English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва Марказий Осиё иқтисодий салоҳияти ҳинд ишбилармонлари нигоҳида
18:56 / 2020-08-14

«Indorama Corporation Ltd» директорлар кенгаши аъзоси Пракаш Кеджривал ўз компанияси мисолида Ўзбекистонда бизнес юритиш истиқболлари хусусида сўзлаб берди.

Ҳиндистон Саноат конфедерацияси ушбу мамлакат ва Марказий Осиё ҳамкорлигини юксалтириш истиқболлари муҳокамасига бағишланган видеоконференция шаклидаги давра суҳбати ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Онлайн тадбирда мамлакатнинг таниқли сиёсатчилари, турли компаниялар раҳбарлари, ишбилармон доиралар ва дипломатик ваколатхоналар вакиллари, тадқиқотчи олимлар қатнашди. Ўзбекистон томони мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳатов бошчилигидаги делегация билан иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан Ҳиндистон Саноат конфедерациясининг Марказий Осиё бўйича қўмитаси ҳамраиси Ракеш Гаур Ҳиндистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигининг бугунги ҳолатига қисқача тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, томонлар соғлиқни сақлаш, фармацевтика, таълим, меҳмонхона бизнеси, туризм, қурилиш ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантиришда юксак салоҳиятга эга. Р.Гаур фикрича, Ҳиндистоннинг минтақадаги давлатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларини кенгайтиришига транспорт ва логистика, юк ташишдаги катта харажатлар, шунингдек, ҳиндистонлик ишбилармонлар Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий салоҳияти ва имкониятлари тўғрисида етарлича маълумотга эга эмаслиги тўсиқ бўлмоқда. Шу боис томонларнинг савдо-саноат палаталари ва соҳага тегишли идоралари ушбу йўналишдаги ишларни фаоллаштириши зарур.

«Indorama Corporation Ltd» директорлар кенгаши аъзоси Пракаш Кеджривал ўз компанияси мисолида Ўзбекистонда бизнес юритиш истиқболлари хусусида сўзлаб берди. У сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, қулай инвестицион муҳит яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди.

“Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятини бошлагандан буён барча соҳалар эркинлаштирилди, доллар курсини сунъий бошқариш бекор қилинди, муҳим иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, солиқ тизимида изчил ўзгаришлар амалга оширилди, қатор эркин иқтисодий зоналар ташкил этилди, туризм соҳаси фаол ривожлантирилмоқда ва хорижий инвестициялар жалб қилинмоқда. Бугун Ўзбекистон хорижий сармоядорлар учун минтақадаги энг қулай мамлакатдир”, – деб таъкидлади П.Кеджривал.

Глобал тадқиқотлар институти президенти Ашок Сажжанхар Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликка эришгач, Ҳиндистон учун минтақанинг аҳамияти кескин ошганини таъкидлади. Минтақа мамлакатлари билан юқори даражадаги ташрифларнинг жадал алмашинуви шундан далолат бермоқда. Келгусида Евросиё иқтисодий иттифоқи ва Ҳиндистон томонидан эркин савдо зонасини яратиш тўғрисидаги битимнинг имзоланиши Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш учун қўшимча рағбат бўлади.

А.Сажжанхар самарали транспорт-логистика механизмларини шакллантириш, шу жумладан экспортчилар учун жозибадор шарт-шароитларга эга ҳаво транспорти коридорини ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди. Унинг фикрича, Ҳиндистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлигини ривожлантиришда Эроннинг «Чобаҳор» порти ва «Шимол-Жануб» халқаро транспорт коридорининг аҳамияти жуда юқори.

Бундан ташқари, афғон масаласи хавфсизликнинг муҳим масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Марказий ва Жанубий Осиёнинг барқарорлиги бунга бевосита боғлиқдир.

Ҳиндистоннинг G20 ва G7 даги ишончли вакили Суреш Прабху мамлакат ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда ахборот-коммуникация технологиялари муҳим ўрин тутишига эътибор қаратди. “Келажакда Ҳиндистон ва Марказий Осиёни «силикон йўл» боғлаб туради. Бу йўл, Ипак йўлидан фарқли ўлароқ, абадий яшайди”, деди у.

Мамлакатимиз элчиси ўз нутқида тадбир иштирокчиларига Марказий Осиёнинг замонавий тараққиёти, минтақанинг ривожланиш ва Ҳиндистон билан ўзаро муносабатлари истиқболлари, Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлиги, шунингдек, Ўзбекистонда пандемия шароитида иқтисодиётни барқарорлаштириш бўйича кўрилаётган изчил чора-тадбирлар тўғрисида сўзлаб берди.

«Дунё» АА