Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонлик экспертлар мамлакатимиз инвестиция брендини шакллантириш бўйича ўқитилди
20:40 / 2020-10-14

14 октябрь куни Тошкентда “Мамлакатимизнинг инвестициявий бренди” мавзуида онлайн-форматда вебинар ташкил этилди.


14 октябрь куни Тошкентда “Мамлакатимизнинг инвестициявий бренди” мавзуида онлайн-форматда вебинар ташкил этилди. Учрашув Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва Бенилюкс мамлакатларидаги давлатимиз Элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда қатор вазирлик ва идораларнинг оммавий коммуникациялар ва PR-технологиялар соҳасидаги мутахассислари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Стратегия» маркази каби нуфузли марказларнинг экспертлари иштирок этишди.

Халқаро эксперт Сергей Становкин вебинар лектори сифатида иштирок этди. У 2009 йилдан буён халқаро медиа мутахассис сифатида дунёнинг турли мамлакатларида семинарлар, маҳорат дарслари ва маърузалар олиб бормоқда.

Миллий брендни шакллантириш – кўп босқичли вазифадир. Бренд яратиш иши билан ким ва қай усулда шуғулланиши керак? Бу борада такомиллашган коммуникациялар ва кучли брендлар халқаро рақобатда мамлакатларга қандай ёрдам беришади? Ташкил этилган вебинарда шу ва бошқа кўплаб саволларга жавоб берилди.

Иштирокчиларга блок маърузаси бўйича долзарб рейтинглар, қиёсий тадқиқотлар ва замонавий коммуникация ва брендинг технологияларидан фойдаланган ҳолда маърузалар курси тақдим этилди.

Шундан сўнг маҳорат дарслари ташкил этилди. Таҳлилий сессиялар давомида иштирокчилар энг яхши халқаро амалиётлар билан танишишди.

Иштирокчилар сўнгги 2-3 йилда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси мустаҳкамланиб, ортиб бораётганини қайд этишди.

Бугунги кунда жаҳон экспертлари, дипломатлари ва ишбилармон доира вакилларининг эътибори Ўзбекистонга қаратилган. Бироқ ҳорижлик сармоядорлар орасида мамлакатимизнинг танилиши афсуски, у қадар юқори эмас. Ушбу барча омиллар Ўзбекистон қиёфасига ўзига хос кўриниш бериш учун туртки бўлди.

Вебинар иштирокчилари мамлакатнинг кучли инвестициявий брендини шакллантириш ва жаҳонда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятини ривожлантириш бўйича энг яхши халқаро тажриба билан танишдилар. Муваффақиятли коммуникация кампаниясининг барча таркибий қисмлари - медиа-платформани танлаш ва контент яратишдан тортиб тадқиқотларни ташкиллаштириш ва кампания самарадорлигини таҳлил қилишгача бўлган жараёнлар таҳлил қилинди.

Тингловчилар замонавий ахборот технологиялар билан танишдилар, ахборотни таҳлил қилиш кўникмаларини оширдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг жамоатчилик билан алоқалар хизмати.