Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 14 минг 787 нафарга етди
2020 йил 16 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 14787 (+206) нафарни ташкил этмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг 53 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида, 101 нафари Тошкент шаҳрида тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида, 35 нафари Сурхондарё вилоятида, 17 нафари Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Айни пайтда юртимизда 8655 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган.
Ҳозирда мамлакатимизда 6060 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 60 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда.
***
Юнусобод туманида яшовчи 55 ёшли Ш.А. (эркак) жорий йилнинг 12 июль куни 2-сон юқумли касалликлар шифохонасидан оғир аҳволда тез тиббий ёрдам машинасида Зангиота туман кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинган. Аҳволи ўта оғирлиги сабабли бемор зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган ҳамда сунъий нафас олиш аппаратига уланган.
Унга “COVID-19” инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган.
Шифохонада беморнинг даволаниши давомида тиббиёт мутахассислари томонидан консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас, сурункали жигар-буйрак ҳамда ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими