Ўзбекистонга 2019 йилда энг кўп сайёҳ қайси мамлакатлардан келгани айтилди
Маълумотларга кўра, 2019 йилда Ўзбекистонга 6 миллион 748 минг 500 сайёҳ келган. Энг кўп сайёҳ Марказий Осиё минтақасига тегишли.
Маълумотларга кўра, 2019 йилда Ўзбекистонга 6 миллион 748 минг 500 сайёҳ келган. Энг кўп сайёҳ Марказий Осиё минтақасига тегишли. Уларнинг сони 5 миллион 764 минг 500 кишига етган. МДҲ мамлакатларидан келганлар сони 495 минг 600, узоқ хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган меҳмонлар сони эса 488 минг 400 кишини ташкил этган.
Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этган брифингда маълум қилинди.
Ўзбекистонга ташриф буюрганлар орасида қариндош-уруғ ва дўстларини кўришга келганлар сони 81,8 фоиздан иборат бўлган бўлса, дам олиш учун келганлар 15,5 фоизни ташкил этган. Бошқа сабаблар, жумладан, даволаниш, харидлар, бизнес учрашувларда иштирок этиш ҳамда таълим олиш мақсадида келган хорижликлар сони 2,7 фоиз бўлган.
Ўтган йил якунига кўра, туристик хизматлар экспорти кўрсаткичи 1 миллиард 313 миллион АҚШ долларини ташкил қилиб, 2018 йилга нисбатан 26,1 фоизга ўсиш қайд этилди.
Ўзбекистон туризм салоҳиятини дунё жамоатчилиги орасида кенг тарғиб этиш мақсадида АҚШ, Япония, Германия, Италия, Хитой, Индонезия, Россия ва бошқа мамлакатлардан 160 дан ортиқ ОАВ вакилларининг ташрифи ташкиллаштирилди.
Тарғиботда хориждаги ватандошлар салоҳиятидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, 6 мингдан ортиқ ватандошимиз Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилишга жалб қилинди. Ўтган йилнинг 17-21 декабрь кунлари Токио шаҳридаги Сибуя майдонида Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи видеороликлар намойиш этилди, 90 дан ортиқ акциялар ташкил этилди, 60 мингдан ортиқ тарғибот материаллари етказилди.
– Туристлар ташрифининг мавсумийлик омилига эътибор қаратадиган бўлсак, кескин фарқлар гувоҳи бўламиз, – деди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Фахриддин Давруков. – Ўтган йиллар давомида хорижий туристларнинг энг кўп ташриф буюрган ойи ва энг кам ташриф буюрган ойи ўртасидаги фарқ 1,7 фоизни ташкил этган. Масалан август ойида энг кўп келган туристлар 693 мингни ташкил этган бўлса, февраль ойида 393 минг нафардан иборат бўлган. 2018 йилда бу кўрсаткич 2,1 фоизга қисқарган.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган MICE-туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси доирасида ҳудудлардаги MICE-тадбирлар учун салоҳиятли объектлар ўрганиб чиқилиб, уларнинг ягона реестри шакллантирилди ва “Meetings & Events Catalogue” каталоги ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, ҳозирда шу каби тадбирларни мувофиқлаштириш мақсадида Қўмита тузилмасида Конгресс ва кўргазмалар маркази ташкил этилмоқда.
Меҳмонхоналар қурилиши ва реконструкцияси, санаториялар, соғломлаштириш комплекслари, спорт-рекреация зоналарини яратишга қаратилган 1,1 миллиард миқдоридаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.