Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 5 октябрь куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 5 октябрь куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва муваффақиятлар тилади.
Томонлар мунтазамлик касб этган олий даражадаги учрашув ва мулоқотлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Жорий йил 17-18 август кунлари Тожикистон Республикаси Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида ўтказилган самарали музокаралар, уларнинг якуни бўйича эришилган келишув ва имзоланган икки томонлама ҳужжатлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27-28 сентябрь кунлари МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун Душанбега амалий ташрифи доирасида ўтказилган учрашув ва музокаралар натижадорлиги қайд этилди.
Бугунги кунда савдо-иқтисодий алоқалар фаол ривожланмоқда. Ўзаро савдо ҳажми ортиб, турли тармоқларда кооперация, транспорт-коммуникация соҳасидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари фаоллашиб, маданий-гуманитар алмашувлар кенгаймоқда.
Томонлар ҳамкорликни ривожлантириш ва эришилган келишувлар ижросини тўлиқ таъминлашда икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида мунтазам амалий мулоқотлар муҳимлигини қайд этди.
Мулоқот сўнггида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган кўп қиррали ўзаро манфаатли муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.