Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Венгрия бизнес-форуми
16:17 / 2015-04-29

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 29 апрель куни Ўзбекистон ва Венгрия ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 29 апрель куни Ўзбекистон ва Венгрия ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, экспорт-импорт, банк-молия, ёқилғи-энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат саноати, электрон маҳсулотлар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, маркетинг, суғурта, ахборот технологиялари, кичик бизнес ва коммунал соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Иброҳим Эргашев Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Венгрия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги фаол ҳамкорларидандир. Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий муносабатлар савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик, инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ҳамда рағбатлантириш, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик, автомобилда халқаро йўловчи ва юк ташишга оид қатор ҳукуматлараро битимларга асосланади.

Савдо соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий этилган. 2014 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 63 миллион АҚШ долларидан ошди.

Ўзбекистоннинг барқарор ривожланаётган иқтисодиёти, бизнес юритиш учун яратилган кенг имконият ва имтиёзлар, қонун билан кафолатланган преференциялар чет эллик бизнесменларнинг, жумладан, венгриялик ишбилармонларнинг мамлакатимиз билан фаол ҳамкорлик қилишга қизиқишини тобора оширмоқда.

– Ўзбекистон Венгриянинг Марказий Осиёдаги йирик ва муҳим ҳамкори, – деди Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазирининг ўринбосари Ласло Сабо. – Мамлакатингиз иқтисодиёти барқарор суръатлар билан ривожланмоқда. Мазкур бизнес-форум икки томонлама келишувларга эришиш, ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлигимизнинг янги қирраларини кашф этиш, барча соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. 

Форумда венгриялик ишбилармонларга мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилаётган шароитлар, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналаридаги имкониятлар тўғрисида маълумот берилди. Венгриянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва сармоявий муҳити ҳақида сўз юритилди.

Анжуманда Венгриянинг қатор йирик компаниялари иштирок этгани ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши катта эканидан далолатдир. «Envisys Investment», «Aquis IT Services», «Fit-Food», «HND Stahl», «Land Bau», «Logsol», «Umirs Europe», «Maxima Foods» каби компаниялар вакиллари мамлакатимизда ўз фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш ниятида эканини қайд этди.

Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Венгрия ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товар ва хизматларни экспорт қилиш бўйича шартномалар тузилди.