Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Туркия: Ғарб билан алоқалар ташқи сиёсатни шарқий уфқларда кенгайишига халақит қилмайди
11:28 / 2020-02-20

Яқин пайтларгача АҚШ, Европа Иттифоқи ва Яқин Шарқдаги давлатлар билан алоқаларга урғу берган Туркия Евроосиё давлатлари билан муносабатларга кенг ўрин ажратмоқда.


Яқин пайтларгача АҚШ, Европа Иттифоқи ва Яқин Шарқдаги давлатлар билан алоқаларга урғу берган Туркия Евроосиё давлатлари билан муносабатларга кенг ўрин ажратмоқда.

photo5366421367471320273.jpg


Президент Эрдўғоннинг кейинги пайтларда Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Эрон каби мамлакатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий муносабатларга ўзгача назар солаётгани фикримизга асос бўла олади.

Жаҳонда кечаётган кескин ва шиддатли сиёсий жараёнлар, хавфсизликка солинаётган таҳдидлар Туркияни ташқи сиёсатда “етти ўлчаб бир кесган” ҳолда мувозанатли сиёсат олиб боришини талаб этмоқда. Зеро, мавжуд воқеалик ҳам Шарқ, ҳам Ғарб билан бирдек муносабатларга эга бўлмаган давлатлар сиёсатда ҳам, савдо иқтисодий соҳаларда ҳам ютқазишини намойиш этаётир.

Халқаро экспертлар эътироф этаётганидек, Евроосиё жаҳоннинг энг йирик ва геосиёсий жиҳатдан ғоят муҳим минтақаси. Евроосиё умумий куч-қудрати ва иқтисодий салоҳияти жиҳатидан ҳатто АҚШни ортда қолдираётгани бу минтақа имкониятларидан далолат беради.

Евроосиёнинг йирик ва кучли давлатларидан бири бўлган Туркия янги шароитда ўз геосиёсий вазиятини яна қайта кўриб чиқа бошлади. 1991 йилдан кейин ўтган давр мобайнида Туркиянинг расмий геосиёсий фаолиятида ҳам, ҳокимият тепасига келган кучларнинг ва ҳокимият учун курашаётган мухолифатнинг баёнотларида ҳам, илмий ва ижтимоий фикр вакилларида ҳам мамлакатнинг келгусидаги геосиёсий фаолиятига ёндашувлар анча ранг-баранг экани кўзга ташланади. Уларнинг баъзилари Туркиянинг Ғарб дунёси билан муносабатларни яхшилаш ва Европага қўшилиш йўлини яна давом эттиришни қатъий туриб талаб қилмоқдалар, бошқа гуруҳлар эса, Туркияга Европа ва Ғарбдан Евроосиё томонга юз ўгириб, Марказий Осиё, Россия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон ва бошқа катта давлатлар билан жаҳоннинг янги кучини барпо этишни, интеграциянинг Европа Иттифоқининг ўрнини босадиган моделини, масалан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини ривожлантиришни таклиф этмоқдалар.

ХХ асрнинг 90-йилларидан то 2000 йилларнинг бошига қадар Туркиянинг, одатда партиявий манфаатларга суянган коалицион ҳукуматларининг ташқи сиёсат тактикаси ва маневрлари ягона ва узоқ муддатли стратегик ташқи сиёсат концепциясига эмас, балки кўпроқ анъанавий, таваккалдан холи фаолият амалиётига асосланган.

Ҳокимият фаолиятидаги ҳамма нарса энг аввало, мамлакатни Европа Иттифоқига аъзо бўлишига қаратилган эди. Сиёсий доираларнинг аксарияти Туркия эртами-кечми бу тузилмага аъзо бўлади, дея қатъий ишонч билдирар, айни чоғда “Адриатикадан Хитойгача Туркиядир” шиори остидаги даъводан альтернатив сифатида фойдаланар эди.

КЕЙИНГИ ЎН ЙИЛ

Бироқ кейинги ўн йил ичида Туркия давлати жумладан, ташқи сиёсатида муайян геосиёсий ўзгаришлар кузатилмоқда. Хусусан, АКП (Адолат ва Тараққиёт партияси) ҳокимият тепасига келганидан кейин Туркия жаҳон ва минтақада олдингидан бироз фарқли анча мустақил геосиёсий йўлни ўтказишга ҳаракат қилмоқда.

Ўз миллий манфаатларини таъминлашга, чет давлатлар, халқаро геосиёсий “актёрлар” билан ўзаро муносабатларини, ўзининг у ёки бу сиёсий мақсадларини аввалги йилларда бўлгани каби “НАТО ва АҚШнинг интизомли ва итоаткор ҳамкори” сифатида эмас, балки янги сифатда – “мустақил дунё давлати” мақомида амалга оширишга интилмоқда.

Асосида “жаҳон ва минтақа мамлакатлари билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги, аксинча, иложи борича кўпроқ интеграциялашиш”, “Туркиянинг Европа Иттифоқига эҳтиёжи – унинг Туркияга бўлган эҳтиёжидан катта эмас”, “Қаерда бир турк бор бўлса, у ерда Туркиянинг миллий манфаатлари бордир”, “Туркиянинг НАТО ва АҚШ билан бирга умумий манфаатлари бўлгани каби, бошқа мамлакатлар билан ҳам умумий манфаатлари бордир”, “Туркия жаҳон мусулмон халқлари ва давлатларининг ҳимоячисидир” сингари стратегик ёндашувлар турган бу геосиёсий йўлнинг муайян натижалари кўзга ташлана бошлади.

Агар бу янги йўл тўғри ва изчил амалга оширилса, у ҳолда Туркияни АҚШни истисно этганда, жаҳоннинг 10 буюк давлати (Англия, Франция, Германия, Япония, Россия, Хитой) қаторига олиб чиқиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, Евроосиёда жойлашган Туркиянинг жаҳон муаммоларини ечишдаги иштироки ошиб бормоқда. У дунёда, хусусан, Ўрта Ер денгизи соҳилларида, Ливия ва Сурияда ўз манфаатларига эга.

Туркия Республикаси Президенти матбуот котиби Иброҳим Калин таъкидлаганидек, «Ғарб билан яқин алоқалар мамлакат ташқи сиёсатини шарқий уфқларда кенгайишига халақит» қилмайди.

У “Daily Sabah” нашрига берган интервьюсида Туркия сўнгги 16 йил ичида биринчи марта Ғарб билан ташқи сиёсий алоқалардаги илиқлигини йўқотмай, бошқа минтақадаги ҳамкорлар билан ҳам муносабатларни мустаҳкамлаш ҳақида ўйлаётганини баён қилган эди.

«Бизнинг НАТО доирасидаги муносабатларимиз дунёнинг исталган бошқа бурчагида жойлашган давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашимизга таъсир қилмайди. Айнан мана шу мантиқ Туркиянинг Африка, Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Лотин Америкасида фаоллашиб қолганини тўғри изоҳлашга имконият беради».

ТУРКИЯ ВАЎЗБЕКИСТОН АЛОҚАЛАРИНИНГ АҲАМИЯТИ

Туркия Республикаси Ўзбекистон ташқи сиёсатида алоҳида аҳамиятга эга бўлган, кучли ташқи сиёсат олиб бориш салоҳиятига эга, ҳар томонлама диверсификациялаштирилган иқтисодиёти ҳамда замонавий қуролли кучларига эга бўлган мамлакат ҳисобланади.

Буни қуйидаги бир қатор омиллар билан изоҳлаш мумкин. Биринчидан, Туркия дунёдаги 200 дан ортиқ мамлакатлар ичида Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ва шу тариқа унинг дунё харитасида янги давлат сифатида эътироф этилиши жараёнини бошлаб берган.

Иккинчидан, ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Ҳар икки халқ ҳам туркий тилда сўзлашувчи бўлиб, уларнинг маданияти, дини ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқин. Қолаверса, Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади.

Туркия турли соҳаларда, ўрнак бўлса арзигулик даражада ривожланган мамлакат. У ўзининг иқтисодий қудратига кўра, дунёда кучли 20 талик гуруҳига кирган давлатлардан биридир.

Бундан атиги ярим аср олдин анча қолоқ аграр мамлакат ҳисобланган Туркия ҳозирги кунга келиб, тобора индустриаллашиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мамлакат иқтисодиётида саноатнинг улуши 28 фоизни, қишлоқ хўжалиги 15, қурилиш 6, хизматлар 51 фоизни ташкил этади. Саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмида қайта ишлаш саноати энг катта улушга эга.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳам саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ўзларининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Тўқимачилик, кончилик, озиқ-овқат, кимё, фармацевтика соҳалари, энергетика, металлургия, кемасозлик, автомобилсозлик ва электр маиший товарлар ишлаб чиқариш тараққий этган. Айниқса, туризм динамик тарзда ривожланаётган тармоқ ҳисобланади.

Туркиянинг мазкур жабҳалардаги ибратли ютуқларини ўрганиш, ҳозирда Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларда ушбу мамлакатнинг илғор тажрибасидан фойданиш ва турк тадбиркорлари ҳамда компанияларининг сармояларини Ўзбекистонда амалга оширилаётган турли, икки томонга ҳам фойдали бўлган қўшма лойиҳаларга жалб қилиш мамлакатимизнинг миллий манфаатларига тўлиқ мос тушади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Туркиянинг минтақамиздаги ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади. Юртимиз бугунги кунда Анқаранинг Марказий Осиёдаги энг асосий шерикларидан бири ҳисобланади. Диёримизнинг улкан бозори, тобора либераллашиб бораётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити, тарихий шаҳарлари, муқаддас диний қадамжолари Туркияда катта қизиқиш уйғотмоқда. Демак, ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор бўлиб, бу эса ўзаро муносабатларнинг истиқболи порлоқ эканидан далолатдир.

Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ҳам юксалишлар, ҳам пасайишлар даврига дуч келамиз. Ҳатто тарихда юртимизга сармоялар олиб кирган турк тадбиркорлари ва ишбилармонларига тазйиқлар ўтказилди, бадарға қилинди.

Мамлакатимизда очиқлик сиёсати бошланган кезларда турк ишбилармонлари аввалига бозоримизга кириб келишга ҳадик билан қарай бошлади. Таъбир жоиз бўлса, Туркия Президенти Ражеп Тоййиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга 2018 йил амалга оширган ташрифи чоғида Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг туркларга йўллаган даъвати орадаги “ишончсизлик пардалари”ни йиртиб ташлади.

“Биз Туркия Республикасига улкан сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий салоҳиятга эга бўлган, халқаро майдонда обрў-эътибори тобора ортиб бораётган йирик давлат сифатида қараймиз. Ота юртингиз – Ўзбекистоннинг эшиклари сизлар каби яқин қардошларимиз учун доимо очиқ”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Стратегик шериклик олий кенгаши тузилиши маълум қилинди. Анқарадаги олий даражада бўлиб ўтган саммитда ана шу кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилди.

«Мен бош вазир ўринбосари Холмуродовга ва бош вазирнинг бошқа ўринбосарларига, вазирларга Ўзбекистонда ўз бизнесини ривожлантириш истагини билдирган туркиялик барча тадбиркорларни тўлиқ қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳар томонлама ривожланишига кўмак бериш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқларни берганман», деди Ш.Мирзиёев 2018 йил 30 апрель куни Тошкентда ўтган Ўзбекистон – Туркия бизнес форумида.

«Бу турганларнинг ҳаммаси сизларга хизмат кўрсатади, имкон ва шароит яратади. Ана шундагина бизда натижа бўлади. Яна бир марта такрорлайман, Туркия ишбилармонларига нисбатан қилинган хиёнатни давлат сиёсатига хиёнат ўлароқ, деб баҳолайман», деди Мирзиёев.

ТУРКИЯ ЎЗБЕКИСТОНГА КАТТА ҚИЗИҚИШ БИЛАН ҚАРАЯПТИ

Дарҳақиқат, Туркия томони Ўзбекистонга катта қизиқиш билан қараяпти. Бунга сабаб бўладиган омиллар етарли. Биринчидан, Ўзбекистон бой табиий ва минерал хом-ашё ресурсларига эга бўлган давлатдир. Энди Ўзбекистоннинг хом-ашё ресурсларидан биргаликда ҳамкор бўлиб фойдаланиш вақти келди.

Иккинчидан, мамлакатимиз раҳбари томонидан Туркия ва бошқа қатор давлатлар фуқаролари ҳамда тадбиркорлари учун кириш визаларини бекор қилиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилинди. Бу қарор туркиялик ҳамкорлар билан инвестиция, савдо-сотиқ ҳамда туризм соҳаларидаги алоқаларимизни янада фаоллаштиришига кўмак бермоқда.

Учинчидан, Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижий сармояларни рағбатлантириш ва тўлиқ ҳимоя қилиш мақсадида зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бизнес ривожига ғов бўлиб турган кўплаб тўсиқлар олиб ташланди. Туркиялик ишбилармонларнинг мамлакатимизда самарали фаолият юритиши учун ўртада мавжуд бўлган баъзи бир тушунмовчилик ва ишончсизлик кайфиятига барҳам бериш мақсадида олий даражада кўплаб учрашувлар ўтказилди.

Тўртинчидан, Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш бўйича энг қулай шароит яратиш учун қатъий ва изчил қадамлар қўйилмоқда. Жумладан, хорижий инвесторлар даромадларини қайтариб олиб чиқиш учун ҳуқуқий асослар яратилди.

Минтақанинг юраги ва маркази эса Ўзбекистондир. Шу туфайли Туркиянинг туркий давлатлар оламига, хусусан, Марказий Осиёга эътиборни кучайтириши бежиз эмас.

Туркиянинг бу ерда энг аввало Ўзбекистон билан муносабатларда янги саҳифа очиши нафақат икки томонлама муносабатлар, балки минтақавий ва глобал баланс нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир. Минтақа тинчлиги ва барқарорлиги ҳам кўп жиҳатдан Ўзбекистон хавфсизлиги ва фаровонлигига боғлиқлигини ёддан чиқармаслик керак.

Қадим тамаддунларга мезбонлик қилган ва Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган Ўзбекистон минтақада юз бераётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги туб ўзгаришларда ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Олис ўтмиши ва давлатчилик анъаналари, Марказий Осиё нуфусининг тахминан ярмига тенг келувчи 34 миллиондан ортиқ аҳолиси, Осиёнинг юрагидаги геостратегик мавқеи, бой табиий захиралари ва баракали тупроғи билан Ўзбекистон минтақанинг энг муҳим давлати саналади.

Ушбу мустаҳкам пойдевор узра истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб олиб борилган мустақил, қатъий, конструктив ва тинчликпарвар сиёсат Ўзбекистоннинг халқаро миқёсидаги мавқеининг ошишига, дунёда ўзининг мустаҳкам ўрнини топишига пухта замин яратди.

Ёдга оладиган бўлсак, икки давлат муносабатларининг ривожланишидаги илк давр ўтган асрнинг 90-йилларига тўғри келади. 1991 йил 16-19 декабрь кунлари Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигидаги давлат делегацияси мамлакатимиз мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган мамлакат – Туркияга ташриф буюрганди. Туркия Президенти Турғут Ўзол, Бош вазир Сулаймон Демирэл каби раҳбарлар ва ишбилармонлар билан амалий учрашувлар, суҳбатлар бўлиб ўтган. Ҳамкорликни янада чуқурлаштиришда Туркия давлати раҳбарлари Турғут Ўзол, Тансу Чиллер, Месут Йилмазларнинг Ўзбекистонга расмий ташрифлари чоғида имзоланган ҳужжатлар катта аҳамиятга эга бўлган.