Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда стартап-экотизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
22:04 / 2020-01-10

Масалан, стартап-экотизимларга бағишланган сессияда Россиянинг “Frostgate” IT-компанияси директори Алексей Плотников чиқиш қилди.


Тошкентда ахборот технологиялари ва стартап-экотизимларини ривожлантириш мақсадида, шунингдек, юртимиздаги илк Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (Технопарк) ташкил этилганининг бир йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Технопарк ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз ва хорижлик соҳа мутахассислари, дастурчилар, project-менежерлар, Технопаркнинг илк битирувчилари иштирок этди.

Технопарк директори Фарҳод Ибрагимов мамлакатимиздаги биринчи Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини ривожлантиришдан мақсад, унинг вазифалари ҳақида сўзлаб берди.

photo5244545674672975379.jpg

Директорнинг айтишича, Технопарк аллақачон маҳаллий стартап-экотизимининг бир қисмига айланиб улгурди ва юртимиздаги стартап-ҳаракатларни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш имконини берди. Унинг резидентларига қатор солиқ ва божхона имтиёзлари, преференциялар тақдим этилди, улар учун зарур инфратузилма яратилди. Умуман олганда, парк тўртта бинодан иборат бўлади. Уларда коворкинг-марказ, IT-академия, лаборатория ва IT-меҳмонхона жойлашади. Шунингдек, вилоятларда ҳам филиаллар очилади. Бундан ташқари, 2019 йил сентябрь ойида Технопарк ҳузурида венчур жамғармаси ҳам тузилди. Унинг маблағларини истиқболли IT-академиялар ва марказларга сарфлаш режалаштирилмоқда.

“StarTTech” анжумани тўртта сессиядан иборат бўлиб, уларда стартап-экотизим, венчур молиялаштириш, IT-таълим, юқори технологияли маҳсулотларни экспорт қилишни ривожлантириш каби мавзулар муҳокама қилинди. Ўз бизнесини стартап орқали ривожлантирган маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ўз тақдимотларини намойиш этди.

Масалан, стартап-экотизимларга бағишланган сессияда Россиянинг “Frostgate” IT-компанияси директори Алексей Плотников чиқиш қилди. У уяли алоқа телефонлари ёки компьютер ўйинларини яратишга йўналтирилган кичик стартап қандай қилиб муваффақиятли бизнесга айланиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди.

photo5244545674672975380.jpg

– Компьютер ўйинларини яратиш мураккаб, бироқ қизиқарли жараён. Шу боис бу соҳада айнан энг яхши дастурчилар меҳнат қилади, – деди А.Плотников. – Ёш мутахассис ўйинларни яратар экан, малакали мутахассисларнинг тажрибасини ўрганиши ва улардан фойдаланиши мумкин бўлган муҳитга тушиб қолади. Айни пайтда янги ўйинни яратиш бир пайтнинг ўзида уч-тўртта мамлакатда амалга оширилиши мумкин, бу дастурчилар учун масофадан туриб ишлашда янги имкониятлар эшигини очиб беради. Компьютер ўйинларини яратиш соҳасидаги билим ва кўникмалар нафақат халқаро компанияга ишга жойлашиш, балки шахсий бизнесни йўлга қўйиш имконини ҳам беради.

Конференция доирасида, шунингдек, Технопарк битирувчиларининг стартаплари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз учун ҳали янги бўлган IT-саноатга тааллуқли турли лойиҳалар намойиш этилди.

– Компаниямиз катта маълумотлар ва машинавий ўқитиш бўйича янги техник ечимларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади, – дейди “Zuccotech” компанияси директори Содиқ Шокиров. – Дунёдаги йирик компаниялар, жумладан, Швециянинг Ericsson компанияси бизнинг мижозимиз. Айни дамда ушбу ишлаб чиқарувчининг минглаб серверлари бўлиб, уларда маълумотлар терабайтлари қайта ишланади. Улар интеллектуал таҳлил учун бизнинг ишланмаларимиздан фойдаланади. Бу уларга бозор тенденциясини аниқлаш ва таҳлил қилиш имконини беради.

photo5244545674672975381.jpg

Шунингдек, фермер хўжаликлари учун маслаҳатлар, савдо ва фойдали маълумотлар тақдим этадиган “Agromart” веб-портали ҳам ўзининг янги функциялари ва имкониятларини намойиш этди.

– Бугунги кунда сайтимизда мингдан зиёд фермер, деҳқон хўжаликлари вакиллари ва томорқа ер эгалари рўйхатдан ўтган, – деди мазкур веб-портал менежери Алия Норқулова. – Биз саккизта йўналиш, жумладан, сабзавотчилик, полизчилик, экспорт ва логистика, ветеринария, балиқчилик бўйича бепул маслаҳат хизматлари кўрсатамиз. Фойдаланувчиларимиз мутахассисларимиздан малакали тавсиялар олиш имконига эга. Порталимизда савдо майдончаси ҳам мавжуд бўлиб, унда рўйхатдан ўтган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиси ўз маҳсулотини савдога қўйиши ва харидор топиши мумкин. Айни пайтда бу ерда 500 турдаги маҳсулот сотилмоқда.

Конференция якунида тадбиркорлар учун учрашувлар ташкил этилди.