Ўзбекистон Жаҳон сайёҳлик ярмаркаси – “World travel market-2019”да иштирок этди
Лондонда ўтган “World travel market-2019” ярмаркасида мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этиб, миллий стенд остида Ўзбекистон брендини кенг тарғиб қилишди.
Лондонда ўтган “World travel market-2019” ярмаркасида мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этиб, миллий стенд остида Ўзбекистон брендини кенг тарғиб қилишди.
“World travel market” ярмаркаси – туризм соҳасидаги энг йирик ва машҳур халқаро кўргазмалардан бири. Унинг доирасида туризм соҳасидаги хизматларнинг деярли барча турлари намойиш этилади. 1980 йилдан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган тадбир Европанинг иккинчи (Берлиндан кейин) йирик сайёҳлик ярмаркаси сифатида қайд этилади. Бу йил халқаро ярмаркада дунёнинг 182 мамлакатидан 50 мингдан ортиқ мутахассислар тўпланди. Ярмаркага ташриф буюрувчилар сони 100 минг кишидан ортиқни ташкил қилди, унинг ишини 2 миг 800 журналист ёритиб борди.
Ўзбекистон 2009 йилдан бошлаб ушбу тадбирда мунтазам қатнашиб келади. Бу галги делегация таркибида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари“ Миллий авиакомпанияси, бир қатор сайёҳлик агентликлари вакиллари кирди. Ўзбекистон экспозициясида намойиш этилган тарихий шаҳарлар ва маданий меросимиз, Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётига бағишланган махсус видеолар кўргазма меҳмонларини ўзига жалб этди.
Мамлакатимиз вакиллари тадбир доирасида туризмни ривожлантириш тенденциялари ва истиқболлари тўғрисида батафсил маълумот олиш, янги йўналишлар, самарали бошқарув усуллари ва ушбу бизнеснинг юқори даражадаги рақобатбардошлигини таъминлаш имкониятлари билан танишиш имконига эга бўлди.
Ўзбекистон делегацияси Буюк Британия сайёҳлик бирлашмалари вакиллари, жумладан, Гуруҳ операторлари ассоциацияси, Миллий сайёҳлик идоралари ва вакиллари ассоциацияси, Европа сайёҳлик агентликлари ва туроператорлари уюшмаси, Буюк Британия сайёҳлик агентликлари уюшмаси, Уюшма вакиллари билан самарали музокаралар ўтказди. Британия ва бошқа хорижий шериклар билан шартномалар имзоланди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси “Қишлоқ жойларда туризмни ривожлантириш учун замонавий технологиялар“ мавзусидаги вазирлар саммитида иштирок этди. Саммитда 50 дан ортиқ туризм вазирлари ва дунёнинг туристик кенгашлари маъмуриятлари раҳбарлари иштирок этди. Иштирокчилар глобал туризм соҳасидаги долзарб муаммолар, соҳани ривожлантириш тенденциялари ва истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Кўргазма давомида америкалик мутахассис Тара Пандея ўзбек миллий рақсларини ижро этди. У ўзбек рақсларига меҳр қўйган ва миллий рақс санъатимизни бутун дунёда намойиш этиш, тарғиб қилиш ишларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Мамлакатимиз делегациясининг ушбу халқаро тадбирга ташрифи Ўзбекистоннинг сайёҳликни ривожлантиришдаги манфаатларини янада илгари суриш ва мамлакатимизга Европа мамлакатлари сайёҳлари оқимини сезиларли равишда ошириш имконини беради.