Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Россия ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги мажлиси
21:54 / 2019-10-01

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши аъзолари иштирок этди.


Тошкентда 1 октябрь куни Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенконинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон – Россия ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги мажлиси ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши аъзолари иштирок этди.

Мажлисда Ўзбекистон билан Россия ўртасида божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича “яшил йўлак” тизими йўлга қўйилгани, бу ўз навбатида, юртимизда етиштирилаётган ҳўл ва қуритилган мева-сабзовот ҳамда ишлаб чиқарилаётган товарларни Россиянинг турли ҳудудларига етказиш муддатини қисқартиришга, жўнатилаётган маҳсулот ҳажмини оширишга имкон бергани алоҳида таъкидланди. Натижада Россия тадбиркорларининг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда ишлашга қизиқиши ортаётир.

photo_2019-10-01_21-59-00.jpg

Ўзаро фойдали ҳамкорликнинг янги қирралари ҳақида сўз бораркан, бундай имкониятлар кўп жиҳатдан Ўзбекистонда бизнес юритиш шароити жиддий ўзгаргани туфайли юзага келаётгани қайд этилди. Масалан, кўплаб маҳсулотлар бўйича Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар учун акциз солиғи пасайтирилди, бир қатор позициялар бўйича бундай солиқ бутунлай бекор қилинди. Бундан ташқари, миллий валюта конвертацияси жорий этилди, экспортчилар томонидан валютада кўрилган фойдани мажбурий сотиш бекор қилинди.

Мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналар ташкил этилмоқда, Россияга етказиб бериладиган мева-сабзавот маҳсулотларини божхона ва фитосанитария назоратидан ўтказиш соддалаштирилиши ҳам ишбилармонлик муҳити яхшиланишига сабаб бўляпти. Олиб борилаётган чора-тадбирлар самарасида Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти ўсиб бормоқда.

Кун тартибидаги яна бир масала – Ўзбекистон билан Россия ўртасида ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ҳам икки мамлакат ишбилармон доиралари диққат марказида бўлди. Ўзбекистонлик ва Россия тадбиркорларининг икки давлат ҳудудларига ташрифлари ўзаро фойдали бир қатор лойиҳаларни ишга тушириш имконини берди.

photo_2019-10-01_21-59-39.jpg

Мажлисда тадбиркорларга амалий кўмак бериш мақсадида ишбилармонлар кенгашлари йўналишида ҳамкорликни янада ривожлантириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ўзаро ҳамкорлик жараёнида аниқ масалаларни ҳал этишдан ташқари кенгашлар келишилган мажбуриятлар бажарилишини назорат қилади ва таъминлайди. Бу икки мамлакат манфаатларига тўлиқ жавоб беради.

Мажлисда Ўзбекистон – Россия ишбилармонлар кенгашининг ўтган йилги фаолияти якунлари кўриб чиқилди, галдаги вазифалар, ташқи савдо ҳамда икки мамлакат корхона, ташкилотлари, тармоқлараро ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари муҳокама этилди.

Музокаралар якунида томонлар транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳамда Ўзбекистон Республикасидан етказиб берилаётган маҳсулотни Россия Федерацияси томонидан қабул қилиниши, божхона ҳужжатлари расмийлаштирилиши ва мамлакат ҳудудига киритилишини тезлаштириш, натижада Ўзбекистондан экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмини ошириш имконини берувчи Чора-тадбирлар режаси имзоланди.

photo_2019-10-01_22-03-02.jpg

photo_2019-10-01_22-03-14.jpg