Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда “тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари” ташкил қилинади
09:42 / 2019-12-20

Ўзбекистонда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага жойлаштириш шаклларини ривожлантириш, тутинган оилаларнинг ижтимоий ҳимояланишини такомиллаштириш мақсадида қатор ўзгаришлар жорий этилмоқда.

Ўзбекистонда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага жойлаштириш шаклларини ривожлантириш, тутинган оилаларнинг ижтимоий ҳимояланишини такомиллаштириш мақсадида қатор ўзгаришлар жорий этилмоқда.

Боланинг оилада яшашга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган қонунчилик соҳаси такомиллашиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февралдаги “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг муқобил шаклларини танлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий етимликни олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши Ўзбекистонда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тизимида қатор ислоҳотларга замин яратди.

Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар Меҳрибонлик уйлари тизимида ноинституционаллаштириш жараёнининг кечишига, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани оилага тарбияга олувчи тутинган ота-оналар учун тайёрлов курсларининг йўлга қўйилишига асос яратди. Халқаро амалиётда кенг жорий этилган “Тутинган ота-оналарни тайёрлаш” мактаблари эндиликда Ўзбекистонда ҳам болани васийлик ёки ҳомийликка, фарзандликка, оилага тарбия (патронат)га олувчи, оилавий болалар уйини ташкил этиш истагини билдирган фуқароларимизни етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болага ғамхўрлик кўрсатишга профессионал даражада тайёрлаш учун хизмат қилади.

2019 йил 16-18 декабрь кунлари Халқ таълими вазирлиги, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази билан ҳамкорликда БМТ (ЮНИСЕФ) Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси техник кўмагида “Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларида тутинган ота-оналарнинг тайёрлов курсларини ташкил этиш” мавзусидаги 3 кунлик тренинг бўлиб ўтди.

Тренинг Халқ таълими вазирлиги ва БМТ (ЮНИСЕФ) Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликдаги Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази томонидан имзоланган лойиҳа фаолияти доирасида ташкил этилди.

Мазкур тренингда жами 60 нафар Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчаларининг Ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича директор ўринбосарлари, психолог ва педагоглар ҳамда вилоят, туман халқ таълими бўлимларидаги Васийлик ва ҳомийлик органлари мутахассислари қатнашди.

Тренинг иштирокчилари ушбу ўқув-таълимий жараёнда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни патронат (оилага тарбия)га олиш ҳамда Оилавий болалар уйини очиш истагидаги фуқароларни ўқитишнинг назарий ва амалий асослари билан танишишди. Курсларни ташкил этишга оид масалалар муҳокама қилинди.

Бўлғуси тренерлар учун ўтказилган тренинг Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ҳамда Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис марказининг етакчи эксперт мутахассислари томонидан амалга оширилди. Унда халқаро ва маҳаллий тажриба, эришилган ютуқлар инобатга олиниб, тренинг иштирокчилари учун услубий ва амалий материаллар тақдим этилди.

Эндиликда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари 2020 йилнинг январь ойидан ўз муассасалари қошида номзод патронат (оилага тарбия)га олувчи ва Оилавий болалар уйларини ташкил этиш ниятидаги фуқароларни ўз оилаларига болаларни қабул қилиш жараёнига ўқитиш ишларига мустақил киришишлари мумкин.