Ўзбекистоним
Ўзбекистоним – нон, тузим, дастурхоним.
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!
Ватан, ишқинг нигоҳимда бўйлайди,
Юрак сени ҳар зарбида куйлайди,
Мен ҳақимда онамдайин ўйлайди,
Ўзбекистоним,
Ўзбекистоним – нон, тузим, дастурхоним.
От босмаган йўллар босар тойи бор,
Олтин эмас, олқиш топган бойи бор,
Бир кўрганни соғинтирар жойи бор,
Ўзбекистоним,
Ўзбекистоним – ота уйим, ошёним.
Узун сочли қизлар кўрдим ҳаёли,
Бахтларини яширолмас девори,
Онам дерман, онам ҳар бир аёли,
Ўзбекистоним,
Ўзбекистоним – онамдай меҳрибоним.
Гўзаллардан чиройлидир анори,
Кўксидайин тоғларининг виқори,
Қишдан аввал бошланади баҳори,
Ўзбекистоним,
Ўзбекистоним – болам ўсган маконим.
Юрсам гуллар унаверар йўлимдан,
Шу эл учун нима келар қўлимдан,
Иқболини тилайман жон-дилимдан
Ўзбекистоним,
Ўзбекистоним – жондан азизим, жоним.
* * *
Уйинг бўлиб чорлаган чор деворинг эркингдир,
Кафтларида гилослар мевазоринг кўркингдир,
Ватан ишқи тоабад ерда қолмас юкингдир,
Киндик қонинг тўкилган тупроғинг Ватан.
Баҳорларда юз очган бойчечаклар синглингдир,
Қирларда лола терган Ойбарчинлар тенгингдир,
Йироқ кетмас хаёли Ватан асли кўнглингдир,
Томирингга нур оқар япроғинг Ватан.
Ватан надур, сўроқлаб муштоқлардан ўргандим,
Машойихлар, мусофир, машшоқлардан ўргандим,
Буғдойзорлар оралаб бошоқлардан ўргандим,
Дастурхонинг, насибанг, ушоғинг Ватан.
Дилдора МАРДИЕВА,
шоира