Ўзбекистонда биринчи маротаба депутатликка номзодлар захирасини онлайн шакллантириш йўлга қўйилди
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ёки Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлигига номзод кўрсатишнинг янги тизимини жорий этди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ёки Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлигига номзод кўрсатишнинг янги тизимини жорий этди. Эндиликда сиёсий жараёнда номзод сифатида иштирок этмоқчи бўлган фуқаролар онлайн ҳужжат топшириш имконига эга бўлди. “Онлайн номзод”ликка аризалар 26 августдан 15 сентябргача қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига биноан Қонунчилик палатасига сайланиш ҳуқуқига сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар эгадир.
Содир этилган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар, сайлов кунига қадар сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшамаган фуқаролар, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.
Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларга қўйиладиган талабларга биноан сайлов куни йигирма бир ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайланиш ҳуқуқига эга.
Содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар, сайлов кунига қадар сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшамаган фуқаролар ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.
Судьялар, прокуратура органларининг ва ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахслари (бундан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари мустасно) депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериш шарти билан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинади. Онлайн ариза топшириш шартлари билан www.adolat.uz да танишиш мумкин.