Ўзбекистондаги энг катта ҳарбий полигон фойдаланишга топширилди
Ўзбекистон Республикасидаги энг катта полигон – Марказий ҳарбий округга қарашли “Каттақўрғон” дала-ўқув майдони фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикасидаги энг катта полигон – Марказий ҳарбий округга қарашли “Каттақўрғон” дала-ўқув майдони фойдаланишга топширилди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Ушбу дала-ўқув майдонининг очилиш маросимида мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Нуроний жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳасан Нормуродов, фахрийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тумандаги мактаб ўқувчи ёшлари иштирок этди.
Дала-ўқув майдони чинакам маънода аскар академиясидир. Чунки полигонда ҳарбий хизматчи назарий билимларини амалий синовдан ўтказади. Шу боис, Ватан ҳимоячиларининг ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёргарлиги ошишида, жанговар шайлигининг ривож топишида полигонларнинг ўрни муҳимдир.
Тантанали маросимда сўз олган мудофаа вазири дала-ўқув майдони қурилишида жонбозлик кўрсатган ҳарбий хизматчиларга ўзининг самимий миннатдорчилигини билдирди. Албатта, бу каби полигонлар юртимиз ҳимояси учун бел боғлаган асл ўғлонлар учун малака ва тажриба орттириш майдони бўлишини таъкидлади.
Шундан сўнг полигон қурилишида иштирок этган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар мудофаа вазири томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, дала-ўқув майдони инфратузилмасини бунёд этган қурилиш ташкилотлари вакилларига тўн кийгизилди.
Очилиш маросимидан кейин мудофаа вазири генерал-майор Б. Қурбонов бошчилигида замонавий дунё талабларига мос келадиган ўқув синфлари, тиббиёт пункти, ётоқхоналар, ошхона, спорт зали, маданият маркази ҳамда жанговар техникалар ва автомобиллар тураржойлари кўздан кечирилди.
Ўзбекистондаги энг катта полигон чиндан ҳам дунё стандартларига тўла-тўкис жавоб беради. Унда бир вақтнинг ўзида барча турдаги жанговар техникаларни қўллаган ҳолда ўқув-машғулотарини олиб бориш имконияти яратилган.
Шунинг ўзи ҳам унинг бошқа полигонлардан алоҳида ажралиб туришини таъминлайди. Ўтказилган амалий ўқув машғулотларида ҳарбий хизматчилар замонавий полигонда яратилган ўқув жойларида билим ва кўникмаларини намойиш қилишди.