Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар Эрон ОАВда ҳам мунтазам акс этмоқда
Ишонч ёрлиқларини топшириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари билан бўлиб ўтган учрашув менга катта қувонч ва шараф бағишлади.
Ишонч ёрлиқларини топшириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари билан бўлиб ўтган учрашув менга катта қувонч ва шараф бағишлади.
Эрон Ислом Республикасининг қадимий, гўзал юрт бўлмиш дўст ва биродар Ўзбекистондаги элчиси сифатида фаолият юритаётганимдан беҳад хурсандман. Шу кунга қадар ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва халқи билан биргаликда, уларнинг ёрдами билан соҳада қимматли тажриба орттирдим.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатингизнинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари муттасил яхшиланишига ёрдам бериб, Ўзбекистоннинг минтақа ва халқаро миқёсдаги ўрни, эътибори юксалишига олиб келди. Мазкур ислоҳотлар Эрон Ислом Республикаси ОАВ ва илмий доираларида ижобий тарзда акс этмоқда. Буларнинг бари Ўзбекистоннинг дўсти бўлган Эрон учун ҳам қувонарлидир. Биз ушбу янгича ва ранг-баранг муҳитда ўзаро муносабатларимизни янада юқори даражага кўтаришга тўлиқ тайёрмиз.
Эрон ва Ўзбекистон маданий жиҳатдан ҳам, цивилизация нуқтаи назаридан ҳам кўплаб муштаракликларга эга. Бу ҳолат халқларимиз узоқ тарихий даврда аҳил, тинч-тотув яшаганидан келиб чиқади. Ҳамкорликнинг мустаҳкам ва муҳим бундай пойдевори мавжуд имкониятлардан энг қулай шаклда фойдаланишга замин яратади.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган илк даврдан бошлаб мамлакатларимиз ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатилган. Сўнгги бир неча йил давомида эса бу ҳамкорлик сезиларли даражада ривожланди. Жумладан, охирги икки йил ичида Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлислари мунтазам ўтказилиб, тадбирларда турли соҳадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ҳукуматлараро комиссиянинг яқин келажакда Теҳронда бўлиб ўтиши мўлжалланган навбатдаги ўн тўртинчи мажлиси ҳам муваффақиятли кечишига умид билдирамиз.
Ҳозиргача томонлар ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий соҳалардаги ҳамкорлик бўйича турли ҳужжатлар лойиҳалари алмашилган. Мазкур ҳужжатларнинг давлат раҳбарлари учрашувида имзоланиши ўзаро жипслик янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Ҳамкорлигимиз доираси савдо, инвестиция, транспорт, туризм, саноат, техник-муҳандислик хизматлари, тиббиёт, фармацевтика, олий таълим каби хилма-хил соҳаларни қамраб олган.
Эрон ва Ўзбекистон, шунингдек, минтақавий ва халқаро масалалар бўйича бир-бирига яқин қараш, ёндашувларга эга. Қўшни мамлакатлар ва минтақа давлатлари билан муносабатлар ҳар икки мамлакат учун устувор масала ҳисобланади. Биз айни масалаларни ўзаро маслаҳаташувлар орқали ҳамда минтақавий тузилмалар доирасида муҳокама қилиш имкониятига эгамиз.
Икки мамлакатнинг муҳтарам президентлари доимо ўзаро муносабатларни ҳар жиҳатдан юксалтириш лозимлигини уқтириб келадилар. Жумладан, давлатларимиз раҳбарларининг яқинда бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида ҳам долзарб масалаларга эътибор қаратилиб, бу борада алоқалдор тузилмаларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Ҳамид НАЙРОБОДИЙ,
Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси,