Ўзбекистонда апрель ойида 1 минг 282 нафар шахс маъмурий қамоққа олинган
Карантин қоидаларини бузганлик учун жорий йилнинг апрель ойида мамлакатимиз маъмурий судлари томонидан жами 4 минг 123 нафар шахсга нисбатан ишлар кўриб чиқилди.
Карантин қоидаларини бузганлик учун жорий йилнинг апрель ойида мамлакатимиз маъмурий судлари томонидан жами 4 минг 123 нафар шахсга нисбатан ишлар кўриб чиқилди. Шундан 1 минг 282 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
Қолганлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) каби ҳолатларни содир этган.
Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг маълум қилишича, бу каби ишлар бўйича 2 минг 697 нафар шахсга нисбатан 2,5 миллиард сўмга яқин жарима жазоси тайинланган.
Кам аҳамиятли ҳуқуқбузарлик содир этган 92 нафар шахс жавобгарликдан озод этилиб, огоҳлантирилган. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар бўйича 52 нафар шахсга нисбатан иш тугатилган.