Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон темир йўллари муаммонинг уяси бўлиб қолмаяптими?
14:28 / 2019-10-17

Анвар Дўстмуҳаммедов: – Хизмат сафари билан Cурхондарё вилоятига бордим.


Анвар Дўстмуҳаммедов: – Хизмат сафари билан Cурхондарё вилоятига бордим. Сафарим бироз чўзилгани учун, шаҳарга қайтишда билетни пластик картага олдим.

Аммо режалар ўзгариб, Тошкентга икки кундан кейин қайтишимга тўғри келди. Вокзалга бориб, чиптамни ўзгартирмоқчи бўлсам, пластик картага олганим учун йигирма бир кун ичида пулингизни тушириб берамиз дейишди. Ёнимда ортиқча пул йўқ эди. “Жарима пули”ни нақд тенг ярмини чипта пулидан “қайириб” қолиб, қолган яримини пластик картамга ташлаб беришларини айтди. Қанча ҳаракат қилмай, барибир яна чипта олишимга тўғри келди.

Пластик картага пулни қайта тушириш учун йигирма бир кун вақт кетадими?! Технологиялар ривожланган асрда бунга ўн дақиқа ҳам кўплик қилади аслида.

Бу Ўзбекистон Темир йўлларидаги ягона муаммо эмас. Бу муаммоларнинг бир парчаси. Бундай ноқулайлик бизга биринчидан ўз пулимизга эгалик ҳиссини йўқотмайдими? Ахир ҳар доим ёнимизда қўшимча пул бўлавермайди-ку?!

Масалан, таътилга қайтган талабалар шундай вазиятда нима қила олади?! Стипендиясига чипта сотиб олса-ю аммо ўқишидан бирор вазият чиқиб қолса, қишлоқдаги ота-онасини безовта қилишга тўғри келадими?

Ўша пластик картадаги пул ўзимизни аслида. Бу учун албатта ўша ўн кунни кутишимиз шарт эмас. Мана сизга жавоби аниқ бўлган саволлар ортидаги биргина муаммо!

БИЗНЕС КЛАССНИНГ НАРХИ ҚАНЧА?

Ёз кунлари Андижонга тўйга бордим. Вагонга киришим билан нафасим қайтди. Ҳали вақт борлиги учун юкларимни ичкарига қўйдим-да, ташқарида турдим. Вагон хизматчисидан: 

– Бошқа тоза жой йўқми? Нега кондиционер ишламаяптими? – дея сўрадим.

– Йўқ ишламаяпти, хоҳласангиз, сизни “бизнес класс”га ўтказиб қўяман.

Харажатини кўтарсангиз бўлди, – деди.

– Харажати қанча бўлади.

– 30 минг. 

Ўйлайманки, бундай ҳолат фақат мен билан юз бермаган. 

Битта чипта олиш учун икки соатдан ортиқ вақтим кетган эди. Электрон навбат ҳам жўяли ишламаганди. Бундай вазиятда хорижлик сайёҳларнинг ҳам у кассадан, бу кассага югуриб юрганларига ҳам гувоҳ бўлдим.

Бу эса Ўзбекистон туризмига баҳо бериш учун меҳмонларимизнинг дастлабки фикри бўлиши ачинарли эмасми? 

Агар чиптангизни қайтиб бермоқчи бўлсангиз, йигирма тўрт соат ичида (поезд жўнаш вақтига) ўтиб кетса борми, чипта пулининг ярмидан камроғи ҳам қўлингизга тегса, хурсанд бўлинг.

Нақд пулга чипта олмаганимиз учун жазо сифатида Темир йўл кассасидаги ходиманинг юзингизга табассум билан боқиб, “Пулингизни ўн кун ичида пластик картангизга ташлаб берамиз“, деган жавобини оласиз.

Ўзбекистон Темир йўлларининг расмий веб-сайтида онлайн қабулхонага юборган мурожаатингиз ҳам “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида кўрсатилганидек ариза ва шикоятлар ўн беш кун ичида эмас, ундан ҳам кўп вақт сайтда кўринмас “қалпоқ”дек архивда ётади.

Бу муаммолар неча замондан бери бор, айтилади-айтилади, аммо ечилмайди, деб ўйларсиз. Шошманг, буюк ислоҳотлар ҳар доим кичик тузатишлардан бошланган. Ўзбекистон Темир йўллари хусусида айтилмаган ёки айта олинмаган муаммолар ҳали кўплигини таъкидламай иложимиз йўқ.

Асосийси улар муаммолигича қолмаса эди. Ахир истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш барчамизнинг зиммамиздаги катта масъулият. Халқнинг пулини ноҳақ ишлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси етакчи мутахассиси