Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши кураш йўли тўғрими?
22:09 / 2020-06-30

Коррупция ҳар қандай давлатнинг сиёсий тузилиши, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш даражасидан қатъи назар бутун дунёда глобал муаммо ҳисобланади.


Коррупция ҳар қандай давлатнинг сиёсий тузилиши, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш даражасидан қатъи назар бутун дунёда глобал муаммо ҳисобланади.

Мазкур муаммога қарши курашишда мамлакатимиз ҳам ўзига хос йўлдан кетмоқда. Бу борада амалга оширилган сўнгги ислоҳотлардан бири бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Мазкур агентлик коррупцияга қарши курашда самарага эриша оладими? Албатта, буни вақт кўрсатади. Лекин агентликнинг ҳуқуқий мақомидан келиб чиқиб, маълум хулосаларга келиш мумкин.

Биринчидан, Агентлик тўғридан-тўғри халқ сайлайдиган Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлис олдида ҳисобдордир. Бу эса коррупцияга қарши кураш масалаларини сиёсий даражада ҳал этиш имконини беради. Коррупцияга қарши сиёсий даражада курашилмаса, у ўз самарасини бермайди.

Иккинчидан, Агентлик мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлайди. Ҳар қандай муаммога қарши курашишда унга тизимли ёндашилмаса, ушбу муаммо узоқ вақт ўз таъсирини кўрсатиб тураверади. Шунинг учун ҳам коррупцияга қарши курашишда энг аввало, уни келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини тизимли таҳлил қилиш лозим.

Учинчидан, коррупция ҳолатлари ҳақида Агентликни хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобиль дастурий таъминот яратилади. Албатта, бу коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назоратини кучайтиради.

Тўртинчидан, Агентликка давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишини ҳамда декларацияларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш, шунингдек, ушбу жараёнда аниқланган коррупция ҳолатларига ўз вақтида таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш вазифаси юклатилди. Маълумки, давлат хизматида коррупцияга қарши курашишнинг энг муҳим шарти – давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш ҳисобланади.

Кўплаб давлатларда коррупцияга қарши курашиш ушбу тартибни жорий этиш билан бошлаган. Мисол учун, Франция давлат хизмати тизимидаги коррупциянинг олдини олиш ва унга барҳам бериш мақсадида ХХ асрнинг 90-йилларида сайланган барча давлат хизматчиларига ва коррупция таъсирига берилиши мумкин бўлган жамоат хизмати кадрларига ўз мол-мулки ва даромадлари ҳақида мустақил идораларга маълумот бериш мажбуриятини юклаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бу эса ўз самарасини берган.

Бешинчидан, бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш, шунингдек, уни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Маълумки, энг катта коррупция давлат харидлари соҳасида юзага келади. 

Шунинг учун, аксарият давлатларда мазкур соҳа бўйича назоратга алоҳида эътибор қаратади. Жумладан, Украинада 2016 йилда электрон давлат харидлари тизимида янада шаффофликни таъминлашга қаратилган DOZORRO мониторинг портали (DOZORRO.org) ишга туширилган. DOZORROнинг асосий воситаси харидорларнинг, етказиб берувчиларнинг ва индивидуал харидларнинг реал баҳолари бўйича ноёб маълумотлар базасини яратиш ҳисобланади.

Хорижий мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратсак, коррупцияга қарши курашнинг бир йўли сифатида алоҳида орган ташкил этиш тажрибаси мавжуд. Жумладан, коррупцияга қарши курашда юқори самарага эришган Янги Зеландияда шундай ташкилотлардан бири – “Коррупцияга қарши курашиш маҳкамаси (SFO)” амалий жиҳатдан чекланмаган ваколатларга эга. Ушбу маҳкаманинг вакиллари исталган фуқародан (фаррошдан тортиб то вазиргача) исталган ҳужжатни талаб қилишга ҳақли ҳисобланади.

Даниянинг “Халқаро ривожланиш агентлиги”да шошилинч алоқа мавжуд бўлиб, ҳар қандай фуқаро коррупция бўйича унга тезкор мурожаат этиши ёки шикоят қилиши мумкин. Барча шикоятлар синчиклаб текширилади ва айбдорлар сўзсиз жазоланади.

Албатта, ҳар бир давлат коррупцияга қарши курашда ўзига хос йўл танлайди. Мамлакатимизда Шарқ менталитети амал қилганлиги учун ҳам мазкур муаммога қарши сиёсий даражада курашиш энг самарали йўлдир. Бу борада янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги муҳим ўрин тутади. Умид қиламизки, мазкур орган ўз олдига қўйилган вазифаларни амалий жиҳатдан уддасидан чиқади.

Дилмурод ОРТИҚОВ
Тошкент давлат юридик
университети катта ўқитувчиси.