Ўзбекистон ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлари учрашув ўтказди
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Москвага амалий ташрифи доирасида Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар билан учрашди. Ушбу хабар вазирлик матбуот хизмати томонидан тарқатилган.
Музокара чоғида вазирлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва муносабатларни янада мустаҳкамлаш истиқболини муҳокама қилишди.
Турли даражадаги бўлажак учрашувлар жадвали кўриб чиқилди. Хусусан, тадбирлар кун тартибини ҳар томонлама ва сифатли шакллантириш учун икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида видеоконференция шаклида навбатдаги сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказиш таклифи билдирилди.
Амалий мулоқотни давом эттириш, ҳамкорликнинг янги йўналишлари, жумладан, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш соҳасида биргаликдаги ишларни белгилаб олиш орқали Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш алоҳида аҳамиятга эга экан қайд этилди.
Томонлар савдо-иқтисодий соҳадаги амалий ҳамкорлик, шунингдек, инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишнинг устувор аҳамияти таъкидлашди.
Икки мамлакат ҳукумати томонидан коронавирус пандемияси келтириб чиқарган глобал инқироз оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида фикр алмашилди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.