Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон зиёрат туризмини ривожлантириш учун қулай манзил
21:13 / 2018-10-04

“Ўзэкспомарказ”да "Ипак йўлида туризм" Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси давом этмоқда. Жаҳон сайёҳлик соҳасидаги йирик воқеалардан ҳисобланган ушбу кўргазма доирасида турли тақдимотлар, амалий музокаралар ўтказилмоқда. ЎзА мухбирлари ана шу жараёнда фаол иштирок этаётган маҳаллий ва хорижлик меҳмонларнинг фикрлари билан қизиқди.

“Ўзэкспомарказ”да "Ипак йўлида туризм" Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси давом этмоқда. Жаҳон сайёҳлик соҳасидаги йирик воқеалардан ҳисобланган ушбу кўргазма доирасида турли тақдимотлар, амалий музокаралар ўтказилмоқда. ЎзА мухбирлари ана шу жараёнда фаол иштирок этаётган маҳаллий ва хорижлик меҳмонларнинг фикрлари билан қизиқди.

Аҳмад Холид АЛ-ЖИЙРОН, Кувайт давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

– “Ипак йўлида туризм” ярмаркасида мунтазам иштирок этиб келаман. Юртингиздаги тарихий обидалар, табаррук қадамжолар, халқингизнинг ўзлигини намоён этувчи маданий мерос дунё жамоатчилиги ва сайёҳлар эътирофига сазовор. Араб давлатларида юртингизга саёҳат қилишга қизиқувчилар кўп. Мамлакатингизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор хорижликлар учун катта имконият яратмоқда.

Ўзбекистон ва Кувайт инвестициялар, таълим ва илмий тадқиқотлар соҳаларида кўплаб ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Ярмаркада бизнинг бир қатор йирик сайёҳлик агентликларимиз иштирок этаётир.

Сардор СУЛТОН, “Аfsona Land” лойиҳаси вакили:

– Биз ярмаркада Наманган шаҳрида очилиши кутилаётган йирик савдо ва кўнгилочар мажмуа фаолияти билан юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонларни таништирмоқдамиз.

Ҳозирги кунда Наманганда йирик маданият ва истироҳат боғи барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Туркиянинг “DOME+PARTNERS” компанияси лойиҳаси асосида барпо этилаётган мажмуанинг умумий қиймати 12 миллион доллар ва 116 миллиард сўмдан иборат. Мажмуа 110 гектар майдонни эгаллайди. Марказий Осиёдаги энг йирик кўнгилочар ва савдо маркази бўлиши кутилаётган боғда савдо мажмуаси, виллалар, меҳмонхоналар, масжид, истироҳат боғи, йирик сув ҳавзаси ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бўлади. 2019 йилда мажмуа тўлиқ хизмат кўрсата бошлайди.

Суреш КУМАР, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили:

– Ҳиндистонда сайёҳликнинг кўплаб тармоқлари, хусусан, тиббиёт, бизнес, зиёрат туризми кенг ривожланган. Мамлакатингизда туризмнинг такомиллашуви, электрон визанинг йўлга қўйилиши, виза олишдаги енгилликлар самарасида давлатларимиз ўртасида сайёҳлар оқими кўпаймоқда. Яна шуни қайд этиш керакки, халқларимиз муносабатларида янги урфлар намоён бўлмоқда. Ҳозир баъзи ҳинд оилалари Ўзбекистонга келиб тўй маросимларини ўтказмоқда. Ҳиндистонлик сайёҳлар юртингизга автомобиллар орқали ҳам саёҳат қилмоқда. Ўйлайманки, туризм транспортининг ушбу усули кейинчалик юртингизда тадқиқот туризми шаклланишига асос бўла олади.

Нармин Ҳанафи АБДУЛ РАҲИМ, Миср сайёҳликни ривожлантириш кенгаши вакили:

– Жорий йил сентябрь ойида Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг Ўзбекистонга ташрифи давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик янада ривожланишига замин яратди. Ташриф олдидан Миср пойтахти Қоҳирада Ўзбекистон туризм салоҳиятини намойиш этувчи тадбир ташкил қилинди.

Юртингизда туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар сайёҳларга қулайлик яратиш билан бирга, минтақа туризм салоҳиятини такомиллаштиришга ҳисса қўшади. Хусусан, яқин кунларда мамлакатингиздаги "Rixos Tour" туристик компаниясининг "Egyptair" ва "Air Cairо" авиакомпаниялари билан ҳамкорликда икки давлат ўртасида чартер рейсларни йўлга қўйиш лойиҳаси амалга оширилиши давлатларимиз ўртасида туризм салоҳияти янада ривожланишига хизмат қилади.

Биз ярмарка иштирокчиларини Мисрдаги бир қатор сайёҳлик фирмалар фаолияти билан таништиришни кўзлаганмиз. Сентябрь ойида юртингизда ўтказилган “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” халқаро конференциясида ҳам иштирок этган эдик. Бундай йирик тадбирлар мамлакатингиз билан туризм соҳасидаги янги ҳамкорлик қирраларини очишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Жесим ЧЕЛЕБИ, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили:

– Туризм соҳасида Ўзбекистон бренди “Буюк ипак йўли чорраҳаси” ёки Амир Темур пойтахти бўлган Самарқанддаги Регистон тимсолида ўз аксини топар эди. Бугунги кунда бу тушунча анча бойиган. Ўзбекистонда “халқ дипломатияси” ривожланмоқда, халқлар ўртасидаги дўстлик алоқалари янада юксалмоқда. Ушбу кўргазмада юртингиз вакиллари бизга эркин туризмни равнақ топтириш орқали мамлакат тараққиётига ҳисса қўшувчи таклифлар билан чиқишди. Биз уларни ўрганиб, амалиётга татбиқ этамиз.

Тарихдан биламизки, бу юртдан етишган буюк алломалар хизмати билан ислом дини янада юқори поғонага кўтарилган. Самарқанд, Бухоро шаҳарларидаги мадрасаларда диний ва дунёвий фанлардан сабоқ берилгани боис бу ерда таҳсил олиш фахр ҳисобланган. Тошкент, Термиз, Насаф каби шаҳарларда ҳам илм-фан, маърифат, адабиёт, санъат гуркираб ривожлангани ҳақида тарихий маълумотлар гувоҳлик беради.

Яна бир нарса. Ушбу кўргазмада бизга Туркияда таҳсилни давом эттириш бўйича ҳам кўплаб мурожаатлар тушди. Туркиялик ёшлар эса Ўзбекистонда таҳсил олишни исташади. Бу икки мамлакат ёшларининг дунёқараши яқинлигидан далолат.

Ғуломмирзо ШАФИЙ, тадбиркор (Эрон):

– Бугун хорижлик сайёҳлар Ўзбекистоннинг гўзал табиати, тарихий шаҳарлари, зиёратгоҳлари, муқаддас қадамжолари билан танишиш имкониятига эга. Яъни, мамлакатингизга ташриф буюрган меҳмон қайси манзилга бормасин, саёҳлар учун яратилган имконият ва шароитлардан тўла баҳраманд бўла олади.

Мен 14 йилдан буён Ўзбекистон тадбиркорлари билан ишлайман. Марғилонда майин ва чидамли жун ва ипдан эронча гиламлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйганимизга 10 йил бўлди.

Келгусида ўзбекистонлик шериклар билан деҳқончилик, чорвачилик ва балиқчилик бўйича лойиҳаларни амалга ошириб, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятидаман.

Муҳаммад АҲМАД, тадбиркор (Афғонистон):

– Афғонистонда юртингизни бир бор кўриш истагидаги кишилар жуда кўп. Туризм – бу борада катта имконият.

Ўзбекистон зиёрат туризмини ривожлантириш учун қулай манзил ҳисобланади. Бу ерда ислом дини уламоларининг кўплари мангу ором топган. Уларнинг обод қилинган мақбаралари ҳам зиёратгоҳ, ҳам тарбия мактаби сифатида янада қадрли. Теварак-атрофи боғ билан қуршалиб, замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканлари барпо этилаётган муқаддас қадамжолар Ўзбекистонда нафақат сайёҳлик ривожланишига, балки дунёда ислом маданияти тарғиботига хизмат қилади.