Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси навбатдаги онлайн семинар машғулотларини ўтказди
Бу сафарги семинар Фарғона водийси ёш таэквондочилари, мураббийлар, мутахассислар ҳамда терма жамоа аъзолари учун ташкил этилди.
Бу сафарги семинар Фарғона водийси ёш таэквондочилари, мураббийлар, мутахассислар ҳамда терма жамоа аъзолари учун ташкил этилди.
Вебинар аввалида ёз мавсуми, пандемия ҳолати вақтида спортчиларнинг овқатланиш тартиб қоидалари ва витаминларга бой бўлган маҳсулотларни қай тарзда тановул қилиш каби кўплаб масалалар юзасидан тиббиёт фанлари доктори, профессор ва диетолог Гули Шайхова ўзининг маслаҳатларини берди. Психология фанлари номзоди, психотерапевт Зебунисо Ахмедова эса спортчиларнинг руҳий ҳолати, ўзини тутиш ва бу шароитда тушкунликка тушмасдан фақат мақсад сари интилиш каби фазилатларни шакллантириш кераклиги ҳақида гапириб ўтди.
Шундан сўнг маҳорат дарсини терма жамоада фаолият олиб бораётган кореялик мураббий Ким Жинг Юнг олиб борди. Мураббийлар эса онлайн йиғилиш давомида спортчиларни мусобақаларга тайёрлаш, замонавий техник ва тактик усуллар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Ўз навбатида мутахассислар ёшларга бўш вақтларида спортдан ташқари хорижий тилларни ўрганиш, бадиий китоб ўқишнинг спортчи учун қанчалик фойдали эканлиги ҳақидаги маслаҳатларни ҳам бериб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, вилоятлардаги ўсмирлар ва ёшлар орасидан иқтидорлиларни саралаб олиш мақсадида онлайн семинар ҳамда имтиҳон ўтказиш лойиҳаси илк бор айнан таэквондо ассоциацияси ташаббуси билан ташкил қилиниб, мазкур вебинар ҳақида кўплаб ижобий фикрлар билдирилган эди. Эндиликда мазкур лойиҳа қолган спорт турларида Республикамизнинг барча ҳудудлари миқёсида режа асосида ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта ҳам худди шундай семинар бўлган эди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилояти кесимида иқтидорли ўсмирлар аниқлаб олинди. Ушбу онлайн семинар ўзининг ижобий натижасини бермоқда.