English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда адвокатура институтини инқилобий ўзгаришлар кутмоқда
22:54 / 2020-04-15

Бу ўз навбатида мамлакатимизда юқори малакали ва замонавий судьялар корпусини шакллантириш имконини беради.


2020 йил 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мақомини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Қарор лойиҳасида замонавий адвокатура институтини янада такомиллаштириш юзасидан муваффақиятли давлат сиёсатини олиб боришга тўсиқ бўлаётган 15 банддан иборат бўлган муаммо ва камчиликлар тизимли равишда очиб берилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўтган давр мобайнида адвокатура институтини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган 2 та махсус қонун ва 90 га яқин адвокатурани тартибга солишга қаратилган бошқа қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлса-да, адвокатуранинг чинакам мустақил институтционал институт сифатида тўлиқ шаклланган деб айтиш қийин.

Бундан ташқари, бугунги кунда давлат ҳисобидан адвокат тайинлашнинг мавжуд амалиёти илғор хорижий давлатлар ва халқаро стандартларга мос келмаслиги, фуқароларга ҳар қандай шароитда малакали юридик ёрдам олиши ва улар манфаатларини ҳимоя қилишга киришишнинг чекланганлиги ва адвокатлик фаолиятини солиққа тортиш тизимини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.

Энг муҳими, адвокатура фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилиш даражасини замонавий талабларга жавоб бермаётганлиги адвокатларнинг фуқароларга ўз вақтида ва сифатли малакали ёрдам кўрсатиш, адвокатура корпуси фаолияти тўғрисида зарур ва ишончли маълумотларни ўз вақтида олиш, таҳлил этиш имконини бермаяпти.

Шу боис келажакда Ўзбекистонда адвокатлик корпусини самарали шакллантириш ҳамда улар фаолияти тўғрисидаги рақамлаштирилган электрон маълумотлар базасига эга бўлган “Адвокатлик фаолияти” деб номланган ягона рақамлаштирилган электрон платформани ишлаб чиқилиши ва амалиётга самарали жорий этилиши мақсадга мувофиқ.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда адвокатура институти ўз ривожланиш даражасига кўра юридик илм-фан ҳамда замонавий илмий ривожланиш тенденциялари билан ўзаро интеграцияси таъминланмаган.

Хусусан, ушбу ҳолатлар адвокатлар малакасини ошириш тизими Адвокатлар палатасининг ваколати доирасидан четда қолиб кетаётганлиги ва замонавий талабларга жавоб бермаётганлиги, адвокатлик мақомига эга бўлмаган консальтинг соҳа юристларининг фаолияти, малака ошириш, ахлоқий меъёрлар ва касбий масъулият бўйича халқаро стандартларига мос келмаган ҳолда амалга оширилиши билан бевосита боғлиқдир.

Шу боис истиқболда АҚШ, Германия, Франция, Англия, Япония, Корея, Сингапур тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда махсус ихтисослашган муассаса сифатида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузурида Адвокатликка тайёрлаш ва адвокатлар малакасини ошириш марказини ташкил этиш таклиф қилинади.

Юқорида таҳлил этилган адвокатура соҳасидаги шу ва бошқа бир қатор муаммолар айни вақтда мамлакатимизда адвокатура институтини ривожлантиришнинг замонавий талабларга жавоб берадиган янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда.

Сўнгги йилларда юридик адабиётлар ва илмий тадқиқот ишларида адвокатлардан судьялар корпусини шакллантириш ғояси илгари сурилаётган ва қизғин баҳс мунозараларга асос бўлаётган долзарб масалалардан ҳисобланади.

Дарҳақиқат, АҚШ, Германи, Франция, Италия, Англия, Япония ва айрим МДҲ давлатларда катта ҳаётий ва амалий ёки илмий даражага эга бўлган, юқори малакали ҳамда юксак касбий ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган адвокатлардан судьялар корпусини самарали шакллантириш амалиёти йўлга қўйилган.

Шу боис мамлакатимизда адвокатлик касбининг обрўсини ошириш ва суд процессида тортишув тамойилини таъминловчи замонавий ва ҳақиқатдан мустақил бўлган судьялик корпусини шакллантириш мақсадида, 2025 йил 1 январдан судьяликка номзодларга қўйиладиган мажбурий талаблардан бири бўлиб адвокат сифатида икки йилдан кам бўлмаган иш стажининг мавжуд бўлиши белгиланмоқда.

Бу ўз навбатида мамлакатимизда юқори малакали ва замонавий судьялар корпусини шакллантириш имконини беради. Шу боис лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси вакилини мажбурий равишда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзолигига жамоатчилик асосида киритиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Яна бир муҳим масалага эътибор қаратиш зарур. Муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасида 2020 йил 1 сентябрдан адвокатура қонунчилиги соҳасида бир қатор ўзгаришлар кутилмоқда.

Хусусан, адвокат бўлишни истаган шахслар учун адвокатлик тузилмаларида мажбурий уч ойлик стажировка муддати сақланган ҳолда юридик мутахассислик бўйича икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиш тўғрисидаги талаб бекор қилинмоқда.

Бунга асосий сабаб сифатида, мамлакатимизда адвокатлар сонини камлиги натижасида малакали юридик ёрдам олишнинг чекланиши ҳамда энг муҳими, икки йиллик иш стажи ёшлар оқимининг адвокатура сафига кириш имкониятини чеклаётганлиги билан боғлиқдир.

Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, аҳолининг ўрта ҳисобдаги кўрсаткичи битта адвокатга 8651 нафар одам тўғри келишини кўрсатса, ушбу кўрсаткич Исроилда битта адвокатга – 136 та, Италияда – 265 та, Испанияда – 328 та, Буюк Британияда – 386 та, Германияда – 499 та, Туркияда – 794 та, Грузияда – 833 та, Украинада – 1205 та, Францияда – 1020 та, Россияда – 1870 та, Қозоғистонда эса – 3932 та одам тўғри келади.

Бундан ташқари, сўнгги 12 йилдаги адвокатлар сонининг ўзгариш динамикаси аҳоли умумий сонининг кўпайиши билан адвокатлар сонининг камайиши тенденциясидан далолат бермоқда. Масалан, 2008 йилда – 4225 та, 2009 йилда – 2831 та, 2010 йилда – 3071 та, 2011 йилда – 3324 та, 2012 йилда – 3497 та, 2013 йилда – 3398 та, 2014 йилда – 3552 та, 2015 йилда – 3682 та, 2016 йилда – 3872 та, 2017 йилда – 3946 та, 2018 йилда – 3944 та, 2019 йилда – 3919 та адвокат фаолият олиб борганлигини кўрсатади.

Лойиҳада яна бир муҳим масала гендер тенглигини таъминлаш инобатга олинса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Статистик маълумотларга қараганда 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси аъзолари ҳисобланган 3919 нафар адвокатдан атиги 996 нафари ёки 25.5 фоизини аёллар ва 2923 нафари ёки 74.5 фоизини эркаклар ташкил этади. Шу боис лойиҳада адвокатура тизимида гендер тенглигини таъминлаш ҳамда касбий малакага эга бўлган аёл адвокатлар сонини ошириш мақсадида улар учун қўшимча кафолатлар тизими тақдим этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ортиқча қоғозбозлик ва турли бюрократик тўсиқлар ҳар қандай замонавий давлат ва жамият ривожига салбий таъсир этади. Тизимда бундай салбий иллатларни олдини олиш мақсадида адвокат сўровига адвокат ордери нусхасини илова қилиш тўғрисидаги ҳамда сўровда адвокатлик сирини ташкил этувчи маълумотларни киритиш тўғрисидаги талаблар ҳам бекор қилинмоқда. Бундай ҳолатларда фақатгина адвокат томонидан киритиладиган сўровга адвокат гувоҳномасининг маълумотларини киритишнинг ўзи билан кифоя саналади.

Статистикка шуни кўрсатадики, 30 ёшгача бўлган ёш адвокатлар сони, 2009 йил 1 январь ҳолатига кўра 224 тани ташкил этган бўлса, ўша вақтдаги умумий адвокатлар сони– 4225 (аҳоли сони 27,555 млн.)тани ташкил этган, охирги ўн йил ичида эса ушбу кўрсаткич 3 баробардан ортиқ миқдорга камайган.

Бу эса ёш ҳуқуқшуносларни адвокатурага жалб этиш бўйича зарур ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширишни тақозо этади. Кези келганда айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртларидаги таълим бўйича харажатли тўловлар адвокатнинг жами даромадига кирмаслигини назарда тутувчи энг юқори ёш цензини йигирма олти ёшдан ўттиз ёшгача деб ўзгартиш мақсадга мувофиқ. 

Бу эса мамлакатимизда 30 ёшга бўлган адвокатларнинг ўзи, фарзандлари ёки турмуш ўртоғини ёшлар сифатида таълим олиш борасидаги ҳуқуқларини қўшимча кафолатлаш имконини беришга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, қарор лойиҳасида адвокатура институтини янада тубдан ривожлантириш борасидаги ушбу янгиликлар Ўзбекистонда чинакам юқори малакали адвокатура корпусини шакллантиришнинг янги ва замонавий модели вужудга келишига хизмат қилади.

Жамолиддин Абдураҳмонхўжаев,
 Тошкент давлат юридик университети
 доцент вазифасини бажарувчи, юридик
 фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)