Ўзбекистон тарихи жаҳон олимлари наздида
2019 йил 21 ноябрь куни Темурийлар тарихи давлат музейида Фанлар академияси Тарих институти нашрлари тақдимотига бағишланган илмий анжуман бўлиб ўтди.
2019 йил 21 ноябрь куни Темурийлар тарихи давлат музейида Фанлар академияси Тарих институти нашрлари тақдимотига бағишланган илмий анжуман бўлиб ўтди.
Президентимиз таъкидлаганидек: “Ўз тарихини чуқур билган халқ ғурурли, қудратли, бадавлат бўлади”. Демак, ўз Ватани, туғилиб ўсган замин тарихини ўрганиш ва билиш – ўзликни англаш демакдир
Бугун ўзбек олимлари юрт тарихига оид янги натижаларни аввало халқимиз, қолаверса, жаҳон илмий жамоатчилиги эътиборига ҳавола қилмоқда. Европа ва АҚШ илмий марказларида Ўзбекистон тарихига қизиқиш катта. Фанлар академияси Тарих институти ва Австрия Эроншунослик институти ҳамкорлигида яратилган “Марказий Осиё ўрта асрлар ва янги даврда: жамият, маданият ва тарих” асари айнан мана шу қизиқиш меваларидан биридир. Китоб Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихи билан шуғулланувчи турли илмий мактабларга мансуб олимларни бир муаммо майдонида бирлаштирган илк халқаро тадқиқотдир. Китобнинг муаллифлар жамоаси дунёнинг турли илмий марказларида фаолият кўрсатаётган А.Халид, М.Камп (АҚШ), Ф.Шварц, П.Сартори (Австрия), К.Пужол, В.Фурнё (Франция), Ю.Паул (Германия), М.Абусеитова (Қозоғистон), Ш.Мустафаев (Озарбайжон), Т.Котюкова, С.Абашин (Россия), Л.Додхудоева (Тожикистон), шунингдек, бир қатор ўзбекистонлик олимлар – жами 32 кишидан таркиб топган.
Маълум маънода бу китобни дунё олимларининг ушбу мавзудаги ўзаро сўзлашуви сифатида баҳолаш мумкин. Айни пайтда у яхлит бир тадқиқот мазмунини ҳам касб этади. Бир қарашда асардан жой олган мақолалар мавзуси кенг қамровли, бироқ асосий мазмун Ўзбекистон тарихининг турли даврлари ва масалаларини мантиқий кетма-кетликда тақдим қилинишида гавдаланади.
Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгандан сўнг тарих фанида рўй берган туб ўзгаришлар ҳам мақолада таҳлил этилган. Унда тарихий тадқиқотларни ташкил этишда халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистон тарих фанининг жаҳон тарих фанига уйғунлашувининг зарурлиги таъкидланади. Яна бир қатор муаллифлар тарих фани ривожининг ҳозирги босқичида тарихчи масъулияти ҳақидаги янги назарий мушоҳадаларни ҳам китобхон эътиборига ҳавола қилади. Баъзи туркум мақолаларда туркий халқлар маданияти, санъати ва ҳунармандчилиги, шаҳар ва шаҳарсозлик анъаналари тарихи ёритилган. Китобдан ўрин олган мақолалар нафақат мутахассислар, балки кенг китобхонлар оммасида ҳам катта қизиқиш уйғотади.
Археологик ва антропологик ашёлар асосида қадимги цивилизациялар тарихи ёритилган. Аёллар мақоми ва ҳуқуқлари, Бухоро шашмақоми каби мақолалар шулар жумласидан. Амир Темур ва темурийлар даври сиёсий жараёнлари, Мирзо Улуғбекнинг Эрон, Туркия ва Ҳиндистон астрономия фанидаги ўрнига доир янги хулосалар тақдим қилинган мақолалар алоҳида эътиборга сазовордир.
Яна бир қатор мақолаларда дунё архивларида сақланаётган, ҳали илмий истеъмолга кирмаган ҳужжатлар асосида баъзи шахслар ва мавзулар тарихининг янгича талқини келтирилади.
Америкалик олима М.Камп Марказий Осиёда хотин-қизлар ҳаракати тарихининг ёритилишини таҳлил қилиш асносида Ўзбекистон тарих фанида гендер муаммоларини ўрганишдаги академик тадқиқотчилик йўналишини юқори баҳолайди.
Хорижлик олимларнинг мақолалари Марказий Осиё ва Ўзбекистон тарихини ўрганишдаги ўзига хос ёндашув ва услубчилиги мисоли сифатида эътиборни жалб қилиб, тадқиқотчилик жараёнини ташкил қилишда тажриба алмашув майдони бўлиб хизмат қилади.
Ўрта асрлардан ҳозирга қадар бўлган давр тарихининг турли масалаларини қамраб олган бу янги китоб Ўзбекистонни жаҳон илм-фан майдонида муносиб ўрин эгаллашга бўлган интилишининг ифодаси деб баҳоланса муболаға бўлмайди.