Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистондаги илк осмонўпар бино 9 баллгача бўлган зилзилага бардош беради
22:39 / 2019-08-29

Бу ҳақда пойтахтимизда бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз борди.


Бу ҳақда пойтахтимизда бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз борди. Тадбирда “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида барпо этилаётган 51 қаватли бинонинг концепцияси, архитектура режаси, дизайни ва техник хусусиятлари хусусида маълумот берилди.

Тақдимотда “Murad Buildings” компанияси асосчиси ва раҳбари Мурод Назаров ва “Ozguven” компанияси директорлар кенгаши раиси Озгур Озгювен лойиҳанинг ўзига хос жиҳатлари, унинг техник ва инновацион таркиби ҳақида сўзлаб берди ҳамда Ўзбекистондаги илк осмонўпар бинонинг расмий номини эълон қилди. Лойиҳа концепциясини тўлалигича ўзида акс эттирадиган бино “Nest one” – осмон барча учун деб аталади.

Осмонўпар бинодаги 746 та “люкс” хонадондан ташқари, офислар, ресторанлар, спорт ҳудудлари, кинозал, чекиш хонаси, телескопли хона ҳамда бошқа умумий хоналар жойлашади. Пастки қаватларда автомобиллар тўхташ жойи барпо этиш кўзда тутилган.

Дастлабки лойиҳада бино 215 метр баландликда қурилиши назарда тутилган эди. Бироқ тупроқ таҳлили ва Германия, Туркияда ўтказилган бир неча симуляциялардан сўнг унинг баландлиги 266,5 метргача оширилди.

Бунинг самарасида, ҳаво очиқ бўлганда, “Nest one”нинг юқори қаватларидан деярли 100 километр радиусда шаҳар яққол кўзга ташланади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, турар жойлар, амалий ва ижтимоий зоналарнинг қурилиш ишлари 2021 йилнинг декабрь ойида якунланиши режалаштирилган.

– Шуни ишонч билан айта оламанки, биз ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда тенги йўқ хусусиятлар ва қулайликларга эга бўлган ўзига хос бинони барпо этмоқдамиз, – дейди Мурод Назаров. – 33 та ижтимоий макон меҳмонхоналар, анжуман заллари, SPA-салони, фитнес-маркази, кинотеатр, болалар майдончалари, чўмилиш сув ҳавзаси, лаундж-зона, томоша майдончаси, омонат сақлаш камераси, кутубхона ва коворкинг-марказини ўз ичига олади. Буларнинг барчаси қарийб бир ярим гектар майдонни эгаллаган битта ҳудудда жойлашади ва у ердаги барча истиқомат қилувчилар ундан ягона бошқарув тизими доирасида фойдаланиш имконига эга.

Бундан ташқари, осмонўпар иморатлар шаҳар типидаги бинолар ичида энг хавфсиз иншоотлардан бири ҳисобланади. Чунки уларнинг қурилишида тупроқни ўрганишдан тортиб, бинони лойиҳалаш, қурилиш ва уни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнлар қатъий назорат остида бўлади.

– Бинонинг барча конструктив ҳисоб-китоблари, унинг зилзилага бардошлилиги бўйича ўтказилган синовлар якунига етди, – дейди “Ozguven” компаниясининг директорлар кенгаши раиси Озгур Озгювен. – Биз Истанбул университетида бинонинг мустаҳкамлигини текшириш бўйича бир қанча синовларни ўтказдик ва бизга бино 9 баллгача бўлган зилзилага бардош бера олади деган, ишончли жавоб беришди. Ҳар қандай баланд бино қурилишида шамол ҳам энг асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Биз унинг таъсирини камайтириш учун Германияда объектнинг симуляция шамол текширувларини ўтказдик. Шамол оқимлари бинонинг ҳар қаватидаги тренажёрларда ҳисобланди. Натижада, бинонинг фасад тизими батафсил ҳисоблаб чиқилди. Осмонўпар бинонинг ёнғинга бардошлигига ҳам алоҳида эътибор қаратдик. Ёнғин хавфсизлиги бўйича умумий қоидаларга кўра, энг аввало, одамлар хавфсиз жойга эвакуация қилинишини таъминлаш, сўнгра ёнғинни ўчиришга киришиш даркор. Бизнинг тизимимизда буларнинг барчаси ўзаро уйғунликда ишлайди. Айни пайтда, инновацион вентиляция тизими туфайли, бинонинг ёнғин ўчоғи интеллектуал тизим ёрдамида назорат қилинади.

Бундан ташқари, барча хоҳловчилар учун хонадонни масофадан туриб бошқариш тизими ўрнатилади. Унинг ёрдамида дазмол ўчирилгани, хонадонда турли электр мосламалари ишлаётганини текшириш, уйга киришдан олдин кондиционерни ёқиш ва бошқа кўплаб функцияларни амалга ошириш мумкин. Ҳозирги пайтда мажмуанинг маиший, коммунал ва техник ҳолатини назорат қилувчи компания билан музокаралар олиб борилмоқда.

Бинонинг пойдеворини мустаҳкамлаш мақсадида Barret тизими қўлланилади. Ушбу тизим ҳам ушбу лойиҳадаги бошқа кўплаб тизимлар сингари Ўзбекистонда илк маротаба қўлланилмоқда. Бўлғуси осмонўпар бинони алоҳида маркадаги бетон билан таъминлаш мақсадида Тошкентда махсус бетон заводи барпо этилмоқда. Ҳозиргача ушбу завод қурилиши учун 4 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилди. У фақат “Nest one” лойиҳасини бетон билан таъминлайди.

“Nest one” осмонўпар биносидаги хонадонлар 2019 йил 14 сентябрдан бошлаб сотувга қўйилади.