Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон юксалиш босқичида
16:16 / 2020-09-28

Янги Ўзбекистон шиори остида юртимизда олиб борилаётган очиқ сиёсат туфайли Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи тобора ортаётгани бир қатор халқаро рейтинг кўрсаткичларида ва нуфузли анжуманларда эътироф этилмоқда.


Янги Ўзбекистон шиори остида юртимизда олиб борилаётган очиқ сиёсат туфайли Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи тобора ортаётгани бир қатор халқаро рейтинг кўрсаткичларида ва нуфузли анжуманларда эътироф этилмоқда. 

Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро аҳамиятга эга ташаббуслари билан БМТ доирасидаги ҳамкорликка янгича мазмун-моҳият бағишлаб, икки томонлама алоқаларни жадал мустаҳкамлаб бормоқда.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида дунёда барқарор ва узлуксиз тараққиётни таъминлашга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Ўзбекистон раҳбари халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалаларни тақдим этди. Шунингдек, мамлакатимизни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳам белгилаб берди.

Таъкидлаш жоизки, айниқса, глобал пандемия туфайли дунё мамлакатларида нафақат соғлиқни сақлаш тизимлари, балки иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда инқирозли вазият юзага келган. Шу боис пандемиядан кейинги тикланиш ва барқарор ривожланишда БМТ ва унинг ихтисослашган ташкилотлари билан фаол халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

«Италия-Ўзбекистон» Савдо палатаси президенти Луиджи Ипертининг таъкидлашича, Ўзбекистон сўнгги уч йилда қатор ислоҳотлар босқичидан ўтди ва ҳозирги кунда Президент демократик жараёнлар янгича тус олган янги Ўзбекистон ҳақида гапириши мумкин. Болалар меҳнатининг бекор қилиниши, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенглиги ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, эътиқод эркинлиги ва коррупцияга қарши кураш ҳақида сўзлари алоҳида диққатга сазовордир.

Давлат раҳбари томонидан БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклифи ҳам айни пайтдаги муҳим ташаббуслардан биридир. Мазкур ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши, ўзаро муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига, ўзаро ишонч омилларининг шаклланишига замин яратади.

Пандемия шароитида фуқароларимизнинг соғлигини мустаҳкамлаш, ҳимоялаш мақсадида Президентимиз масъуллигида пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш учун ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимлари кескин кучайтирилди, аҳолига, иқтисодиёт тармоқлари ва бизнесга манзилли кўмак кўрсатиш кенгайтирилди ҳамда шу мақсадда махсус жамғармалар тузилди. Бу албатта, аҳолимизнинг саломатлигини янада мустаҳкамлаш, коронавирус каби салбий иллатлар билан курашишда бевосита хизмат қилади.

Президентимиз сессия йиғилишида, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларга тўхталиб, 2019 йилда бўлиб ўтган давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларда, аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли тобора ошиб бораётганлиги, оммавий ахборот воситаларининг таъсири, кўлами кенгаётганлигига алоҳида тўхталиб ўтди. 

Мазкур сайловларда 800 дан ортиқ халқаро кузатувчиларнинг ташриф этганлиги, «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» шиори остида ташкил этилган сайловларнинг нуфузидан, очиқ ва ошкора тарзда ўтганлигидан бевосита далолат беради. Депутатликка номзодлар ҳам фақатгина сиёсий партиялар томонидан бевосита кўрсатилди, партиялар ўртасидаги ўзаро соғлом рақобат янада фаоллашди.

Охирги йилларда гендер тенглик сиёсати мамлакатимизнинг устувор вазифасига айланди десак, бу ҳам айни ҳақиқатдир. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда, уларнинг иштирокига кенг шарт - шароитлар яратиб берилмоқда. 

Биргина, ўтган йили бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловларда хотин-қизларнинг улуши 150 депутатдан 48 нафарини ташкил этди. Бу кўрсаткич албатта кўп нарсадан далолат беради. Қолаверса, Олий Мажлис Сенатида Хотин - қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича алоҳида қўмита ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига мувофиқ, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. 75-сессиядаги нутқида Давлатимиз раҳбари томонидан, мамлакатимизда диний эркинлик борасида вазият кескин яхшилангани, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш доимий муҳим вазифа эканлиги қайд этилди.

Дарҳақиқат, диний эркинлик бўйича кейинги йилларда амалга оширилган ишлар халқимизга, шунинг баробарида халқаро жамоатчиликка ҳам яхши маълум. Бу ўринда диний масалалар бўйича махсус рўйхатда турган шахсларнинг ушбу рўйхатдан чиқарилгани, кўплаб диний маҳбуслар афв этилгани, янги масжидлар очилаётгани, диний таълим олиш учун имкониятлар кенгаяётгани 2020 йилда АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) Ўзбекистонни «диний эркинлик соҳасида алоҳида хавотирга молик давлатлар» қаторидан олиб ташлаганини таъкидлаб ўтиш лозим.

Президентимиз нутқида таъкидлаганидек, мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этиши ва ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилаётганлигига тўхталиб ўтди. Шунинг асносида 2020 йил ўз мақомига эга бўлган Ўзбекистонда Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. 

Мамлакатимизда ёшларга бўлаётган эътибор, ғамхўрликдан келиб чиққан ҳолда, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббуси илгари сурилди. Бу албатта, дунё ёшларини янада жипслаштириш, муносиб шарт-шароитларда яшаш, таълим олиш, интеллектуал қобилиятларини намойиш этиш каби жиҳатларни ўзида мужассамлаштиради.

Маълумки, халқ вакили сифатида парламентнинг ўрни, нуфузи, ваколатлари йилдан-йилга ортиб бормоқда. Негаки, парламент халқнинг ишончи асосида фаолият олиб юборувчи, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қабул қилган қонунлар асосида ҳимояловчи алоҳида ҳокимият тармоғидир. 2017- 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам Олий Мажлис палаталарининг ролини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. 

Сессияда Президентимиз ташаббуси билан Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилди. Шу орқали, парламентлараро ҳамкорлик масалаларини янада кучайтириш, инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламент ролини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Мухтасар қилиб айтганда, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган барча фикр ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг БМТдек нуфузли ташкилот билан ҳамкорлиги сўнгги йилларда янгича мазмун-моҳият касб этаётганини, қолаверса, янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган очиқ, ошкора ички ва ташқи сиёсат нақадар тўғри эканлигини жаҳон ҳамжамиятига яна бир бор исбот этди.

Мирзаюсуф РУСТАМБАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси
Ҳарбий - техник институти бошлиғи