Ўзбекистонда 2019 йилда 859 нафар шахс оқланди
6 минг 665 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланган ёки қайта малакаланган.
6 минг 665 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланган ёки қайта малакаланган.
Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш судлар зиммасидаги вазифа бўлиб, бугунги кунда бу тизим том маънода айнан шу мақсадда иш олиб бормоқда.
Судларда оқлов ҳукмлари чиқариш кўпайгани ҳам шундан далолат беради. Зеро, яқин ўтмишда судларда чиқарилган барча ҳукм ва қарорлар қоралашга қаратилган.
2019 йилда судлар 859 нафар шахсни оқлаган ва улар реабилитация қилинган.2016 йилда бор-йўғи 6 киши оқлангани, ундан олдинги йилларда бундай ҳолатлар деярли кузатилмагани фактининг ўзи кўп нарсани англатади.

- Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2019 йилда 36 минг 845 нафар шахсга нисбатан 28 минг 846 иш кўриб чиқилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов. — Мазкур кўрсаткичлар 2018 йилга нисбатан шахслар бўйича 24,2 фоизга, ишлар бўйича эса 24,4 фоизга камайди. Судланган шахслар сони 27 минг 603 нафарни ташкил этиб, шундан 6 минг 957 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 19 минг 278 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди.
Шартли ҳукм қилинган шахслар 1 минг 368 нафарни ташкил этган. Судланган шахсларнинг 24 минг 491 нафари эркаклар, 3 минг 112 нафари аёллар, 10 минг 700 нафари ёшлар (шу жумладан, 497 нафари вояга етмаганлар) ва 873 нафари 60 ёшдан ошган шахслар бўлган. 3 минг 80 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинган. 26 минг 436 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. 8 мингдан зиёдига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилиб, 6 минг 665 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланган ёки қайта малакаланган.
Жамоат ташкилотларининг кафиллиги асосида жазоларни енгиллаштириш амалиётидан ҳам кенг фойдаланилмоқда.Жумладан, 270 нафар шахсга Ёшлар Иттифоқи, 210 нафар аёлга Хотин-қизлар қўмитаси ва 1 минг 373 нафар шахсга маҳалла фуқаролар йиғинларининг кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

2018 йилга нисбатан айрим жиноят турлари, хусусан, транспорт воситасини олиб қочиш, қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик, қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, одам савдоси, мансаб сохтакорлиги, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби жиноятлар учун судланганлик кўрсаткичлари камайган.
Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 7 минг 329 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган.Етказилган 443,9 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 3 минг 187 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 13 минг 890 жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 48,2 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 1 минг 788 нафар шахсга нисбатан 1 минг 486 иш кўриб чиқилган. 1 минг 37 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилинган ва 581 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган. Бу юқори суд инстанцияларида адолатни қарор топтириш бўйича кўрилаётган чоралар натижасидир.