотлари ва жиҳозлари ташкил қилади.

2019 йил Парижда Ўзбекистон - Франция “UzFrance Trade” савдо уйи очилиши муҳим воқеа бўлди. Бу Ўзбекистон маҳсулотлари кенг номенклатурасини Франция бозорида оммалаштиришга хизмат қилади. Икки мамлакат ўртасидаги савдода қуритилган мева ва сабзавот экспорти янги ва улкан истиқболга эга йўналишлар сифатида кўрилмоқда.

Франция ишбилармон доираларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бормоқда. 2019 йил Тошкентда Ўзбекистон - Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда 30 та етакчи концерн ва молиявий институт вакиллари таркибидаги салобатли француз делегацияси иштирокида Ўзбекистон иқтисодиётининг реал секторига, жумладан, энергетика ва атом энергетикаси, инжиниринг хизмати ва фуқаролик қурилиши, қурилиш материаллари ва косметика воситалари ишлаб чиқариш, логистика, электротехника ва бошқа соҳаларга инвестиция киритиш имкониятлари муҳокама этилди.

Франция ишбилармон доираларининг қизиқиши статистик маълумотлар билан тасдиқланади. 2020 йил Ўзбекистонда Франция капитали иштирокидаги корхоналар сони ўтган йилга нисбатан 1,5 баробар ошиб, 36 тага етди. Ушбу корхоналарнинг 16 таси 100 фоиз француз капитали асосида иш бошлади. Паскаль Лоронинг фикрига кўра, бу Ўзбекистон чет эллик сармоядорларга очилгани билан боғлиқ. Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи эса савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиш суръатига қўшимча туртки берди. Натижада “кўплаб Франция фирмалари ҳозир Ўзбекистонга кириб келиб, муносиб позиция эгалламоқда”, - деди П.Лоро. Франция - Ўзбекистон “MEDEF International” ишбилармонлик кенгаши раиси К.Фонтен ўз ҳамкасби фикрларини қувватлаб, бундай дейди: “Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида бизнес олиб бориш учун энг жозибадор ва ривожланиб бораётган мамлакатлардан биридир. Айниқса, сўнгги уч йил давомида¸ Франция компаниялари фикрига кўра, Президент Мирзиёев томонидан ишбилармонлик доирасини яхшилаш мақсадида бошланган чуқур ислоҳотлар туфайли Ўзбекистонда “янги давр” бошланди”.

Икки мамлакат ишбилармон доиралари ташаббусига кўра, 2019 йил Парижда нодавлат нотижорат ташкилоти мақомига эга бўлган Ўзбекистон - Франция бизнес-клуби фаолият юрита бошлади. Тошкентда ҳам мазкур тузилма қароргоҳи очилиши кутилмоқда. Клуб ўз олдига савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ишбилармонлик фаоллигини олдинга силжитиш, шунингдек, турли музокаралар олиб бориш ва ахборот алмашиш учун Ўзбекистон - Франция бизнес майдонини шакллантириш мақсадини қўйган. Клуб вакиллари Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар Кенгаши таркибига киритилган. “Клуб турли соҳаларда тадқиқотлар ўтказиш учун Тошкентда экспертлик маркази ташкил қилишни режалаштирган”, - дейди клуб раҳбари Гулнора Холматова.

Франция ривожланиш агентлиги тизими бўйича молиявий-техник ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Тузилма фаолияти ривожланаётган мамлакатлар барқарор ривожланиши ва иқтисодий ўсишига йўналтирилади. Агентликнинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси 2018 йилда Тошкентда аккредитациядан ўтган. Бунинг учун Тошкент танланиши – сиёсий қадам, яъни Ўзбекистон Франция учун минтақада жада муҳимлигини билдиради. Ўша йилнинг ўзида илк бор агентликнинг Ўзбекистон ҳукумати билан икки томонлама маслаҳатлашуви бўлиб ўтди. Бундай мулоқот ҳар йиллик мақомига эга бўлиб, республика иқтисодиёти учун молиялаштиришнинг янги манбаларини очиб беради. Агентлик директори ўрибосари Ж.-К. Пирес шундай таъкидлайди: Маслаҳатлашувлар жуда самарали бўлди ва мен учун ФРА ва Ўзбекистон ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлаш катта шараф.

Франция ривожланиш агентлиги томонидан Ўзбекистон билан умумий қиймати 600 миллион евролик инфратузилмавий лойиҳаларни 2018-2021 йилларда амалга ошириш бўйича ҳамкорлик Дастури имзоланган. Устувор йўналишлар этиб қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва оқава сув, гидроэнергетика, сайёҳлик, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти ва чиқиндаларни бошқариш белгиланган. Агентлик иштирокида “Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқинидиларни бошқаришни модернизациялаш, “Чорвоқ ГЭСи фаолияти хавфсизлигини ошириш”, шунингдек бугунги кунда устувор соҳаларда 13 та янги лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб борилмоқда.

Франциялик шериклар билан йирик инвестиявий лойиҳаларга старт берилди. Буллар орасида “Orano” компанияси билан Навоий вилоятида уран конларида геология-қидирув ишларии олиб бориш, “Lactalis” компанияси билан бирга Наманган вилоятида сув ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш «Assystem Engineeringand Operation Services S.A.S.» компанияси билан барча турдаги электр тармоқлари ва энергетика объектларини лойиҳалаштириш, “FIVES” компанияси билан Жиззах вилоятида архитектура ва автомобиль ойналари ишлаб чиқариш, “Total Eren” компанияси билан Самарқанд вилоятида фотоэлектр электр станциялари қуриш ва бошқа лойиҳалар шулар жумласидан. “Total Eren” компанияси катта вице-президенти Фабиен Демол таъкидлайди: “Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасидаги ва қуёш энергетикаси билан боғлиқ биринчи йирик халқаро лойиҳа асоосида биз келажакда 150 минг кишини электр қуввати билан таъминлаш билан фахрланамиз”.

Яқинда Тошкент шаҳри ҳокимияти ва Уй жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги “SUEZ” компанияси билан шаҳар сув таъминоти тизимини яхшилаш ва модернизациялаштириш учун 142 миллион евролик шартномани имзолашди. “SUEZ” компаниясининг халқаро ривожланиши бўйича директори Эрик Гибали таъкидлашича, “Ўзбекистон Марказий Осиёда минтақавий хабга айланмоқда. Биз Ўзбекистонни, хусусан, жўшқин ривожланиб бораётган пойтахт Тошкент ва афсонавий Самарқандни ўз бизнесимизни Марказий Осиёда ривожлантириш учун таянч нуқтасига айлантирмоқчимиз. Етти йилга тузилган шартнома сув ресурсларини бошқариш бўйича интеллектуал ечим таклиф этиш ва ходимларни ўқитишни ўз ичига олган. Ишончим комилки, Ўзбекистонда сув хўжалигини модернизациялашга қаратилган ушбу лойиҳа Марказий Осиёда ўзига хос дурдонага айланади”.

002 ракам.JPG

Яна бир йирик лойиҳа - Тошент вилоятида барча мавсумларга мўлжалланган “Билдирсой-Чимён-Нанай” халқаро курортини ташкил этиш. Ушбу лойиҳа француз компаниялари консорциуми билан амалга оширилиши режалаштирилган. Паскаль Лоронинг фикрига кўра, ушбу тоғ-чанғи курорти Марказий Осиё минтақасида энг йирик курортлардан бири бўлади. Француз сармоядорларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши етарли даражада диверсификация қилинган.

Ўзбекистон ва Франция минтақалари ўртасида ҳамкорлик олиб бориш бобида янги тенденция кузатилмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг Париждаги дипломатик миссияси томонидан Франция ишбилармонлари доиралари ва Жиззах, Наманган вилоятлари ҳокимиятлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Франциялик шерикларнинг бизнес-лойиҳаларини муҳокама этиш ва бизнес-форумларда иштирок этиш учун ушбу вилоятларга тизимли ташрифлари ташкиллаштирилмоқда.

Шу билан бирга 2018 йилда Тошкент шаҳри ҳокимияти ва Страсбург мэрияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида қўшма коммюнике қабул қилинган бўлиб, 2018-2021 йилларда саноат соҳасида шериклик тўғрисидаги келишув имзоланган. 2019 йилда Тошкент шаҳри ҳокими Париж шаҳри 7-округи мэри, Европарламент аъзоси Рашид Датини қабул қилди. Учрашув чоғида шаҳарлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, Тошкентда Страсбург университети филиалини очиш масалари муҳокама этилди.

Икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сайёҳлик секторидир. 2016 йил Ўзбекистонга 4,7 минг, 2020 йилда эса 20,4 минг франциялик сайёҳ ташриф буюрган. Бошқача айтганда, оралиқ даврда айни кўрсаткич 4,3 марта ошган.

Бундай ўсишга Франция фуқароларига 2018 йил октябрь ойидан бошлаб мамлакатимизга кириш учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилиниши, Францияда бўлиб ўтган халқаро туристик кўргазмаларда миллий «Tourissima Lille», «Mahana», «Mondial du Tourisme», «Top Resa» стендлар билан иштирок этиши, туристик брендни Le Point, Radio France International, Diplomatic World, Gala Magazine каби Франциянинг етакчи ОАВда оммалаштирилиши катта ёрдам берди. Хусусан, «Gala Magazine» нашри “Ўзбекистон – улкан имкониятлар мамлакати” , “Ўзбекистон – очиқ само остидаги музей” сарлавҳалари остида нашрнинг 45 саҳифасини республикамиз маданий-тарихий меросига бағишлади. Франциянинг яна бир машҳур “GEO” нашри Ўзбекистонни “2020 йилнинг энг ажойиб жойлари” рўйхатига киритган.

Эммануэль Дюпюи,
Европада истиқболни белгилаш ва хавфсизлик институти президенти,
профессор

Эльёр Маҳмудов,
Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти

Сайфиддин Жўраев,
Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори