Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорликда лойиҳа тайёрлади
17:58 / 2019-11-12

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мамлакатдаги доимий вакили Хелена Фрейзер ижтимоий ҳимоя борасидаги қўшма лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги шартномани имзолади.


Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мамлакатдаги доимий вакили Хелена Фрейзер ижтимоий ҳимоя борасидаги қўшма лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги шартномани имзолади.

Қайд этиш керакки, кейинги йилларда Ўзбекистон йиллик ялпи ички маҳсулотининг 6-9 фоизини ижтимоий ҳимоя хизматларига йўналтирмоқда. Шунга қарамасдан тизим самарадорлигига салбий таъсир кўрсатувчи тўсиқлар мавжуд. Масалан, ижтимоий ҳимоя вазифаси бир нечта вазирликлар ва идоралар зиммасида. Бу эса, ҳимояга муҳтож инсонлар ва оилаларни танг вазиятлардан чиқариш учун зарур бўладиган умумий қарашлар ва комплекс ёндашувларни бирлаштиришга халал беради.

Дунё тажрибасини кузатадиган бўлсак, мамлакатда давом этаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар баъзи ижтимоий жиҳатдан заиф аҳоли қатламлари учун қисқа муддатли кучли таъсирни юзага келтириши мумкин. Шу боис бундай инсонларга кучли ижтимоий ҳимоя тизими орқали ёрдам кўрсатиш зарур.

photo5352969224957570111.jpg

Ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун БМТ ҳамда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ қилиш дастурини биргаликда амалга оширишга келишди. Дастурнинг мақсади юқори сифатли ижтимоий ҳимоя хизматини барча инсонлар учун умри давомида кўрсатилишини таъминлашдан иборат.

Дастурда асосий эътибор учта устувор йўналишга қаратилган. Ижтимоий ҳимоя бўйича ягона давлат органини ташкил этиш орқали ижтимоий ҳимоя вазифалари турли вазирликлар ва идоралар ўртасида тарқоқ ҳолда эканлигига чек қўйиб, халқаро стандартларга мос равишда кенг қамровли миллий ижтимоий ҳимоя стратегиясини ишлаб чиқиш. Мазкур жараён ижтимоий ҳимоя тушунчасини хайрияга асосланган ёндашувдан инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашув сифатида англашга ўтказилади. Энг муҳими, ногиронлиги бўлган инсонларга ижтимоий ҳимояни тақдим этишда “нафақалар + хизматлар” интеграллашган ёндашув синов тариқасида амалга оширилади.

Умумий қиймати икки миллион долларга тенг бўлган қўшма дастур БМТ молиялаштирувчи 24 та муваффақиятли лойиҳадан бири бўлиб, уларни танлаш жараёнида 114 таклиф ўрганиб чиқилди.

Кейинги икки йил давомида амалга оширилиши мўлжалланган қўшма дастур Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бош Прокуратура, турли вазирликлар ҳамда фуқаролик жамияти ташкилотлари билан биргаликда амалга оширилиши кўзда тутилган. БМТнинг учта агентлиги – Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)ўз тажрибалари ва салоҳиятлари доирасида ушбу лойиҳанинг амалга оширишга кўмак беради.