English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистоннинг инсонпарварлик сиёсати ўзбек тилида янгради
08:35 / 2020-09-24

Бугун дунё халқлари 7000 дан зиёд тилда гаплашади ва уларнинг фақатгина 200 га яқини давлат ёки расмий тил мақомига эга.


2020 йил, 23 сентябрь. Ушбу сана мамлакатимиз тарихи саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида иштирок этиб, илк бор ўзбек тилида маъруза қилди.

Давлатимиз раҳбарининг нуфузли халқаро анжуманда Она тилимиздаги маърузасини эшитиб, қалбимда чексиз ифтихорни туйдим. Ўзбеклигимдан, шу муқаддас заминда туғилиб, яшаётганимдан ғурурландим. Умидбахш кунларга бўлган ишончим янада ортди. Юрагимда халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда янада фаол иштирок этишга янгича куч, янгича ғайрат пайдо бўлганини ҳис қилдим.

Ахир инсон азиз бўлаётган, унинг қадр-қиммати улуғланаётган Ўзбекистонда бўлаётган муҳим ўзгаришларни шунчаки кузатиб туришга ҳаққим йўқ. Шу юрт фарзанди сифатида ота-онам, фарзандларим, қўни-қўшним, маҳалладошларим ва халқим манфаатига хизмат қилувчи янгидан-янги ташаббусларни, ғояларни илгари суришим лозим.

Албатта, она тилимнинг дунё тиллари орасида ўзига яраша нуфузга эга бўлиши осон кечмади ва ҳозир ҳам осон бўлаётгани йўқ. Тарих гувоҳ, тилимизга, у орқали халқимизга қарши қанчадан-қанча таҳдид ва тажовузлар бўлди. Айниқса, мустабид тузум даврида тилимизни, миллийлигимизни йўқотишга бўлган уринишларнинг саноғи йўқ. Аммо халқимиз ўз она тилини, у орқали миллий ғурур, урф-одат ва қадриятларини сақлаб қолди.

Маълумки, бугун дунё халқлари 7000 дан зиёд тилда гаплашади ва уларнинг фақатгина 200 га яқини давлат ёки расмий тил мақомига эга. Тарихчиларнинг эътироф этишича, шу пайтгача 10 мингга яқин тил йўқолиб кетган. Аср охирига келиб мавжуд тилларнинг 95 фоизи ўлик тилга айланиши хавфи бор. Тилнинг яшаб қолиши учун эса камида 1 миллион киши ўша тилда гаплашиши лозим экан. Ўзбек тилида эса бугун 50 миллиондан ошиқ аҳоли сўзлашмоқда. Бу Она тилимнинг умрбоқийлигини таъминловчи, мустаҳкамловчи энг муҳим омиллардан биридир.

Сўнгги йилларда халқимиз миллий манфаатларини таъминлаш, азалий қадриятлар, она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 21 октябрь санаси “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланиши ҳам фикримизнинг оддий тасдиғидир.

Давлатимиз раҳбарининг БМТдек нуфузли ташкилот анжуманида ўзбек тилида маъруза қилиши бу борадаги хайрли ишлардан бири бўлди. Энг муҳими, мамлакатимизнинг инсонпарварлик сиёсати илк бор Онамиз, опа-сингилларимиз алла айтган тилда янграб, дунёни забт этди.

Жаҳонгир ЗИЯЕВ,
ЎзМТДП депутати